Иймон заифлашуви
Бу материал ... таржима қилинган
Категориялар
Манба
Full Description
- Иймон заифлашуви
- Муаллиф муқаддимаси
- Заиф иймоннинг кўринишлари
- Ҳаромга қўл уриш
- Дилнинг қотиши
- Ибодатларни мукаммал адо этмаслик
- Тоат-ибодатдаги танбаллик
- Феъли торлик
- Қуръони Карим оятларидан таъсирланмаслик
- Аллоҳ таъоло зикридан, Унга дуо-илтижо
- қилишдан ғафлатда бўлиш
- Ҳаромни кўрганда ғазабланмаслик
- Шуҳратпарастлик
- Зиқналик ва бахиллик
- Ўзи қилмайдиган ишга бошқани тарғиб қилиш
- Биродарларига етадиган омадсизлик, зиён-заҳмат ёки мусибатлардан хурсанд бўлиш
- Макруҳ саналган амалларга эътиборсизлик
- Мусулмонлар муаммоларига бепарво бўлиш
- Биродарлар бирдамлигининг йўқолиши
- Ўз дини олдидаги масъулиятни ҳис этмаслик
- Мусибатга сабр қилолмаслик
- Қалбни қотирувчи тортишувлар
- Дунёга муҳаббат
- Аллоҳ ва расули сўзидан оддий инсон сўзини муқаддам қўймоқ
- Роҳат-фароғатга ортиқ даражада эътибор бериш
- Иймоний муҳитдан узоқлашиш
- Солиҳ пешволардан узоқлашиш
- Шаръий илм ва диний китоблардан узоқлашиш
- Маъсият давраларида қатнашиш
- Дунёга қул бўлиш
- Мол-дунё ва оила ташвишларидан ортмаслик
- Орзу-ҳавасга берилиш
- Мубоҳ ишларда ҳаддан ошиш
- Қуръони Карим маъноларини
- тадаббур қилмоқ
- Шаръий илмлар талаби
- Зикр халқаларида кўп иштирок этиш
- Солиҳ амалнинг барча турларини
- Солиҳ амалларга шошилиш
- Солиҳ амалларда бардавом бўлиш
- Тиришқоқлик билан ҳаракат қилиш
- Нафсни малоллантириб қўймаслик
- кетган амаллар ўрнини тўлдириш
- Ибодатларнинг хилма-хиллиги
- Ёмон оқибатдан қўрқмоқ
- Ўлимни кўп эслаш
- Охират ҳолатларини эслаш
- Аллоҳни доим ёдда тутиш
- Аллоҳга хокисор бўлиб тавба-тазарру қилиш
- Орзу ҳавасга берилмаслик
- Дунёнинг ҳақирлиги тўғрисида фикр юритиш
- Аллоҳнинг ҳақларини улуғлаш
- Тавозели бўлиш
- Ўзни ҳисоб-китоб қилиш
- Cўнгсўз
Иймон заифлашуви
Белгилари. Сабаблари. Муолажалари
Муаллиф муқаддимаси
الحمد لله الذي خلق السماوات و الأرض و ما فيهن، و الصلاة و السلام على المبعوث محمد و على آله و أصحابه و من تبعهم بإحسان إلى يوم الدين أما بعد:
Иймон заифлиги мусулмонлар орасида кенг тарқалиб бормоқда. Кўпчилик дили қотиб кетаётганлигидан шикоят қилиб айтмоқдалар: «Қалбим қаттиқлашиб, Аллоҳни зикр этиб юришдан малолланаётганимни сезяпман», «қилаётган ибодатларимдан лаззат топа олмаяпман», «иймонимнинг таъсирини йўқотяпман», «Қуръон ўқиш билан таъсирланмаяпман», «гуноҳ ишларга осонлик билан тушиб қоляпман»...
Қалб мавзуси жуда муҳим мавзудир. Қалб тез ўзгарувчанлиги туфайли «қалб» деб номланган. Ҳадисларда:
«Қалбнинг мисоли дарахт учига осиб қўйилган ва шамол эсиб уни ҳар тарафга айлантириб турадиган бир пар (қуш пати) кабидир». Имом Аҳмад ривояти
«Қалбнинг мисоли яланг ерда шамол остин-устин қилиб тебратиб турадиган пар кабидир». Ибн Можа ривояти
«Кишининг қалби қозонда қайнаётган сувнинг тез айланишидан ҳам ўзгарувчанроқдир». Имом Аҳмад ривояти
Қалбларни ўзгартирувчи ва истаган тарафга буриб қўювчи Аллоҳ таъолодир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам фарзандлари қалбларининг бари Раҳмон азза ва жалланинг икки бармоғи ўртасида худди бир дона қалб мисолидир. Уни хоҳлаган тарафга буриб қўюр. Эй қалбларни хоҳлаган тарафга буриб қўювчи Зот, қалбларимизни Ўзингга тоат-ибодат қилиш тарафига бургин!». Муслим ривояти
«Аллоҳ таъоло киши билан унинг қалби ўртасини тўсиб қўюр». Анфол:24
Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурига покиза қалб билан келган кишиларгина нажот топадилар, диллари тош қотган кимсалар азобга дучор бўладилар, жаннат эса Аллоҳдан ғоибона қўрққан ва тавба-тазарруъ қилган кишиларга ваъда қилинган. Шунинг учун мусулмонлар ўз дилларини синчиклаб текширишлари, дард беркинган жойни, касаллик сабабларини ўрганишлари ва Аллоҳга касал қалб билан рўбарў бўлиб ҳалок бўлмасларидан аввал даволашга киришишлари лозимдир.
Қалб масаласи шунчалик муҳим ва жиддий экан, Аллоҳ таъолодан қалбларимизни тошдек қаттиқ, қулоқларимизни ҳақни эшитишдан кар, кўзларимизни эса уни идрок этишдан кўр қилиб қўймаслигини сўрамоғимиз лозим.
Ушбу рисолада иймонни заифлаштирувчи турли касалликлар ҳақида сўз юритилади ҳамда уларнинг келиб чиқиши сабаблари ва даволаш йўллари тўғрисида фойдали кўрсатмалар берилади.
Аллоҳ таъолодан каминани ва бу китобни ўқиган ҳар бир биродаримни бу арзимас амалимдан манфаатдор қилишини ҳамда ушбу китобни тайёрлаб сиз азизларга тақдим этишда ўзининг хизматини аямаган биродарларим мукофотини тўкис қилиб беришини сўрайман.
Аллоҳ таъоло қалбларимизни ўзининг зикрига юмшоқ қилиб, тўғри йўлга ҳидоят қилсин. Бизга Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи кифоядир ва У нақадар яхши ёрдамчи. Куч-қувват фақат Улуғ Аллоҳ тарафидандир.
Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжид
Иймон таърифи
Иймон - тил билан талаффуз этиш, қалбда эътиқод қилиш ва дин арконларига амал қилишдир. У Аллоҳга тоат-ибодатлар қилиш билан кўпаяди, ҳамда Унга осийлик қилиш билан камаяди.
Ҳумайдий айтади: «Мен Суфён ибн Уяйнани шундай деганини эшитдим:
— Иймон - сўз ва амалдир, кўпайиши ҳам, камайиши ҳам мумкин.
Шунда ундан укаси Иброҳим ибн Уяйна:
— Эй Абу Муҳаммад, «иймон камаяди» дедингизми?- деб сўради.
— Жим бўл эй бола! Ҳа, албатта! Иймон камаяди, камайиб бориб охири ундан ҳеч нарса қолмаслиги ҳам мумкин,- деб жавоб қилди Суфён ибн Уяйна».
Имом Собуний айтади:
«Тоат-ибодатлари камайиб, гуноҳ-маъсиятлари кўпайган ғофил инсонга қараганда тоат-ибодатлари ва ҳасанотлари кўп бўлган мўъминнинг иймони комилроқ бўлади».
«Шубҳасиз, иймон ҳар бирингиз қалбида худди кийим эскиргани каби эскиради. Аллоҳдан қалбларингизда иймонни янгилаб туришини сўранглар».
Ҳоким ва Табароний ривоят қилган.
Заиф иймоннинг кўринишлари
Иймон заифлашуви касаллигининг бир қанча турлари мавжуд. Қуйида уларнинг баъзиларини санаб ўтамиз.
Ҳаромга қўл уриш
Гуноҳларига тавба қилмайдиган ва маъсиятлардан тийилмайдиган кимсанинг қалби аста-секин тош қотиб, гуноҳ-маъсиятлардан нафратланмайдиган бўлиб қолади. Бундай инсон бориб-бориб ҳаром ишлардан уялиш ўрнига, бу билан мақтаниб, фахрланишга ўтади. Ҳолбуки ҳадисда бу ҳақда қаттиқ гап айтилган:
«Умматимнинг ҳаммаси афв қилингандир, фақат гуноҳларини ошкор қилувчилар бундан мустаснодирлар. Гуноҳни ошкор қилиш турларидан бири шуки, киши кечаси бир гуноҳ қилади-да, ҳеч ким билмасдан тонг отгач: «Эй фалончи, кеча мен шундай шундай қилдим»,- деб мақтанади. Ҳолбуки Парвардигори унинг гуноҳини яширган эди, у эса тонг отгач Аллоҳнинг пардасини йиртиб, қилмишини овоза қилади». Имом Бухорий ривояти
Дилнинг қотиши
Бу ҳолатда инсон ҳеч нарса билан таъсирланмайдиган метин тошга айланиб қолганини сезади.
«Сўнгра шундай мўъжизаларни кўргандан кейин ҳам дилларингиз қотди. Бас у диллар тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир». Бақара: 74
Дили қотган инсонга на ўлим эслатмаси, на ўликларни кўриш ва на жанозаларда қатнашиш таъсир қилади. Баъзан бу кимсанинг қабрлар орасидан тобут кўтариб бориши ҳам унинг бошқа ерда юришидан фарқ қилмайди.
Ибодатларни мукаммал адо этмаслик
Бу ҳолатга намоз ўқиётганда, Қуръон тиловат қилаётганда, дуо қилаётганда ҳамда бошқа ибодат ўринларида паришонхотир бўлиш киради.
Баъзилар агар муайян пайтда айни бир дуони ўқишга одатланган бўлса, вақт ўтган сари қилаётган дуоси маънолари ҳақида фикр юритмайдиган бўлиб, қалби ҳам ҳаракатланмай қолади. Ҳолбуки ҳадисда келади:
«Эътиборсиз, ғафлатда бўлган қалбнинг дуосини ижобат қилмайди». Термизий ривояти
Тоат-ибодатдаги танбаллик
Бундай инсоннинг тоат-ибодатлари қуруқ жонсиз ҳаракатларга айланиб қолади. Қуръони Каримда мунофиқлар шундай сифатланади:
«Агар намозга турсалар эриниб турадилар». Нисо: 142
Ибодат вақтларини, яхши амаллар қилиб олиш учун берилган фурсатларни ғанимат билмай, лоқайдлик билан ўтказиб юбориш ҳам ушбу дангасаликка киради. Бу ҳолат инсоннинг ажр-савобга эътиборсиз эканлигини кўрсатади. Масалан у ҳаж қилишни сабабсиз кечиктириб юради, ғазотдан қолади, жамоат билан намоз ўқишдан, бориб-бориб жумъа намозидан қола бошлайди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилганлар: «Одамлар аввалги сафларга кечикишда давом этаверсалар (яъни аввалги сафларга шошилишга интилмасалар), охир оқибат Аллоҳ таъоло ҳам уларни жаннатга киришларини кечиктиради». Абу Довуд ривояти
Бундай киши фарз намозидан ухлаб қолса заррача руҳан қийналмайди, суннат намозини вақтида ўқиёлмай қолса унинг қазосини ўқишга ёки ўрнини бошқа ибодат билан тўлдириб қўйишга эътибор қилмайди. Суннат ёки фарзи кифоя бўлган ибодатларни қасддан тарк қилаверади, баъзан эса ҳайит намозига ҳам чиқмайди, қуёш ёки ой тутилган пайтда ўқиладиган намозни ўқимайди, жаноза намози ва кўмиш маросимида иштирок этишга бепарво бўлади. У қуйидаги оятда сифатланган кишиларнинг акси ўлароқ худди унга ажрнинг кераги йўқдек:
«Дарҳақиқат улар яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар». Анбиё: 90
Ибодатдаги дангасалик кўринишларидандир суннат намозларни, таҳажжуд ва бошқа нафл намозларни тарк қилиш. Зуҳо намозини хаёлига ҳам келтирмайди. Парвардигорга шукурлар қилиб намоз ўқиш, масжидларга муҳаббат қўйиш улар учун бегона.
Феъли торлик
Бундай инсонлар арзимас нарсаларга ҳам тезда аччиқланади ва доим атрофидагилар ишини ёқтирмай сиқилиб юради. Ҳолбуки ҳадисларда келишича:
«Иймон сабр қилиш ҳамда бағрикенгликдир».
«Мўъмин одам дилкаш бўлади, бировга қўшила олмайдиган, биров ҳам уни ўзига қўшгиси келмайдиган инсонда яхшилик йўқ». Имом Аҳмад ривояти
Қуръони Карим оятларидан таъсирланмаслик
Баъзилар Қуръони Каримни тиловат қиладилар, аммо жаннат ва ундаги неъматлар зикри келган ўринларда завқланмайди ва аксинча жаҳаннам ва ундаги азоб-уқубатлар зикри ўтганда дилида заррача қўрқинч пайдо бўлмайди. На ҳалол-ҳаром тўғрисидаги оятлардан, на ундаги буйруқ ва қайтариқлардан ва на Қиёмат сифатлари ҳақидаги оятлардан таъсирланади.
Иймони заифлашиб қолган одам Қуръон эшитишдан оғринади ва унинг нафси Қуръон тиловатига сабр қила олмайдиган бўлиб қолади. Қўлига Қуръон олди дегунча, уни ёпиб қўйгиси келаверади.
Аллоҳ таъоло зикридан, Унга дуо-илтижо
қилишдан ғафлатда бўлиш
Бундай инсонга Аллоҳни зикр қилиш оғир бўлиб қолади, қўлини дуо учун кўтарса ҳам тезда тушириб олади. Аллоҳ таъоло мунофиқларни сифатлаб шундай дейди:
«Улар Аллоҳни жуда оз эслайдилар». Нисо: 142
Ҳаромни кўрганда ғазабланмаслик
Бунинг сабаби қалбдаги жонкуярлик ўти сўниб, аъзолари ҳаромни инкор қилишдан тўхтаганлигидир. Натижада унинг қалби яхшиликка буюрмайди, мункар ишдан қайтармайди ва унинг юзи Аллоҳ учун бирон марта бурушмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Фитналар қалбларга бўйра қамишлари каби бирин-кетин келаверади. Бирон фитна қайси бир қалбга кириб ўрнашиб олса, бу қалбда битта қора доғ пайдо бўлади... Бориб-бориб бу қалб тўнкарилган қумғон каби қоп-қора бўлиб қолади-да, на бир маъруфни тан олади ва бир мункарни инкор этади. Фақат ҳавои-нафсига ўрнашиб қолган нарсанигина тан олади». Имом Муслим ривояти
Пировардида унинг қалбидан маъруф ишларни яхши кўриш, мункар ишларни ёмон кўриш туйғуси йўқолиб, ҳамма ишлар унинг наздида бир хил бўлиб қолади. Мункар ишни кўрса-да, қалби ҳаракатланмайди, ундан норози бўлмайди. Натижада у мункар ишда бевосита ўзи иштирок этмаганига қарамасдан, худди иштирок этган кишидек гуноҳкор бўлади. Пайғамбаримиз бу ҳақда шундай дейдилар: «Агар бирор ерда гуноҳ иш қилинса, ўша ерда мавжуд бўла туриб, уни ёмон кўрган ва инкор қилган кимса ўша маъсият пайтида у ерда бўлмаган киши каби (гуноҳдан ҳоли)дир. Кимки у ерда ўзи мавжуд бўлмаса-да, ўша маъсиятга рози бўлса, у ерда бўлган киши каби (гуноҳкор) бўлади». Абу Довуд ривояти
Шуҳратпарастлик
Унинг бир неча тури бор:
а) Раҳбарлик ва ҳокимликка интилиш, масъулиятни ҳис қилмаслик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу сифатдан огоҳлантириб, айтганларки:
«Сизлар раҳбарликка қизиқасизлар, лекин у Қиёмат кунида фақат надомат келтиради. Унинг аввали яхши, охири ёмондир». Имом Бухорий ривояти. Аввалининг яхшилиги, мол-дунёси кўп, обрў-эътибори зўр бўлади. Охирининг ёмонлиги, Қиёмат кунида эса оғир ҳисоб-китоб.
«Агар истасангизлар, сизларга бошлиқлик ҳақида хабар бераман. Унинг аввали маломат, ўртаси надомат, охири эса Қиёмат кунида азоб бўлади, адолат билан ҳукм қилганлар бундан мустасно». Табароний ривояти
Изоҳ: Бошлиқ бўлишнинг аввали яхшилиги шундаки, у дунё ҳаётида обрў-эътибор, мол-дунё келтиради. Охири ёмон бўлиши эса унинг жонига суиқасд қилиниши ёки ишдан четлатилиши ва қилмишлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин, Қиёмат кунида бошлиқ ва раҳбар кишилар қаттиқ ҳисоб-китоб қилинадилар ва ҳисобдан тўғри ўтиш камдан-кам одамга насиб этади.
Аммо бирон масъулиятли иш учун бошқа афзалроқ ва лаёқатлироқ инсон топилмаса, худди Юсуф алайҳиссалом каби, ўз хизматини таклиф қилиш, айни иш учун бор кучини сарфлаш, холис ва адолатли иш юритиш мансабпарастлик саналмайди. Аксинча, масъулиятни ҳис қилиб иш юритадиган бундай инсонга: «Боракаллоҳ, яшанг, Аллоҳ таъоло Ўзи сизга мададкор бўлсин!»- деймиз.
Лекин кўпинча, мансабга қизиққан инсонлар ўзларини бошқалардан устун қўйишга, ҳақдорлар ҳуқуқларини поймол қилишга, тиш-тирноғи билан ҳокимиятга ёпишиб олишга мойил бўлишларига гувоҳ бўламиз.
б) Давраларни бошқаришга қизиқиш, мажлислар тўрисини ўзига бўлишига интилиш ва бировга гап бермаслик, ҳаммадан гапини тинглашни талаб қилиш ҳамда ўзгаларга буйруқ беришни яхши кўриш. Мажлисларнинг тўриси Минбар ва меҳроблардирки, улар ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни огоҳлантириб шундай деганлар: «Одамлар қизиқадиган мана бу жойлар - меҳроблардан эҳтиёт бўлинглар». Байҳақий ривояти, Саҳиҳул Жомеъ 1420.
в) Агар бирор жамоатга кирадиган бўлса, ўзининг касал нафсидаги кибру-ҳавосини қондириш учун одамлар унга пешвоз чиқишлари ва қуллук қилиб ўринларидан туришларини яхши кўриш.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳнинг бандалари ўринларидан туриб унга қуллуқ қилишларидан мамнун бўладиган инсон ўзига дўзахдан бир уй тайёрлаб олсин!». Имом Бухорий Адаб ал-Муфрадда ривояти қилди.
Шунинг учун ҳам Муовия розияллоҳу анҳу Ибн Зубайр ва Ибн Омирларнинг олдига чиққанида, Ибн Омир ўрнидан турди, Ибн Зубайр эса жойида ўтираверди. Шунда Муовия Ибн Омирга деди:
«Ўтир, чунки мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Кимда-ким, одамлар унга қуллуқ қилиб ўринларидан туришларини яхши кўрса, дўзахдан жойини ҳозирласин!»,- деб айтаётганларини эшитганман. Абу Довуд ривояти
Агар бундай кишига суннатга мувофиқ ўнг тарафдан ўтирилсин деб айтилса, уни дарров ғазаб чулғаб олади. Бирор йиғинга кириб қолса ҳам, кимдир туриб унга ўрнини бўшатиб бермагунча рози бўлмай тураверади. Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтарганлар. «Ҳеч ким бировни ўрнидан турғазиб, сўнгра ўзи унинг ўрнига ўтирмасин». Бухорий ривояти
Зиқналик ва бахиллик
Аллоҳ таъоло ансорларни мақтаб: «Гарчи ўзлари муҳтож бўлсалар-да, (ўзларини қўйиб) ўзгаларни ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир». (Ҳадид: 9)- деди ва нафсларининг бахиллигидан сақлана олганларни ҳақиқий нажот топувчилар эканлигини баён қилди.
Шубҳасиз, иймон заифлашуви бахилликни келтириб чиқаради. Насоийнинг ривоятида: «Бахиллик ва иймон бир банданинг қалбида асло жамланмас».- деган эдилар росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Бахиллик ва зиқналикнинг хатари ва уларнинг инсонларга бўладиган салбий таъсирлари ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Зиқналикдан сақланинглар! Зеро шу иллат сизлардан аввал ўтган қавмларни ҳалок этган. Зиқналик уларни бахилликка ундаса бахил бўлишган, қариндош-уруғлар ўртасида алоқани узишга буюрганда бундан ҳам тап тортишмаган, фожирликка буюрса фисқу-фужурга берилишган». Абу Довуд ривояти
Иймони сусайиб, заифлашиб кетган инсон Аллоҳ йўлида бирор нарсани эҳсон қила олмайди. Нафл садақа бериш, ночор мўъминлар оғирини енгил қилиш каби амаллар унинг учун маҳол нарса. Бу ҳақда Аллоҳнинг сўзидан гўзалроқ сўз бўлиши мумкин эмас:
«Мана сизлар шундай кишиларсизки, Аллоҳ йўлида инфоқ-эхсон қилишга даъват этилурсизлар. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда (бу даъватга ижобат қилиш ўрнига) бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, фақат ўз зиёнига бахиллик қилур (чунки у ажру-савобдан маҳрум бўлур). Аллоҳ (сизларнинг хайр-эҳсонларингиздан) бой - беҳожат, сизлар эса (у зотнинг ўзига ҳам, ажру-савобига ҳам) муҳтожсизлар. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) юз ўгириб кетсангизлар, у зот (ўрнингизга) сизлардан бошқа қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар! (Балки, улар Аллоҳга тоат-ибодат қилурлар)». Муҳаммад: 38
Ўзи қилмайдиган ишга бошқани тарғиб қилиш
«Эй мўъминлар! Нега ўзларингиз қилмайдиган ишларни (қиламиз деб) айтурсизлар? Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир». (Соф: 2,3)
Шубҳасиз бу мунофиқлик белгиларидандир. Кимнинг сўзи амалига тўғри келмаса, Аллоҳ таъоло олдида мазамматли, одамлар наздида эса бебурд бўлиб қолади. Дўзах аҳли ҳам бу дунёда бошқаларни яхшиликка чақириб, ўзи уни қилмайдиган ҳамда ёмонликдан қайтариб, ўзи уни қилаверадиган кимсалар ҳоли не кечишини Қиёмат куни билиб оладилар.
Биродарларига етадиган омадсизлик, зиён-заҳмат ёки мусибатлардан хурсанд бўлиш
Бундай кимса биродаридаги неъматнинг қўлдан чиқишидан хурсанд бўлади. Чунки у бошқаларнинг ўзидан ажралиб туришини ёқтирмайди. Қайси биродари ундан бирон соҳада афзал бўлса, ўша соҳада биродарига тенглашиш ҳақида бош қотириш ўрнига, аксинча унинг ҳам савияси ўзининг даражасига тушишини, балки ундан ҳам пастроқ бўлиб қолишини истайди.
Макруҳ саналган амалларга эътиборсизлик
Баъзи одамлар бирор ишни қилмоқчи бўлсалар уни яхши ёки савобли амал эканига қизиқмай, балки унинг ҳаром ё ҳаром эмаслиги тарафидангина келадилар. Ҳолбуки бу кишини ҳаром ишларга тушиб қолишга олиб боради. Чунки бундай кимса «ҳаром» бўлмаса бўлди-да деган эътибор билан макруҳ ёки шубҳали ишлардан тийилмай қолади.
«Кимки шубҳали ишларга ўралашиб қолса, ҳаромга тушиб қолади. Бамисоли қўриқхона яқинида пода боқаётган кишининг подаси ўша қўриқхонага ўтиб кетиши мумкин бўлганидек». Бухорий ва Муслим ривояти
Баъзилар бундан-да ўтиб, бирон иш ҳақида фатво сўраганида "ҳаром" деган жавобни олса, унинг қай даражада ҳаромлиги "жуда қаттиқми ёки енгилроқми?", "уни қилса қанчалик гуноҳ бўлади?" деб сўраб-суриштиришдан ҳам уялмайди. Бу каби инсонлар мункар-ёмон ишлардан четлашиш ўрнига ҳаромлиги енгилроқ бўлган ишларни қилишдан тап тортмайди. Кичкина гуноҳларни енгил санашдан бориб-бориб Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга журъат қилиш ҳамда гуноҳ ишлардан тўсиб турадиган ҳаё ва тақвонинг йўқолиши келиб чиқади. Зеро, саҳиҳ ҳадисда келадики:
- Мен умматимдан баъзи кишиларни аниқ биламанки, Қиёмат кунида Тихома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таъоло уларнинг амалларини совурилган чанг каби қилиб қўяди.
Шунда Савбон розияллоҳу анҳу сўради:
— «Ё Расулуллоҳ, бизга уларни сифатлаб, очиқ баён қилиб берингки, билмайин ўшалардан бўлиб қолмайлик!
— Улар сизларнинг биродарларингиз, сизларга ўхшаган одамлардир. Тунлари ибодат қилишдан улар ҳам худди сиз каби насибадор бўладилар. Лекин улар шундай одамларки, агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар билан ҳоли қолсалар, тап тортмай қилаверадилар». Ибн Можа ривояти.
Сиз бундай кимсаларнинг ҳеч иккиланмай ҳаром ишларга тушиб қолаётганини кўрасиз. Албатта улар ҳаромга аралашиб қолган чоғи ҳижолат чекиб, руҳан қийналадиган кимсалардан кўра ёмонроқ. Бироқ иккаласи ҳам хатарда. Бу одамлар иймонлари заифлиги туфайли гуноҳларни енгил деб санайдилар, ўз қилмишларини ҳатто «мункар» деб ҳам ўйламайдилар. Ҳолбуки, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу мўъмин билан мунофиқнинг ўз гуноҳларига қай муносабатда бўлиши тўғрисида шундай дейдилар: «Мўъмин одам гуноҳларини қулай-қулай деб турган улкан бир тоғдек, ўзини эса шу тоғ остида уни босиб қолишидан қўрқиб ўтирган кишидек тасаввур қилади. Фожир эса гуноҳларини бурни устига қўнган ва «бундай қилса» (яъни қўли билан уни ҳайдаса) яна учиб кетадиган пашшадек кўради». Бухорий ривояти.
Яхшиликни менсимаслик ва
кичкина савоб ишларга бепарво бўлиш
Абу Журай Хужаймий розияллоҳу анҳу сўради: «Ё Расулуллоҳ биз саҳро аҳлиданмиз, бизга шундай нарсани ўргатингки, Аллоҳ бизни у билан фойдалантирсин!
— Яхшиликдан бирор нарсани ҳам ҳақир санамагин, ҳатто сув сўраган одамнинг идишига челагингдан сув қуйиб беришинг ҳам, биродаринг билан гаплашсанг унга очиқ чеҳра билан туришинг ҳам (яхшиликдир)...». Аҳмад ривояти.
Яъни сиз қудуқдан сув тортиб турган бўлсангиз ва биродарингиз сув олиш учун келса, сиз пақирингиздаги сувни биродарингизникига қуйиб берсангиз, бу ишингиз гарчи сизга кичкина кўринса ҳам, уни менсимаслик нотўғри. Шунингдек биродарингизни очиқ юз билан қарши олиш ҳам, одамларга озор берадиган нарсаларни улар йўлидан олиб ташлаш ҳам яхшиликдир. Эҳтимол шу арзимас яхшиликлар гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлиб қолар. Зеро меҳрибон Парвардигор бандаларининг шундай арзимас амалларини ҳам эътиборга олади, шу туфайли уларнинг гуноҳларини кечиради.
«Бир киши кетаётиб йўл устида ётган дарахт шохига кўзи тушди ва ўзига: «Аллоҳга қасамки, мусулмонларга озор бермаслиги учун шуни йўлдан олиб ташлайин!»- деди. Аллоҳ таъоло уни шу иши туфайли жаннатга киргизди». Муслим ривояти.
Яхши амалларни писанд қилмайдиган нафсда ёмонлик ва носозлик бўлади. Кичкина яхшиликни менсимасликнинг жазоси росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари далолат қилган улкан фазлдан маҳрум бўлишдир.
«Кимки мусулмонлар йўлидан уларга озор берадиган нарсани олиб ташласа, унинг учун бир яхшилик ёзилади. Кимнинг яхшилиги қабул қилинса жаннатга киради». Имом Бухорий "Адаб ал-Муфрад"да ривоят қилганлар.
«Муъоз розияллоҳу анҳу бир киши билан кетаётиб йўлда ётган бир тошни кўтарди. Шунда ёнидаги киши:
— Нима қилмоқчисиз?- деб сўради.
— Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Кимки йўлдаги тошни четга олиб қўйса, унга бир яхшилик ёзилади. Кимники яхшилиги бўлса, жаннатга киради», деганларини эшитганман,- деб жавоб берди Муъоз розияллоҳу анҳу». Табароний ривояти, Албоний "Ас-Саҳийҳа" 5/387.
Мусулмонлар муаммоларига бепарво бўлиш
Мусулмонларнинг ҳолига ачинмаслик, уларни қийнаётган муаммоларга беэътибор бўлиш, уларга на ёрдам, на садақа ва на дуо билан шерик бўлмаслик.
Афсуски, кўп биродарларимиз бугун дунёнинг турли чеккаларида мушрику ғайридинлар томонидан чексиз зулм кўраётган диндош биродарлари ҳолига ачинмайдилар. Уларни ҳеч ким безовта қилмаса кифоя. Биродарлари қийналиб жон берсалар ҳам майли. Фақат ўзларининг тинчлари бузилмаса бўлди. Мўъмин одам бунинг акси бўлади.
«Мўъминнинг иймон аҳлига нисбатан мисоли бошнинг жасадда тутган ўрни кабидир. Бамисоли жасад бошдаги оғриқ туфайли қийналганидек, мўъмин киши иймон аҳли алами билан аламланади». Имом Аҳмад ривояти.
Биродарлар бирдамлигининг йўқолиши
«Икки киши Аллоҳ йўлида бир-бирини дўст тутган бўлса, битталаридан бир гуноҳ ўтиб қолиши уларнинг ораларини ажратиб юборади». Имом Бухорий "Адаб ал-Муфрад"да ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадисда маъсият касофати гоҳида биродарлик ришталарини ҳам узиб юбориши мумкинлигига ишора бор. Гуноҳкор инсон атрофидаги мўъмин биродарларининг ўзидан аста секин узоқлашиб бораётганини сезади. Албатта бундан ажабланмаса ҳам бўлаверади. Дўстларининг унга бундай муносабатда бўлишига сабаб унинг иймони гуноҳ ишлар натижасида сусайиб кетганлигидир. Аллоҳ таъоло гуноҳкорни бандалар назаридан тушириб юборади. Натижада бу кимсанинг ҳоли хароблашиб, ҳатто дўстлари орасида ҳам ўз қадрини йўқотади. Мўъмин дўстлари унга юмшоқлик, меҳрибонлик қилмай қўядилар. Аллоҳ таъоло ҳам уни инсонлардан мудофаа қилмайди. Чунки Аллоҳ таъоло фақат мўъмин бандаларини мудофаа қилур.
Ўз дини олдидаги масъулиятни ҳис этмаслик
Бундай ғофил кимса ташқаридан тақводор кўрингани билан, аслида дини учун заррача ҳаракат қилмайди. Ҳолбуки саҳобаи киромлар исломни қабул қилишлари биланоқ Ислом даъвати олдидаги масъулиятларини англаб етганлар ва дарҳол Аллоҳ калимаси олий бўлиши йўлида ҳаракатларини бошлаб юборганлар. Масалан Туфайл ибн Амр розияллоҳу анҳуни олиб кўрайлик. У киши исломга кириши билан ўз қавмини Аллоҳ йўлига даъват қилишга аҳд қилди. Улуғ саҳобий елкасидаги масъулиятни чуқур англагани боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан изн олиб, дарҳол қавмини Исломга даъват қилмоқ учун ўз юртига қайтди.
Бугун кўпчилик мусулмонлар динга амал қила бошлари билан то Аллоҳ йўлига даъват қилиш босқичига етиб боргунларича узоқ муддат туриб қолмоқдалар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари исломга кириш тақозо этадиган, кофирларни душман тутиш, улардан безор бўлиш каби ишларга исломга киришлари билан дарҳол амал қилганлар. Масалан Ямома аҳлининг раиси Сумома бин Асол розияллоҳу анҳу мусулмонлар қўлига асир тушиб, олиб келиниб, уни масжид устунларидан бирига боғланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Исломга даъват этдилар. Аллоҳ таъоло Сумоманинг қалбига Ислом нурини ташлади. У мусулмон бўлди, сўнгра Маккага умра қилиш учун йўл олди. Маккага етиб боргач Қурайш кофирларига қарата: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича сизларга Ямомадан бир дона ҳам буғдой етиб келмайди!»- деб айтди. "Фатҳул Борий 8/87"
Сумома розияллоҳу анҳунинг кофирлардан алоқани узиб, бундан буён унинг ўлкасидан мушрикларга ҳеч қандай озиқ-овқат ўтмаслигини эълон қилиши унинг исломга кириши биланоқ бошланди. Шу билан у ўзида мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, кофирларни иқтисодий исканжага олиш билан ислом ривожи учун салмоқли ҳисса қўшди. Саҳобийнинг кучли иймони ундан шундай қилишни талаб қилган эди.
Мусибатга сабр қилолмаслик
Баъзи мусулмонлар бошига бало-қийинчиликлар тушиб, вазият сал оғирлашадиган бўлса, чидай олмайдилар. Улар назарида барча нажот йўллари ёпилган кўриниб, вужудларини ғам-ғусса эгаллаб олади. Бундай инсон қаттиқ қўрқувга тушиб ўзини йўқотгани боис иймони заифлашади ва атрофида рўй бераётган воқеаларга тўғри баҳо бера олмай қолади. Чунки унинг қалбида сабот ва иймон заифлашади ва оламга собит ва соғлом қалб билан қарай олмайди. Агар унинг иймони бақувват бўлганда эди, оғир мусибатларни ҳам матонат билан қарши олган ва ўзини ҳеч қандай вазиятда йўқотмаган бўларди.
Қалбни қотирувчи тортишувлар
«Қайси бир қавм ҳидоят топганидан кейин яна залолатга кетса, албатта уларга тортишув берилади». Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти.
Ҳеч қандай далилга асосланмаган, бефойда тортишувлар тўғри йўлдан узоқлашишга олиб боради. Ҳозирда қанчадан-қанча мусулмонлар ноҳақ ва ноўрин тортишувлар билан вақтларини ўтказмоқдалар. Улар ҳеч нарса билмасалар ҳам тортишаверадилар. Ваҳоланки улар мана шу қилмишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган башоратдан қуруқ қолмоқдалар: «Ўзи ҳақ бўла туриб талашиб-тортишмаган киши учун жаннатнинг ўртасидан бир уйга мен кафилман». Абу Довуд ривояти.
Дунёга муҳаббат
Заиф қалб эгаси дунёни яхши кўргани боис мол-давлати, обрўси, мансаби ё маскани каби бирон дунё матоси қўлидан кетса ғамга ботади. Бошқаларга насиб этаётган нарса унга бўлмай қолса ўзини маҳрум ва бенасиб ҳис қилади. Агар ўзига насиб этмаган баъзи дунё матоларига бошқа биров эришаётганини кўрса, қаттиқ сиқилади. Баъзан эса унга ҳасад қилиб, ўша нарсанинг эгаси қўлидан кетишини орзу қилади. Ҳолбуки пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай иллатдан огоҳлантириб шундай деганлар: «Иймон билан ҳасад бир банда қалбида жамланмайди». Насоий ривояти.
Аллоҳ ва расули сўзидан оддий инсон сўзини муқаддам қўймоқ
Бундай кимса ўзи каби ожиз ақлли инсонларнинг сўзларини ушлайди, ҳаттоки у иймоний хусусиятини ҳам йўқотиб қўяди. У қанча гапирса ҳам, гапларида Қуръон, суннат ёки салаф олимлари сўзларидан бир оғиз ҳам учратмайсиз.
Роҳат-фароғатга ортиқ даражада эътибор бериш
Бундай кимса зеб-зийнатга жуда ўч бўлади. У ташқи кўринишини безаш мақсадида қимматбаҳо кийимлар сотиб олади, уйини кўркам қилиш учун аслида ҳеч қандай зарурат ва эҳтиёж бўлмаган матоларга моли ва вақтини сарфлайди.
Камбағал биродарларининг қаттиқ муҳтожликда ҳаёт кечираётганига ва гоҳида нон-чой каби оддий нарсаларга ҳам пул тополмай қийналаётганига қарамасдан, бундай кимсалар ўз маишатларидан ортмайдилар ва дабдабали ҳаётга ғарқ бўладилар. Ҳолбуки ҳадиси шарифларда бундай ҳаёт кечиришни мазаммат қилинган ва ундан қайтарилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида унга шундай васият қилдилар: «Дабдабали ҳаётдан сақлангин!» Яна бир ривоятда: «Дабдабали ҳаётдан сақлангин! Чунки Аллоҳнинг бандалари дабдабали ҳаёт кечирмайдилар». Имом Аҳмад ривояти.
Иймоннинг заифлашиш сабаблари
Иймонни сусайтирувчи омиллар жуда кўп. Уларнинг баъзилари юқорида ўтган белгилар билан муштаракдир. Масалан гуноҳ ишларга тушиб қолмоқ, дунё билан машғул бўлмоқ каби. Баъзиларини эса қуйида зикр қилиб ўтамиз.
Иймоний муҳитдан узоқлашиш
«Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган Ҳақ-Қуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими? (Шунингдек улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнгра (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги муддат узайгач) диллари котиб кетган кимсалар (яъни яҳуд ва насоролар) каби бўлиб қолмаслик вақти келмадими? Улардан (яъни яҳуд ва насоролардан) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар!». Ҳадид:16
Ушбу оят иймоний муҳитдан узоқлашиш иймоннинг заифлашувига олиб боришини таъкидламоқда.
Масалан: Аллоҳ йўлидаги биродарларидан сафар ёки бошқа сабабли маълум муддат узоқлашган киши биродарлари билан бирга бўлгандаги иймоний муҳитни қўмсайди. «Бирлашган ўзар» деганларидек, мўъмин ҳам ўзининг иймонли биродарлари билан кўпдир. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Биродарларимиз биз учун аҳли-оиламиздан ҳам қимматлироқдир. Чунки аҳлимиз бизга нуқул дунёни эслатади, биродарларимиз эса охиратни».
Исломий муҳитдан айри яшаш инсонни аста-секин жоҳилият одатларига кўниктиради. Оқибатда у
Исломдан куфрга, солиҳ амалдан гуноҳ-маъсиятга яқинлашиб боради. Бунга оид ҳаётий мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Солиҳ пешволардан узоқлашиш
Солиҳ, тақводор кишининг қўлида таълим оладиган шахс ўзида фойдали илмдан ташқари солиҳ амал ва қувватли иймонни ҳам касб этади. Негаки у устози билан тез-тез кўришиб туриш натижасида, ундан нафақат диний илм, балки ахлоқ ва одоб таълимини ҳам олади. Устозидан узоқлашиб қолган шогирд одатда ўз қалбида салбий тарафга ўзгаришни топади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этиб, қабрга қўйилгач саҳобалар: «қалбларимизни танимай қолдик» - деб айтганлар. Ҳа, улар бирданига ёлғизланиб қолгандилар. Чунки уларнинг мураббийи, муаллими ҳамда раҳбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган эди. Ўша кунларда саҳобалар аҳволини васфлаб: «Ёмғирли ва совуқ кечада очиқда қолиб кетган қўйларга ўхшаб қолгандилар» дейилган. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қолдирган кишилар орасида шундай тоғлар бор эдики, уларнинг ҳар бири халифаликка яроқли эдилар ва улар бир-бирларига ўрнак бўлдилар. Бугун эса ҳар бир мусулмон солиҳ ва содиқ етакчига жуда-жуда муҳтож.
Шаръий илм ва диний китоблардан узоқлашиш
Шундай китоблар борки, улар иймонни янада зиёда қилади. Уларни ўқиш кишига ором ва хотиржамлик бағишлайди. Албатта бу масалада аввало Қуръони Карим, кейин эса ҳадиси шариф туриши ҳаммага маълум. Ибнул Қоййим, Ибн Ражаб ва бошқа буюк олимларнинг ваъз ҳамда қалбни тирилтирадиган услубда ақидани баён қилган асарлари, иймонни қувватловчи бундай китоблардан узилиб, фақат фикрий китоблар, далиллардан ҳоли бўлган масала китоблари ёки луғат, усул китобларини ўқишга шўнғиб кетиш кўпинча дилнинг қотишини келтириб чиқаради. Биз буни тафсир, ҳадис китобларидан юз ўгирган шахсларга танбеҳ сифатида келтирдик. Чунки улар диннинг асл манбалари - асосларидан узилиб қолган кишилардир.
Масалан сиз имом Бухорий ёки имом Муслимнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламини ўқиётган пайтингизда ўзингизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар билан бирга яшаётгандай ҳис қиласиз, уларнинг сийратлари ва ҳаётларидан иймоний атоларни оласиз. Ҳадисларни ўқиганингиз сари аҳли ҳадисларни одамлар бежиздан аҳли Расул деб атамаганларига амин бўласиз.
Иймоний китоблардан узоқлашишнинг ёмон асоратлари фалсафа, психология, жамиятшунослик каби исломдан узилган ҳолатда шаклланган илмларни ўрганаётган кимсаларда ҳамда фантастик, ишқий қиссаларни ўқишга қизиқадиган, газета ва журналлардаги бефойда, кераксиз хабарлар кетидан қувиб юрадиган кишиларда яққол кўриниб туради.
Маъсият давраларида қатнашиш
Мусулмон кишининг маъсият билан тўлиб тошган давраларда қатнашиши иймонни заифлашиш омилларидандар. Бундай давраларда бир инсон қилган гуноҳлари билан фахрланса, бошқаси куй ва қўшиқларни хиргойи қилиб ўтиради. Бири сигарет чекса, яна бири беҳаё журнални варақлаб ўтиради, бошқаси эса бировларни масхаралаш ва ҳақорат қилиш билан машғул бўлади. Бу давралардаги бекорчи олди-қочди гаплар, ғийбатлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Бугун одамларнинг аксар йиғилишлари ва идора (офис)ларида фақат дунё ташвишлари зикр этилмоқда. Тижорат, мол-дунё, ишдаги муаммолар, нархлар ўйнаши тўғрисидаги гаплар кўпчилик одамларнинг диққат эътиборини эгаллаган.
Уйлар ҳақида гапирмай қўяверинг, у ерда бўлаётган мункар ишлардан мусулмоннинг пешонаси тиришади ва юраги сиқилади. Бир ёқда жинни-гинни қўшиқлар, бошқа томонда беҳаё филмлар, номаҳрамлар билан аралашиш каби маъсиятлар билан тўлиб тошган. Бундай шароитда қалб Аллоҳ зикридан узоқлашади ва албатта тош қотади.
Дунёга қул бўлиш
«Динорнинг қули, дирҳамнинг қули ҳалок бўлсин...». Бухорий ривояти.
«Кишининг бир отлик ўзи билан сафарга олиши мумкин бўлган микдордаги матоси бўлса, дунё ҳаёти учун шунинг ўзи унга кифоя қилади». Табароний ривояти.
Одамлар фақат тижорат, фойда, манфаат кетидан чопадиган бўлишди. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларининг исботидир: «Агар одам фарзандига бир водий мол-дунё берилса, яна шунча берилишини хоҳлаб қолади. Агар иккинчи водийни ҳам берилса, учинчисини ҳам истаган бўларди. Одамнинг қорнини фақат тупроқ тўлдиради. Аммо ким тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади». Бухорий, Муслим, Аҳмад ривояти.
Мол-дунё ва оила ташвишларидан ортмаслик
«Билингизки мол-дунёларингиз ва бола чақаларингиз фақатгина бир фитна-алдовдир холос». Анфол: 28
«Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки бу нарсалар ҳаёти дунёнинг ўткинчи нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой - жаннат бордир». Оли Имрон: 14
Яъни, бу нарсаларни — энг аввалида хотин, бола-чақани — яхши кўриш агар Аллоҳ ва расулининг тоатидан ҳам мўъминга суюмлироқ бўлса, уни дин учун қайғуришдан чалғитса, бундай муҳаббат мазаммат этилади. Аммо буларни яхши кўриш Аллоҳнинг тоатига ёрдам берса, бунинг зиёни йўқдир, балки мақтовли амалдир.
«Менга бу дунёдан аёллар ва хушбўйлик суюмли қилинди, кўзимнинг қувончи эса намозда қилинди». Аҳмад ривояти.
Аксарият одамлар оиласи, бола-чақасини деб ҳаромга ҳам қўл уради, Аллоҳнинг тоатидан ҳам узоқлашади.
«Фарзанд ғам, қўрқоқлик, жоҳиллик ва бахиллик сабабчисидир». Табароний ривояти.
Ҳадисдаги «Бахиллик сабабчисидир» деган ибора қуйидаги маънони англатади: Агар инсон Аллоҳ йўлида инфоқ (эҳсон) қилишни ният қилса, шайтон унга болаларини эслатади. Кейин у «ўзгалардан кўра фарзандларим бу молга ҳақлироқ, буни уларга қолдираман, чунки у мендан кейин фарзандларимга керак бўлади»- дейди ва Аллоҳ йўлида хайр-эҳсон қилишдан бахиллик қилади. «Қўрқоқлик сабабчисидир» ибораси эса шуни англатади: Инсон юрт ҳимояси учун урушга ёки Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқишни ният қилса, шайтон унга яна фарзандлари тарафидан келади ва: «агар урушда ўлиб кетсанг, болаларинг етим, қаровсиз қолади» деб васваса қилади. Оқибатда у жиҳоддан ҳам қайтади. «Жоҳиллик сабабчисидир» иборасининг маъноси: Ота нуқул болалари ғамида юриб, илм ўрганишга, китоблар ўқишга ва илм мажлисларида қатнашишга вақт топмайди. «Ғам сабабчисидир» дейилишига сабаб: Фарзанд бетоб бўлса, унинг ота-онаси бундан ғамга ботади, бола отаси қодир бўлмаган нарсани талаб қилса, ота бундан эзилади, улғайганидан сўнг итоатсиз бўлса, ота-она сиқилиши ва ғам-аламининг чеки бўлмайди.
Албатта, биз оила қуриш ва зурриёт орттиришдан қайтармоқчи эмасмиз. Мақсадимиз фақат шундан иборатки - биродарларимиз оила ва бола-чақа ташвишидан ортмай қолиб, дин ғамини унутиб қўймасинлар.
Мол-дунё фитнаси ҳақида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ҳар бир умматда (уни тоатдан чалғитадиган) бир фитна бўлади. Умматимнинг фитнаси мол-дунёдир». Термизий ривояти.
«Бир пода қўй ичига қўйиб юборилган икки оч бўрининг шу подага келтирадиган зиёнидан кўра мол-дунё ва шарафга ўч бўлишнинг киши динига келтирадиган зарари каттароқдир». Термизий ривояти.
Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ зикридан машғул қиладиган даражада ризқ талабида елиб-югуришдан қайтардилар ва оз нарсага қаноат қилишга ундадилар:
«Мол жамлашдан сизга кифоя қиладигани бир хизматкор билан Аллоҳ йўлида минадиган битта уловдир». Аҳмад ривояти.
Яъни мол тўплашга қизиқманг. Чунки қўл остингизда биргина хизматкор ва сиз Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учун минишга керак бўладиган бир дона улов бўлса шунинг ўзи етарли бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мол-дунё тўплашга ружу қўйганларни огоҳлантириб: «Мол-дунё тўпловчиларга вайл (ҳалокат) бўлсин, молни ўнгу-сўлига, олдию-орқасига мана бундай қил(иб тарқат)адиганлар бундан мустасно» - дедилар.
Орзу-ҳавасга берилиш
«Уларни қўяверинг, (майли) еб-ичиб, фойдаланиб қолсинлар ва орзу-ҳавасларига машғул бўлаверсинлар. Бас, яқинда (бу қилмишларининг оқибати нима бўлишини) билиб олурлар». Ҳижр:3.
Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: «Мен сизларнинг ҳавои нафсга эргашиб орзу-ҳавасга берилишингиздан қўрқаман. Зеро, ҳавои нафсга эргашиш кишини ҳақдан тўсади, орзу-ҳавасга берилиш эса охиратни унуттиради».
Салафлардан ворид бўлганки: «Тўрт нарса бахтсизлик аломатидир: кўзнинг қуриб қолиши (яъни йиғламаслик), дилнинг қотиши, орзу-ҳавасга берилиш ва дунёга тўймаслик».
Орзу-ҳавасга берилиш кишини тоат-ибодат қилишдан эринтиради, гуноҳларидан тавба қилишни пайсалга солади, дунёга рағбат уйғотади, охиратни унуттиради ва қалбни тош котиради. Чунки қалб юмшоқлиги ва мусаффолиги ўлимни, қабрни, савоб ва азобни ҳамда Қиёмат даҳшатларини ёдга олиш билан бўлади.
Ким орзу-ҳавасга берилмаса, ғами ҳам камроқ бўлади, қалби ҳам ёришади. Ўлимни ёдига оладиган инсон тоат-ибодат йўлида кўпроқ ҳаракат қилади.
Мубоҳ ишларда ҳаддан ошиш
Ҳаддан ошиқ кўп еб-ичиш, кўп ухлаш ёки аксинча, тунларни ухламасдан бекорчи гаплар билан ўтказиш қалбни қотирадиган амаллардандир.
Кўп ейиш зеҳнни пасайтиради, баданни Аллоҳга итоат қилишдан танбаллаштириб қўяди ва инсондаги шайтон юрадиган йўлларни озуқалайди. Ким кўп еса, шунга яраша кўп ичади ҳам. Натижада кўп ухлайди ва катта-катта савоблардан қуруқ қолади.
Кўп гапириш дилни котиради, одамлар билан ҳаддан ортиқ кўп аралашиш нафсни ҳисоб-китоб қилишдан тўсади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мараҳамат қилганларки: «Кулгуни кўпайтирманглар, чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради». Ибн Можа ривояти.
Шунингдек вақтни исроф қилиш Қуръон қайтариқлари ҳам, иймон насиҳатлари ҳам фойда бермайдиган қаттиқ дилни вужудга келтиради.
Бу хусусда яна кўп гапириш мумкин. Бироқ динига ғаюр-куюнувчи ўқувчиларимиз учун шу мисолларнинг ўзи ҳам етарли бўлади деган умиддамиз. Зеро оқил кишига биргина ишоранинг ўзи ҳам кифоя.
Аллоҳ таъолодан қалбларимизни поклашини, бизни нафсларимиз ёмонлигидан сақлашини сўраймиз.
Иймон заифлигини
муолажа этиш
«Шубҳасиз, иймон ҳар бирингиз қалбида худди кийим эскиргани каби эскиради. Аллоҳдан қалбларингизда иймонни янгилаб туришини сўранглар». Ҳоким ва Табароний ривояти.
Демак, кийим эскириб йиртилгани каби қалбдаги иймон ҳам эскириши мумкин экан. Мўъминнинг қалбини баъзан маъсият булутлари қоплаб олиб, зулматга чўмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ушбу ҳолатни қуйидаги ҳадисда чиройли тасвирлаб берганлар: «Гоҳида ой нурини тўсиб қоладиган булут бўлгани каби ҳар бир қалбнинг ўз булути бўлади. Ой ёритиб турганда баъзан уни булут тўсиб қолади-да, унинг нури сусаяди. Булут аригач эса ой яна ёрита бошлайди». Абу Нуъайм ривояти.
Дарҳақиқат, осмонда булутлар сузиб юриб, гоҳида ойнинг нурини тўсиб қолади. Бир муддатдан сўнг улар тарқайдида, яна оламни ёритиш учун ойнинг нури қайтади. Худди шундай, мўъмин қалбини ҳам гоҳида гуноҳ-маъсиятлар булути қоплаб, унинг нурини тўсиб қўяди. Натижада бу кимса зулмат ва ёлғизликда қолади. Қачон у Аллоҳ таъолодан ёрдам сўраб, иймонини кучайтиришга ҳаракат қилсагина, ҳалиги «булутлар» тарқалиб, унинг қалби яна аввалгидек нур соча бошлайди.
Иймон заифлашуви муаммосини тўғри англаш ва бинобарин, бу иллат муолажасини топишдаги муҳим асослардан бири иймоннинг гоҳида зиёдалашиб, гоҳо эса камайиб туришини билишдир.
Бу эътиқод аҳли сунна вал жамоа ақидасидаги муҳим бир нукта ҳисобланади. Зеро, аҳли сунна вал жамоа таърифида «Иймон - тил билан талаффуз этилиши, қалбда эътиқод қилиниши, аъзолар билан амал қилиниши лозим бўлган, тоат-ибодатлар билан зиёдалашиб, маъсиятлар туфайли камаядиган нарсадир».
Дарҳақиқат, Қуръони Карим ҳам, саҳиҳ суннат ҳам шунга далолат қилади.
«Қани, бу сура қайси бирларингизнинг иймонини зиёда қилди?». Тавба: 124
«(Аллоҳ таъоло мўъминларнинг) иймон-ишончлари устига янада иймонлари зиёда бўлиши учун сакинат-ором туширган Зотдир...». Фатҳ: 4.
«Қай бирингиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса тили билан, буни ҳам уддалай олмаса лоақал қалби билан ўзгартирсин. Бу (мункарни фақат қалбда ўзгартириш) иймоннинг ўта заиф кўринишидир». Бухорий ривояти.
Тоат-ибодатлар иймоннинг кучайишига, маъсиятлар эса унинг сусайишига таъсир ўтказишининг исботи тажрибада кўплаб маротаба мушоҳада этилган маълум нарсадир. Масалан бир киши аввал бозорга кириб, у ерда ҳижобсиз-очиқ аёлларга кўзи тушади, бозорчиларнинг бақир-чақирларини, алдовларини, кўп бемаъни ва беҳуда гапларни эшитади. Сўнгра у ердан чиқиб - дейлик - қабристонга боради, унинг ичида аста юриб ўйланади, ўтган аждодларини хотирлайди, яна бир бор ўлимнинг ҳақлигини ёдга олади, охиратни эслайди, натижада қалби ҳам юмшайди. Бу кимса иккала ҳолат орасидаги фарқни равшан ҳис этади. Ҳа, қалб тезлик билан ўзгариб туради.
Бу мавзу янада тушунарлироқ бўлиши учун қуйида салаф олимларидан бирининг гапларини келтирамиз:
«Банданинг вақти-вақти билан ўз иймонини янгилаб туриши унинг билимлилиги аломатидир. Иймони кўпаётгани ё камайиб бораётганини ҳис этиши ҳам унинг билимдон эканлиги аломатидир. Шайтон унга қай тарафдан васваса қилаётганини билиб туриши ҳам унинг билимдонлигидандир».
Агар иймон сусайиши фарзларни тарк этиш ёки ҳаромга қўл уриш даражасигача давом этса, бу ҳолат албатта жуда хатарлидир. Бундай инсон мазамматга лойиқдир. У тезда Аллоҳга тавба қилиши ва ўзини даволашга киришиши зарур бўлади.
Аммо иймон сусайиши фарзларни тарк қилишга ёки ҳаром ишга қўл уришга олиб бормаса, балки фақат баъзи мустаҳаб ишларни қолдиришдангина иборат бўлса, бундай инсонга иймони яна ўз фаоллигига, ибодатдаги қувватига қайтгунича ўз нафсини бошқариб, тўғри йўлга солиш лозим бўлади. Буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу гапларидан истифода қилинса ҳам бўлади:
«Ҳар бир ишнинг қизғин пайти бўлади, шунингдек ҳар бир қизғинликнинг сусайиши ҳам бўлади, кимнинг сусайиши суннатимга мувофиқ бўлса зафарга эришади, кимнинг сусайиши ундан бошқага бўлса ҳалок бўлади». Аҳмад ва Баззор ривояти.
Иймон заифлашувини муолажа этиш ҳақида гап бошлашдан олдин бир мулоҳазани баён этиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Гап шундаки, қалби қотиб бораётганини сезаётганларнинг аксарияти ташқи даволарни излайдилар, даволашда ўзгаларга суянишни хоҳлайдилар, ҳолбуки агар жиддий ҳаракат қилсалар ўзларини ўзлари ҳам даволашлари мумкин. Иймони сусайган кишининг ўзини ўзи даволаши аслида энг тўғри муолажа услуби бўлса ҳам ажабмас, негаки иймон банда билан Парвардигори ўртасидаги алоқадир.
Биз қуйида бир қанча шаръий воситаларни зикр этиб ўтамиз-ки, Аллоҳ таъолога суянган ҳамда нафсини курашдан аямаган ҳолда шу услубларни қўллаган мусулмон ўз иймонидаги заифлашувни муолажа этиб, қалбидаги қаттиқликни кетказиши мумкин бўлади.
Қуръони Карим маъноларини
тадаббур қилмоқ
Аллоҳ таъоло Ўз китобини ҳамма нарсани баён қиладиган ва истаган бандасини ҳидоят сари бошлайдиган нур этиб нозил қилган. Унинг заминида касал қалблар учун шифо ҳамда фаол ва амалий муолажа борлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ.
«Биз мўъминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз». Исро: 82
Муолажа йўлига келсак, у Қуръон оятлари ҳақида ўйланиб тадаббур қилишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони Каримни тадаббур қилардилар, баъзи оятларни таҳажжуд намозларида такрор-такрор ўқирдилар, ҳатто бир кеча намоз ўқиётганларида бир оятни тонг отгунча такрорлаб чиқдилар. Бу қуйидаги ояти карима эди:
«Агар уларни азобласанг, улар сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта сен ўзинг Азиз ва Ҳаким зотсан!». Моида: 118.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни тадаббур билан тиловат қилардилар.
Утора билан Убайдуллоҳ ибн Умайр Оиша онамиз ҳузурига кирдилар ва у кишидан:
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сиз кўрган энг ажабланарли нарса ҳақида гапириб беринг,- деб илтимос қилдилар.
Шунда Оиша онамиз йиғладилар ва дедилар:
— Бир кеча намоз ўқиш учун турдилар ва: «Эй Оиша мени ҳоли қўйинг, Парвардигоримга ибодат қилай»,- деб айтдилар. Мен: «Аллоҳга қасамки мен сизга яқин бўлишни суяман ва сизни нима хурсанд қилса, мен ҳам ўшани яхши кўраман»,- дедим. Сўнгра у киши туриб таҳорат олиб келдилар-да, намоз ўқий бошладилар. У киши йиғлайвердилар, ҳатто этаклари ҳўл бўлиб кетди. Сўнг яна йиғладилар ва йиғлайвердилар ҳатто ерни ҳам ҳўл қилдилар. Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳни намозга чақиргани келган эди, у зотни йиғлаётган ҳолда кўриб: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, йиғлаяпсизми? Ахир Аллоҳ таъоло сизнинг ўтган ва кейинги гуноҳларингизни барини мағфират қилган-ку?!»- дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Менга бу кеча бир неча оятлар нозил бўлдики, уларни ўқиб, тафаккур қилмаган кимсаларга вайл бўлсин:
«Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир Яратгувчи ва Бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бордир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар) "Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ!». Оли Имрон: 190, 191
Албатта бу ҳадис мазкур оятларни тадаббур қилиш вожиблигига далолат қилади.
Қуръони Каримда тавҳид, гўзал ваъдалар, даҳшатли ваъийдлар, шаръий аҳкомлар, қиссалар, одоб ва ахлоқларнинг зикри бор, уларнинг қалбларга таъсири турличадир. Шунингдек баъзи суралар қалбда бошқаларидан кўра кўпроқ қўрқув уйғотади. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари яққол далилдир: «Ҳуд ва унинг шериклари қаримасимдан туриб сочларимни оқартириб юборди» (Албоний, "Силсилатус- Саҳийҳа" 2/679) Бошқа бир ривоятда: "Ҳуд, Воқеа, Вал-мурсалот, Амма ятасоа'алун ва Изаш-шамсу куввират суралари». – дейилган. Термизий ривояти.
Ушбу суралар Иймон ҳақиқатлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларини ўз оғирлиги билан тўлдирган улкан масъулиятларни ўз ичига олганлиги туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сочларини оқартирган. Чунки қалбга тушган оғирликнинг аломати соч-соқолда ҳам намоён бўлади.
«Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом) сиз ва сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиғ тўғри йўлда бўлингиз!». Худ: 112.
Асҳоби киромлар ҳам Қуръони Каримни тадаббур ила тиловат қилар, унинг мазмунидан қаттиқ таъсирланар эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ғамгин, кўнгли бўш инсон эдилар. Агар одамларга имом бўлсалар ва Аллоҳнинг каломини ўқисалар йиғидан ўзларини тийиб туролмас эдилар. Умар розияллоҳу анҳу эса ушбу оятни тиловат қилиш таъсиридан бетоб бўлиб қолганлар:
«Парвардигорингизнинг азоби шак-шубҳасиз, воқеъ бўлгувчидир. Унинг учун бирон даф қилгувчи — тўсиқ йўқдир». Ват-Тур: 7,8.
Яъқуб алайҳис-салом ҳақидаги: «Мен ғаму ташвишларимдан Ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қилиб (йиғламоқдаман)...». Юсуф: 86 деган оятни ўқиганларида Умар розияллоҳу анҳунинг ҳўнграшлари сафларнинг ортидан ҳам эшитилган.
Усмон розияллоҳу анҳу айтганлар: «Агар қалбларимиз пок бўлганда эди, Аллоҳнинг каломидан сира тўймаган бўларди». Ул зот қони Қуръонининг устига тўкилиб, мазлум ҳолда ўлдирилди. Саҳобалар ҳаётидан бу каби ҳолатларни кўплаб келтириш мумкин.
Айюб Сихтиёний: «Саид ибн Жубайрни (тобеинлардан) намозда «Ва (Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган Кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди». Бақара: 281-оятини йигирма мартадан ортиқ қайта ўқиганини эшитдим»,- деб айтган. Бу энг охири нозил бўлган оят эди.
Иброҳим ибн Башшор айтади: «Али ибн Фузайл Қуръони Каримни тиловат қилаётиб: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом) уларни дўзах устида турғазиб қўйилган пайтларида: «Эй, қани эди биз (дунёга) қайтарилсак» деганларини кўрсангиз эди», (Анъом: 27) деган ўринга келганда жон берган. Мен ҳам у кишининг жанозасида қатнашганлардан бириман».
«Улар йиғлаган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг хокисорликларини зиёда қилур». Исро: 109.
Бир киши шу оятни ўқигач тиловат саждасини қилди, сўнгра ўзини койиган ҳолда: «Бу сажда ояти, йиғи қани?» деб зорланди.
Қуръони Каримда келтирилган мисоллар ҳақида ўйланиш, уларни тадаббур қилиш иймонни зиёда қилади. Аллоҳ таъоло бежиз Қуръонни тадаббур қилишга чақирмаган:
«Аллоҳ одамлар ибрат олишлари учун мисолларни келтиради». Иброҳим: 25.
«Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз». Ҳашр: 21.
Салафлардан бири Қуръондаги бир мисол ҳақида тафаккур қилди. Аммо маъно унга равшан бўлавермагач йиғлай бошлади. У кишидан: «Нега йиғлаяпсиз?»,- деб сўралганда, шундай жавоб берди: «Аллоҳ таъоло айтадики: «Ушбу мисолларни биз одамлар (ибрат олсин) учун айтурмиз. Лекин уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар». (Анкабут: 43). Мен эса мисолни англай олмадим, демак мен олим эмас эканман. Мен ўзимдаги илм зое бўлганига йиғлаяпман».
Дарҳақиқат, Аллоҳ таъоло бизлар учун Қуръони Каримда кўплаб нарсаларни зарбул масал қилган. Ўт ёққан кишининг мисоли,[1] фақат овоз ва чақириқнигина эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисоли,[2] еттита бошоқни ундириб чиқарган доннинг мисоли,[3] тилини осилтириб ақиллайдиган итнинг мисоли,[4] устига китоблар ортилган эшакнинг мисоли,[5] пашша,[6] ўргимчак мисоли,[7] кўр ва кар бўлган киши билан эшитувчи ва кўрувчи инсон мисоли,[8] шамол уни қаттиқ учирган кулнинг мисоли,[9] пок дарахт билан нопок дарахт мисоли,[10] осмондан тушаётган сувнинг мисоли,[11] устида чироғи бўлган токча мисоли,[12] ҳеч нарсага қодир бўла олмайдиган қул мисоли,[13] устида талашгувчи шериклари бўлган қул[14] ва бошқа мисоллар. Биз ушбу мисоллар ўрнини бу ерда келтириб ўтишимиздан мақсад муҳтарам ўқувчилар шу оятларга бемалол ўзлари мурожаат қилсинлар ва уларга алоҳида эътибор берсинлар.
Ибн Қоййим қалби қаттиқлашиб қолган мусулмонга ўзини Қуръон билан даволаши учун нима қилиши лозим бўлишини қуйидаги сатрларда мўжазгина баён этган:
«Бунинг учун икки муҳим нарсани уддалаш керак:
Биринчидан, қалбингизни дунё ватанидан кўчириб, охират ватанига жойлаштиришга уринишингиз лозим.
Сўнгра бутун қалбингиз билан Қуръон оятларини тадаббур қилиб, мазмунини теран англашга, уларда ирода этилаётган маъноларни тушуниб етишга, уларнинг нозил бўлиши сабабларини билишга, ҳар бир оятдан ўз улушингизни олиб қалбингиз дардига малҳам қилишга интилишингиз даркор. Шундагина қалбингиз Аллоҳ изни билан шифо топур...».
Аллоҳ таъоло буюклигини ҳис этиш, У зотнинг исму сифатларини таниш, улар ҳақида ўйланиб,
маъноларини тушуниш
Ана шундагина бу туйғулар мўъмин қалбига чуқур ўрнашади ва амал оламида ҳам ўз исботини топиш учун унинг танасига - аъзоларига кўчиб ўтади.
Зеро қалб тана аъзоларини бошқарувчи саркарда ва хожа бўлса, барча аъзолар унинг итоатгўй аскарлари ўрнидадир. Шунинг учун ҳам қалб тузалса, қолган аъзолар ҳам тузалади, агар у бузуқ бўлса, аъзолар ҳам бузулади.
Аллоҳ таъолонинг буюклиги ҳақида Қуръон ва суннатнинг жуда кўп ўринларида баён қилинган. Шу ҳақдаги оят-ҳадисларни фикр-мулоҳаза қилган мусулмоннинг қалби титраб ларзага келади, Улуғ Яратувчисига тавозе қилади. Аъзолари ҳам барча нарсани эшитиб ва билиб турувчи Зотга бўйсунади, бутун мавжудот Парвардигорига янада кўпроқ таъзим бажо келтиради.
Бу ҳолат Аллоҳ таъолони исму сифатлари билан таниган, улар ҳақида тафаккур қилган одам қалбидагина юзага келади. Зеро Аллоҳ Буюк, барча нарсани Кўриб ва Кузатиб турувчи, Бўйсиндиргувчи, Кибриё Эгаси, Кучли, Ғолиб, Улуғ ва Юксак Зотдир. У Мангу Барҳаёт, инсу жинлар эса фонийдир. У бандалари устидан ҳамиша ғолиб, момақалдироқ ҳам У Зотга ҳамду сано билан тасбеҳ айтади, фаришталар ҳам Яратгандан қўрққанлари ҳолда Уни поклаб тасбеҳ айтурлар. У Қудратли, Интиқом Олгувчидир. Уни на мудроқ ва на уйқу олади. Қайюм, барча нарсани билиб тургувчи, кўзларнинг хиёнаткорона нигоҳларини, қалблар яширган нарсаларнида билади.
Аллоҳ таъоло Ўзининг илмини шундай сифатлаган: «Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни Ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта Очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир». (Анъом: 59).
Бошқа бир оятда эса буюклиги ҳақида шундай дейди: «Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун ер Қиёмат кунида унинг қабзаси — чангалидадир. Осмонлар эса унинг ўнг қўлига йиғилгандир». Зумар: 67.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам айтганлар: «Қиёмат куни Аллоҳ Ерни ўз чангалига олиб, осмонларни ўнг қўлига жамлайди, сўнгра «Подшоҳ Менман! қани Ер подшоҳлари?»- деб айтади». Бухорий ривояти.
Мусо алайҳис-салом Парвардигори Оламни кўришни истаганда содир бўлган воқеа тўғрисида Қуръони Каримда келган киссани фикр-мулоҳаза қилиб кўрсангиз, кўнгил бўшашиб, қалб ларзага келади:
«Мусо: «Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин, Сенга бир қарай», деди. (Аллоҳ) айтди: «Сен мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ. (Мен унга кўринурман). Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан!». Қачонки, Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо ҳушсиз ҳолда йиқилди...». Аъроф: 143.
Ҳадисда бу оятни шундай тафсир этилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оятни ўқиб, қўлларини мана бундай қилдилар, яъни бош бармоқлари учини жимжилоқларининг биринчи бўғимига қўйдилар ва «Бас, тоғ ерга кириб кетди» дедилар». Яъни, атиги шунчагина кўринган эди, тоғ ер тагига кириб йўқ бўлиб кетди. Термизий ва Аҳмад ривояти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек: «Аллоҳнинг ҳижоби (бандалар Аллоҳни кўришларидан тўсиб турадиган пардаси) нурдир. Агар уни очадиган бўлса, Юзининг нури Унинг кўзи етиб борган барча махлуқотларни куйдириб юборади». Муслим ривояти.
«Агар Аллоҳ осмонда бир ишни ҳукм қилса фаришталар Аллоҳ амрига бўйсунганча қанотларини қоқадилар. Унинг сўзлари фаришталарга бамисоли тош устидаги занжир товушидек эшитилади. Қачон фаришталар қалбидан қўрқув кетказилгач улар бир-бирларидан: «Парвардигорингиз нима деди?»- деб сўрашади. Улар сўраганга: «ҳақни сўзлади, ҳолбуки у Зот Олий ва Буюкдир»,- деб жавоб қиладилар». Бухорий ривояти.
Айни мавзудаги оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп бўлиб, юқоридаги матнлар фақат мисол тариқасида келтириб ўтилди, холос. Биз муҳтарам ўқувчиларни ана шу ва бошқа мисоллар ҳақида фикр юритмоққа ва Парвардигорнинг Буюклигини қалбларида ҳис этмоққа чақирмоқчи эдик. Зеро, бу иймон заифлашувини муолажа этишдаги энг фойдали даволардандир.
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таъолонинг нақадар буюклигини қуйидаги чиройли сўзлар билан васфлайди:
«Аллоҳ барча оламлар ишини бошқаради, буюради ва қайтаради, яратади ва ризқ беради, ўлдиради ва тирилтиради, азиз этади ва хор қилади, кеча ва кундузни алмаштириб туради, одамларни галма-галдан бир-бирлари устидан ғолиб этади, давлатларни ҳам бирини кетказиб, ўрнига бошқасини келтириб алмаштириб туради, унинг буйруғи, султони еру осмонда, сувда-ю қуруқликда нуфузлидир, барча нарсани ўз илми билан иҳота қилиб олган, коинотдаги ҳар бир нарсани ҳисоб-китоб қилиб қўйгандир. У зот барча овозларни эшитади, бу овозлар Унга аралашиб ҳам, номаълум қолиб ҳам кетмайди. Балки бандаларнинг ҳар хил тилда сўзлашларига ва ҳожатларининг ҳам турлича бўлишига қарамасдан барчаларининг нидоларини эшитиб туради. Унинг бандалардан бирини эшитиши бошқасини эшитишдан машғул қилмайди. Ундан бандалари сўраётган нарсаларнинг кўплиги Уни адаштириб юбормайди, қаттиқ туриб сўровчи ҳожатмандларнинг талаблари Уни қийнаб қўймайди. Унинг кўзи барча нарсаларни иҳота қилиб туради, У қоронғу тунда қора тош устидаги қора чумолининг ўрмалаб юришини ҳам кўради. Ғайблар Унинг учун очиқдир, сирлар эса ошкордир.. ».
«Осмонлар ва Ердаги (барча) жонзот (Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини Ёлғиз) Ундан сўрар. У зот ҳар куни иш-амалдадир». Ар-Роҳман: 29.
У зот гуноҳларни мағфират қилади, ғам-ғуссаларни кетказади, кулфатни аритади, аҳволларни ўнглайди, камбағални бойитади, адашганни ҳидоят қилади, не қиларини билмай ҳайрон қолганни тўғри йўлга йўллайди, қайғули кишига ёрдам беради, очни тўйдиради, ялонғочни кийдиради, касалга шифо беради, балоланган бандасидан балони аритади, тавба қилувчининг тавбасини қабул қилади, яхшилик қилган кимсани мукофотлайди, мазлумга ёрдам беради, зўравондан ўч олади, айбларни беркитади, қўрқинчни аритади, истаган бандаларининг даражасини кўтариб, яна бошқалариникини пасайтиради... Агар еру осмон аҳли - инсонлару жинлар бошидан охиргисигача барчалари бирдек ўта тақводор бўлсалар ҳам, бу билан Аллоҳнинг мулкида бирор нарса кўпайиб қолмайди. Шунингдек, агар еру осмон аҳли - инсонлару жинлар бошидан охиргисигача барчалари бирдек ўта фожир бўлсалар ҳам, бу билан Аллоҳнинг мулкида бирор нарса камайиб қолмайди. Агар еру осмон аҳли - инсонлару жинлар, тириклару ўликлар, ҳўлу қуруқ, барча-барчаси бир майдонга чиқиб, Ундан хоҳлаган нарсаларини сўрасалар ва улардан ҳар бирига сўраган нарсасини берса, бу Унинг мулкидан зарра мисқоличалик ҳам камайтирмайди... У Энг Аввал Зотдирки, ундан аввал бирор нарса бўлмаган ва У Энг Охир Зотдирки, ундан кейин бирор нарса бўлмайди. У Зоҳир Зотдирки ундан баландроқда бирор нарса йўқ ва У Ботин Зотдирки, ундан яқинроқда бирор нарса йўқ.
У маъбудларнинг энг ҳақлиси, шукр қилинганларнинг энг авлоси, подшоҳларнинг энг раҳмлиси ва сўралганларнинг энг саҳоватлисидир... У зот шериги бўлмаган подшоҳдир, тенги бўлмаган Ёлғиз Зотдир. У ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган, фарзанди ҳам йўқ Олий Зотдир. Унинг мисли йўқ, Унинг юзидан (зотидан) бошқа барча нарса ҳалок бўлгувчи ва унинг мулкидан бошқа бутун борлиқ зоилдир. У зотга итоат қилган банда фақат Унинг изни билангина итоат қилган бўлади, Унга осий бўлган Унинг илми билангина осийлик қилади. Унга итоат қилганларнинг амалларини зое қилмайди, балки зиёда қилиб мукофотлайди. Унга осийлик қилинса гуноҳларни мағфират қилади. Унинг ҳар бир азоби адолатдир, Унинг ҳар бир неъмати фазлу марҳаматдир. У зот энг яқин гувоҳ, энг яқин сақловчи, ҳар бир махлуқнинг пешонаси Унинг қўлида. Қилинадиган ишларни ёзиб, барча нарсалар муддатини (ажалини) битиб қўйган. Қалблар Унга талпинади, сирлар Унинг ҳузурида ошкордир. Унинг неъмат ато этиши ҳам, азоб жўнатиши ҳам биргина сўздир: «Бирор нарсани ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл» деган сўзни айтмоғидир. Бас, у нарса албатта бўлур». Ибнул Қоййимнинг "Ал-Вобил ас-Соййиб" номли асарининг 125-бетидан қисқартириб олинди.
Шаръий илмлар талаби
Шаръий илм деганда биз кишини Аллоҳдан қўрқишга, иймонининг зиёда бўлишига ёрдам берадиган илмларни назарда тутяпмиз. Чунончи Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда шундай дейди: «Аллоҳдан бандалари орасида олимларигина қўрқур». Фотир: 28
Илмлилар билан илмсизлар иймонда баробар бўлмайдилар. Дарҳақиқат, шариат тафсилотларини, «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг маъноларини, унинг қўядиган талабларини, ўлимдан кейинги қабр фитнасини, маҳшардаги аҳволлар ва Қиёмат даҳшатларини, жаннат неъматлари ва дўзах азобларини, ҳалол ва ҳаром аҳкомларидаги ҳикматларни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак сийратлари тафсилотларини ва бошқа турли илмларни билган инсон қандай қилиб шариат аҳкомларидан ҳам, ақида масалаларидан ҳам мутлақо бехабар бўлган, диндаги билими фақат тақлид қилишдан иборат, илмдан насибаси жуда оз бўлган кимса билан иймонда баробар бўлсин?
«Айтинг: "Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!». Зумар: 9
Зикр халқаларида кўп иштирок этиш
Зикр халқаларида қатнашиш ҳам кишининг иймони кучайишига ёрдам берадиган бир қанча омилларга эга. Жумладан, зикр халқаларида ҳосил бўладиган Аллоҳни эслаш, бу халқаларни Аллоҳ таъоло ўз раҳмати билан чулғаши ва у ерга сакинат-хотиржамликни нозил қилиши, фаришталарнинг Аллоҳни зикр этувчиларни ўраб олиши, Аллоҳ таъолони ёд этувчиларни Унинг ўзи «Малаул-Аъло»да зикр этиб, улар билан фаришталарига фахрланиши, уларнинг гуноҳларини мағфират этиши каби хабарлар саҳиҳ ҳадисларда баён қилинган. Масалан:
«Қайси бир қавм Аллоҳни зикр этиб ўтирган бўлса, албатта уларни фаришталар ўраб олади, барчаларини раҳмат қамрайди, устиларига хотиржамлик нозил бўлади ва Аллоҳ таъоло уларни ўзининг ҳузуридагилар ичида зикр этади». Термизий ривояти.
Саҳл ибн Ханзала розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қайси бир қавм Аллоҳни зикри учун тўплансалар сўнгра ундан тарқалсалар уларга нидо қилинадики: «Гуноҳларингиз мағфират этилган ҳолда туринглар!». Саҳиҳул-Жомеъ: 5507.
Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ бу ҳадис шарҳида шундай дейди: «Аллоҳни зикр этиш» деб қайдсиз равишда шундай айтилади, аммо бу билан Қуръон тиловати, ҳадис ўқиш, илм ўрганиш каби Аллоҳ буюрган ёки тарғиб этган нарсаларга амал қилиш билан машғул бўлиш ирода қилинади».
Зикр мажлислари иймонни зиёда қилишига далиллардан яна бири Ханзала ал-Усайдийдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисдир:
«Абу Бакр розияллоҳу анҳу мени учратиб қолдилар. У киши:
- Эй Ханзала, қандайсиз?- деб сўраганди, мен:
- Ханзала мунофиқ бўлиб қолди!- деб жавоб қилдим.
- Субҳаналлоҳ! Нима деяпсиз?- деб таажжубга тушди у киши.
- Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бўлсак, у зот бизга дўзаху жаннатни эслатадилар, ҳаттоки уларни ўз кўзимиз билан кўргандай бўламиз. Қачонки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларидан чиқсак хотин, бола-чақа, тирикчиликка аралашиб кетамизда, кўп нарсаларни унутамиз!- деб жавоб бердим мен.
- Аллоҳга қасам, биз ҳам шундай бўламиз!- деди Абу Бакр.
Шундан кейин мен Абу Бакр билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон жўнадик, ул зотнинг ҳузурларига кирганимизда. Мен айтдим:
- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ханзала мунофиқ бўлиб қолди!
- Нега ундай деяпсиз?!- сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сизнинг ҳузурингизда бўлсак, бизга дўзаху жаннатни ёдимизга соласиз, ҳаттоки уларни ўз кўзимиз билан кўриб тургандай бўламиз, аммо сизнинг олдингиздан чиққанимиздан кейин хотин, бола-чақа, тирикчиликка аралашиб кетамизда, кўп нарсаларни унутиб қўямиз.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлар менинг олдимда қандай бўлсангиз шу ҳолингизда ва зикрда давом этсангиз эди, фаришталар сизлар билан тўшакларингиз устида ҳам, йўлларингизда ҳам қўл беришиб кўришардилар. Лекин, эй Ханзала, бироз унақа бўлсангиз, яна бироз бунақа ҳам бўлиб турасиз,- деб шу сўзларини уч марта қайтардилар». Муслим ривояти.
Саҳобалардан Аллоҳ рози бўлсин, улар Аллоҳни зикри учун йиғилишга ҳарис эдилар ва буни «иймонлашиш» деб номлардилар. Муъоз розияллоҳу анҳу бир кишига: «Келинг, бирга ўтириб бироз иймонлашайлик»,- деганлари зикр қилинади. Саҳиҳ ривоят, Албоний.
Солиҳ амалнинг барча турларини
қилишга ҳаракат қилиш
Албатта бу қалб муолажасининг энг буюк сабабларидан. Бу жуда ҳам қийин иш ва шунга яраша унинг иймонни кучайтиришдаги таъсири ҳам катта ва равшан.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобалардан сўрадилар:
- Бугун қайси бирингиз рўзадорсиз?
- Мен,- деб жавоб қилди Абу Бакр.
- Қай бирингиз бугун бирон жанозада қатнашди?
- Мен,- деди Абу Бакр.
- Қай бирингиз бугун бирон мискинга таом едирди?
- Мен,- деди Абу Бакр.
- Қай бирингиз бугун бирон касални зиёрат қилди?
- Мен,- деди Абу Бакр.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
Бу амаллар қайси бир кишида жамланадиган бўлса албатта у жаннатга киради». Муслим ривояти.
Бу ҳадис Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг вақтдан унумли фойдаланиб турли солиҳ амалларни қилишга ҳарис бўлганини кўрсатмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу саволларни тўсатдан берганлари эса, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг барча кунлари ҳам солиҳ амаллар билан тўла бўлганига далолат қилмоқда.
Дарҳақиқат салафлар - Аллоҳ барчаларини раҳмат қилсин - турли солиҳ амалларни қилиб, бор вақтларини фақат фойдали амал билан тўлдиришда юксак бир даражага етишган. Масалан Ҳаммод ибн Салама ҳақида Абдурраҳмон ибн Маҳдий шундай деган:
«Агар Ҳаммод ибн Саламага: «Сиз эртага ўласиз!» деб айтиладиган бўлса, қилаётган амалларига бирор нарсани зиёда қилолмайди!».
Мусулмон киши солиҳ амаллар борасида қуйидагиларга риоя қилиши лозим.
Солиҳ амалларга шошилиш
Бу тўғрида Аллоҳ таъоло шундай дейди: «Парвардигорингиз томонидан бўлгуси мағфиратга ҳамда эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз! У тақводорлар учун тайёрлаб қўйилгандир». Оли Имрон: 133
«Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз!». Ҳадид: 21
Бу оятларнинг далолатлари саҳобаларни яхши амаллар сари шошилишга ундар эди. Анас ибн Молик Бадр ғазотида мушриклар яқинлашиб қолган пайтни қисса қилиб дейдилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Кенглиги осмонлар ва Ерчалик бўлган жаннатга туринглар!»- дедилар. Шунда Умайр ибн Хумом ал-Ансорий:
- Ё Расулуллоҳ, кенглиги осмонлар ва Ерчалик бўлган жаннатга дедингизми?- деди.
- Ҳа!- дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Бай-бай!- деди Умайр.
- Бай-бай дейишингга сени нима ундади?- сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, ўша жаннат аҳлидан бўлиш орзусиғина мени бунга ундади,- деб жавоб қилди Умайр.
- Сен унинг аҳлидансан! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Умайр халтасидан бир неча дона хурмо чиқариб ея бошлади, сўнгра:
- Шу хурмоларимни еб бўлгунимча яшайдиган бўлсам бу жуда узоқ ҳаёт!- деб, қолган хурмоларини улоқтирди-да, мушриклар билан жангга шўнғиди ва шаҳид бўлди». Муслим ривояти.
Қадимда Мусо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аллоҳ билан учрашишга шошилган ва «Сен рози бўлишинг учун сенга шошилдим»- деб айтганди.
Аллоҳ таъоло Закариё соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан у кишининг аҳлини мақтаб шундай дейди:
«Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар бизга таъзим-итоат қилгувчи эдилар». Анбиё: 90
Ҳадисда келадики: «Ҳар бир нарсада шошмаслик лозим, фақат охират ишида эмас». Абу Довуд ривояти. Яъни ҳамма ишни шошмасдан қилиш яхши аммо охират ишини қилишга шошилиш лозим.
Солиҳ амалларда бардавом бўлиш
Аллоҳ таъоло ҳадиси қудсийда шундай дейди: «Бандам Менга нафл амалларини қилиш билан яқинлашаверади, ҳаттоки мен уни яхши кўриб қоламан». Имом Бухорий ривояти.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ҳаж билан умрани кетма-кет қилиб туринглар», деб айтганлар. Бу «кетма-кетлик» ҳам давомийликни билдиради. Демак ушбу асоснинг маъноси шуки - иймонни кучайтириш учун нафсни амалсиз ташлаб қўймаслик лозим. Зеро, бепарво ташлаб қўйилган нафснинг четга оғиши ва айниши жуда осон кечади. Ўзи оз бўлсада, давомли бўладиган амал - кўпгина бўлса ҳам узоқ давом этмай узилиб қоладиган амалдан кўра яхшироқ. Солиҳ амалларни давомий қилиб юриш иймонга қувват бағишлайди. Дарҳақиқат ҳадисда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Амалларнинг қайси бири Аллоҳга суюклироқ?»- деб сўралганда, у зот: «Гарчи оз бўлса ҳам давомли бўлгани» деб жавоб бердилар». Бухорий ривояти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам бирон амални қилсалар, уни доимий равишда қилиб юрганлар. Муслим ривояти.
Тиришқоқлик билан ҳаракат қилиш
Иймон тоат-ибодатларни қилган сари кучайиб бораверади, аммо ибодатлардан сустлашиш билан у яна заифликка қайтиб қолаверади. Демак қалбни даволаш вақтинча бўлиши ярамайди, балки уни давомий суратда муолажа этиб, иймонни доим янгилаб туриш лозим бўлади. Бунга эса барча ибодатларда тиришқоқлик ва қатъият билангина эришиш мумкин бўлади. Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда ҳақиқий мўъминларнинг ибодатда ижтиҳод қилишларидан бир қанча ҳолатларни зикр этган:
«Бизнинг оятларимизга фақат қачон у (оятлар) зикр қилинса, (ўша оятлар билан панд-насиҳат қилинганида таъсирланганлари сабабли) сажда қилган холларида йиқиладиган ва кибру ҳаво қилмаган холларида ҳамду сано айтиш билан Парвардигорларини поклайдиган зотларгина иймон келтирурлар. Уларнинг ёнбошлари ўрин жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар». Сажда: 15,16.
«Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар. Саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар. Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол давлатдан) маҳрум-муҳтож кишилар учун (ажратилган) ҳақ-улуш (бўлар эди)». Зориёт: 17,18.
Салафларимизнинг ибодатдаги ҳолатлари ўрганиш кишини таажжубга солади ва уларга эргашишга етаклайди. Салафларимиз ҳар куни Қуръонни еттидан бирини ўқиб бир ҳафтада уни тўла хатм қилардилар. Жангу-жадалда ҳам кечалари Аллоҳни зикр этган ҳолларида намоз ўқиб бедор бўлардилар. Ҳаттоки зиндонларда ҳам нафл намозлар ўқирдилар, кўз ёшлари уларнинг ёноқларидан оқиб тушарди. Улар доим еру осмонлар яратилиши ҳақида тафаккур қилардилар. Уларнинг бири аҳли-аёлини худди она ўз гўдагини алдагандай алдар эди, аёли ухлаганини билгач, унинг ёпинчиғи остидан таҳажжуд намози учун оҳиста суғурилиб чиқар эди. Улар кечани ўзлари билан бола-чақалари ўртасида тақсимлар эдилар (кечанинг бир қисмида эр турса, бошқа қисмида хотин турар, ва ҳоказо), кундузлари эса рўзадорлик, таълим олиш, таълим бериш, жанозаларга эргашиш, касалларни зиёрат қилиш, одамларнинг турли ҳожатларини чиқариш билан ўтар эди. Уларнинг баъзилари бир неча йиллар давомида бирон марта жамоат намозининг "такбиратул эхроми"дан қолмасди. Уларнинг қалблари масжидларга боғланган, бир намоздан сўнг кейинги намозни кутар эдилар. Уларнинг бири биродари вафот этиб кетганига бир неча йиллар ўтиб кетган бўлишига қарамасдан йиллар давомида унинг оиласи ва бола чақаси ҳолидан хабар олиб, уларга инфоқ қилиб турар эди. Қайси бир мўъмин ана шу мисоллардаги салафларимиз каби хайрли амалларда бардавом бўлса, унинг иймони албатта зиёдалашиб бораверади.
Нафсни малоллантириб қўймаслик
Ибодатларда бардавомлик ва уларда жиддий тиришиш нафсни бездирадиган, малоллантириб қўядиган даражада бўлмаслиги керак. Мақсад тоқат кўтарадиган даражада тоат-ибодатдан узилиб қолмаслик бўлиши лозим. Бу иккала ҳолатни мувозанатга солиш учун киши ўзига ибодатдан тоқати кўтарадиган даражада юклаши, қачон ибодатни кўпайтиришга ўзида иштиёқ сезаётган бўлса фаолроқ бўлиши, ўзида сустлик сезганда мўътадилроқ бўлиши керак. Бу гапларимизга қуйидаги ҳадислар далолат қилади:
«Шубҳасиз, дин енгилдир. Кимки уни ўзи учун оғирроқ қилиб олмоқчи бўлса (яъни бунга тоқати етмаса-да, ўзини қийнаб тиришаман деса), албатта дин уни мағлуб этади. Шунинг учун мўътадил бўлинглар». Бухорий ривояти.
«Мўътадил бўлинглар - мақсадга етасизлар». Бухорий ривояти.
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ «Ибодатга ҳаддан зиёд қаттиқ киришишнинг баъзи макруҳ бўладиганлари» номли бобда Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирдилар-да, икки устун орасига тортилган арқонга кўзлари тушиб:
- Бу қанақа арқон?- деб сўрадилар.
- Бу Зайнабнинг арқони. Агар намозда сусайиб қолса, шунга осилиб туради,- деб жавоб қилди одамлар.
Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
- Йўқ, уни ечиб ташланглар, тетик бўлган вақтингизда намоз ўқинглар, агар бўшашиб қолсангиз ўтириб олинг».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳунинг туни билан намоз ўқиб чиқиши, кундузлари эса доим рўзадор бўлишини билиб қолдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бундай қилишдан қайтардилар ва бунинг сабабини шундай баён қилдилар:
«Агар шу алфозда давом этаверсанг кўзинг киртайиб, заифлашади, нафсингга ҳам малолланади...». Бухорий ривояти.
«Амаллардан тоқатингиз кўтара оладиганини қилинглар. Зеро, Аллоҳ таъоло сизлар малолланмагунингларча малолланмайди. (яъни, Аллоҳга ҳеч қачон малолланмайди, аммо сизларга малол келиб қолиши мумкин.) Албатта амалларнинг Аллоҳга энг суюмлироғи, оз бўлса ҳам давомлироқ бўлганидир». Бухорий ривояти.
Баъзи сабабларга кўра қилинмай қолиб
кетган амаллар ўрнини тўлдириш
Умар ибн ал-Хаттобдан ривоят қилинади, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимда ким кечаси ўқийдиган вазифасидан ёки унинг бир қисмидан ухлаб қолиб, кейин уни бомдод билан пешин орасидаги вақтда ўқиса, унга гўёки кечаси ўқигандек қилиб ёзилади». Муслим ва тўрт сунан соҳиблари ривояти. Уламолардан баъзилари "вазифа" дан мурод тунги намоз ёки Қуръон тиловати бўлиши мумкин деганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар бирор намозни ўқисалар, уни давомий равишда ўқирдилар. Агар уйқу ғолиб бўлибми ёки касал туфайлими тунги намозни ўқимай қолсалар, кундузи ўн икки ракаат ўқиб қўярдилар». Муслим ва Аҳмад ривояти.
«Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асрдан кейин икки ракаат намоз ўқиётганларини кўриб, сабабини сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб қилдилар:
- Эй Абу Умайянинг қизи, мен асрдан кейин ўқиган икки ракаат намоз ҳақида сўраяпсизми? Абдул қайс қабиласидан одамлар келиб, мени пешиндан кейинги икки ракаат намоздан машғул қилиб қўйган эдилар. Бу ўша намоздир». Бухорий ривояти.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар пешиндан аввал тўрт ракаат ўқимаган бўлсалар, фарздан кейин ўқиб қўяр эдилар». Термизий ривояти.
Бу ҳадислар равотиб суннат намозларни қазосини ўқиб қўйилишига далолат қилади.
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Шаъбон ойида бошқа ойлардан кўра кўпроқ рўза тутишларида уч маъно бор деганлар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ойда албатта уч кун рўза тутардилар. Аммо шу уч кунлик рўзани баъзан бир неча ойлаб тутолмай қолар ва ўшаларни Рамазон ойининг фарз рўзасидан аввал етказиб қўйиш учун Шаъбонда жамлар эдилар.» "Таҳзиб сунан Аби Давуд" 3/318. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Аммо бир марта сафар сабабли шу эътикоф фурсати ўтиб кетган эди, келаси йил шунинг эвазига йигирма кун эътикоф ўтирганлар. "Фатҳул-Борий" 4/285.
Ибодатлар Аллоҳ ҳузурида қабул этилишини умид қилиш билан бирга қабул бўлмай қолишидан қўрқиш
Мўъмин киши ибодатларни қанчалик тиришиб қилмасин, улар қабул бўлмаслиги ва ўзига қайтарилиши мумкин эканлигидан қўрқиб туради.
Оиша розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Берган садақа-эхсонларини қалблари қўрққан ҳолда берадилар...» ояти ҳақида сўраб:
- Булар ароқ ичадиган, ўғирлик қиладиганларми?- дедим.
- Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи! Улар рўза тутадилар, намоз ўқийдилар, садақалар берадилар, лекин улардан қабул қилинмай қолишидан қўрқиб турадилар. Ана ўшалар яхшиликлар қилишга шошурлар,- деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам». Теримизий ривояти.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай деганлар:
«Аллоҳ таъоло мендан бирор намозимни қабул қилганини аниқ билишлигим мен учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра суюмлироқдир. Чунки Аллоҳ таъоло айтади:
«Аллоҳ таъоло фақат тақводорлардангина қабул қилур». "Ибн Касир тафсири" 3/67.
Аллоҳнинг ҳақларини адо этиш қаршисида ўзни камтар тутмоқ мўъминнинг сифатларидандир.
«Агар бир кишини Аллоҳнинг ризоси йўлида туғилганидан то кексайиб ўлгунга қадар юзтубан судралса, у Қиёмат куни шуни арзимас кўради». Аҳмад ривояти.
Кимки Аллоҳни ҳаққирост таниган ҳамда ўзини Унинг ожиз бир бандаси эканлигини англаб етган бўлса, у қилган барча амалларининг, ҳаттоки инсу-жинларнинг барчасининг яхши амалларини олиб келса ҳам Охиратда зафар топиши учун унга кифоя қилмаслиги, балки Аллоҳ таъоло унинг амалини фазлу-қарами ва раҳмати билан қабул қилиб, унга фазлу-карами билан савоб бериши равшан бўлади.
Ибодатларнинг хилма-хиллиги
Бизга ибодатларни турли хил қилиб берилиши Аллоҳнинг раҳмати ва етук ҳикматидандир. Ибодатлар ичида баданимиз билан адо этиладиганлари - масалан намоз каби, молимизни сарфлаш билан бажариладиганлари - масалан закот каби, мол ва бадан билан қилинадиганлари - масалан ҳаж ва умра каби ҳамда фақат тил билан адо этиладиганлари бор - масалан зикр ва дуо қилишга ўхшаш.
Ибодатлар фарз ва суннатларга бўлиниши ҳаммага маълум. Бироқ фарз ва суннатлар ҳам ўз ичида бир-биридан даражаларда фарқ қилади. Масалан, намозда ҳар куни ўн икки ракаат суннати ротиба (фарздан аввал ё кейин ўқиладиган суннатлар) бўлса, суннати ротибалардан пастроқ даражадаги бошқа суннатлар ҳам бор. Масалан аср намозидан аввал ўқиладиган 4 ракаат ҳам, чошгоҳда ўқиладиган Зухо (Чошгоҳ) намози ҳам суннатлардандир. Суннат намозлари ичида энг олийси тунги «қиёмул-лайл» намозидир. Тунги намоз ҳам ўз навбатида турличадир. Уни икки ракаатдан ёки тўрт ракаатдан ўқилиб, охири витр - ток намоз билан тугатилади. Витрни ҳам турлича - бир ташаҳҳуд билан уч ракаат, беш ракаат, етти ракаат ё эса тўққиз ракаат ҳам ўқилиши мумкин ва ҳоказо.
Шундай қилиб, ибодатларга назар ташлар экансиз, уларнинг сонда, вақтда, кўриниш ва сифатда ҳамда ҳукмда турлича эканлигини топасиз. Бундай хилма-хиллик ҳикмати ибодат қилувчи хадеб бир хил ибодатларни қилавериб малолланиб қолмасдан доимо янгиланиб туриши бўлса ажаб эмас.
Сўнгра одамлар ҳам ибодатга мойил бўлишда, тоқат-имкониятда баробар эмаслар. Дарҳақиқат, баъзи инсонлар қайсидир ибодатда бошқасидан кўра кўпроқ лаззат топади. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, У жаннат дарвозаларини ибодат турларига кўра турлича қилиб номлаб қўйган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Кимки Аллоҳ йўлида бир жуфт нарсани инфоқ қилса унга жаннат дарвозаларидан: «Эй Абдуллоҳ, бу яхшидир»- деб нидо қилинади. Ким намоз аҳлидан бўлса Намоз дарвозасидан чақирилади. Ким жиҳод аҳлидан бўлса жиҳод дарвозасидан чақирилади. Ким рўза аҳлидан бўлса «Райён» дарвозасидан чақирилади. Ким садақа аҳлидан бўлса, Садақа дарвозасидан чақирилади». Бухорий ривояти.
Бу ҳадисда айтилган "фалон ибодат аҳли"дан мақсад шу ибодатларнинг нафлларини кўп қилувчилардир. Аммо фарзларига келсак, уларни адо этиш барча учун бирдек зарур ва мажбурийдир.
«Ота – жаннат эшикларининг энг ўртасидир. Истасанг бу дарвозани қўлдан бергин, истасанг уни сақлаб қол!». Термизий ривояти.
Бундан мурод ота-онага яхшилик қилишдир.
Ибодатларнинг хилма-хиллиги фарз ва вожиб амалларга риоя қилиш билан бирга кишига ўзи истаган нафл ибодатлардан кўпайтириш имконини беради. Бу эса иймон заифлигини даволашда муҳим омилдир.
Шу ҳам диққатга сазоворки, мусулмон киши турли ибодатлар ва уларнинг фазли ҳақида ворид бўлган оят-ҳадисларни кўздан кечирар экан, баъзи ибодатларнинг бошқаларига қараганда қалбга ўзгача таъсири ва ўзига хос латиф маънолари борлигини кашф этади. Бунга икки мисол келтириб ўтмоқчимиз:
а) Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қилади, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таъоло уч кишини яхши кўради ва уч кишини ёмон кўради. Аллоҳ таъоло яхши кўрадиган уч кишининг бири - ўз жамоаси билан душманга йўлиқиб, ўлдирилгунча ёки жамоаси ғалабага эришгунча душманга кўксини тутиб жанг қилган киши. Иккинчиси - бир жамоа билан сафарга чиққан, кўп юришгач, дам олиш учун бирон ерда қўнган, жамоаси дам олаётган чоғи бир ўзи четроққа ўтиб намоз ўқиган ва биродарларини жўнашлари учун уйғотган киши. Учинчиси эса - озор берадиган қўшниси бўла туриб, унинг озорига ўлгунича ёки кўчиб кетгунича сабр қилган кишидир...». Аҳмад ривояти.
б) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бир киши қалби қотиб қолаётганидан шикоят қилиб келган эди, унга:
«Қалбинг юмшаб, ҳожатинг раво бўлишни истайсанми? - Етимга меҳрибонлик қил, бошини сила, таомингдан едир - шунда қалбинг юмшаб, ҳожатинг раво бўлади!». Табароний ривояти. Албоний саҳиҳ деган, "ас-Силсилатус-саҳийҳа" 2/533
Ёмон оқибатдан қўрқмоқ
Умрнинг охирида бирон ёмон иш қилиб қўйиб, ҳаёти ўша иш билан якун топишидан қўрқиш мўъминни тоат-ибодатга ундайди. Ҳаётнинг ёмон оқибат билан тугашининг сабаблари турлича бўлади. Қуйида уларнинг баъзиларини кўрсатиб ўтамиз.
«Кимда-ким ўзини бирон темир нарса билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида ўша темирни қорнига (тўхтовсиз) санчиб абадул-абад азобланади. Кимда-ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, жаҳаннам ўтида ўша заҳарни ҳўплаб-ҳўплаб ичган ҳолда абадул-абад азобланади. Кимки ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, жаҳаннам ўтига ўзини ташлаганча унда абадул-абад азобланади». Муслим ривояти 109.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам бир неча шунга ўхшаш воқеалар содир бўлган. Масалан: «Бир киши жиҳодда мусулмонлар сафида кофирларга қарши шундай олишдики, бирон киши у каби жанг қилолмади. Уни яхши жанг қилишини Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга мақташганида:
- У одам дўзах аҳлидан!- дедилар.
Бир мусулмон шундан кейин унинг кетидан қолмай кузатиб юрди. Охири ўша киши жангда қаттиқ жароҳат олгач, оғриққа чидай олмади-да кўкрагининг ўртасига қиличини қўйиб унга (жасадининг оғирлигини ташлаб) суянди ва ўзини-ўзи ўлдирди». Бухорий ривояти.
Ҳаёти ёмон оқибат билан тугаган инсонлар ҳақида аҳли илмлар ўз китобларида кўпгина ибратли воқеаларни ёзиб қолдирганлар. Жумладан Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Дард ва даво» номли китобида шундай дейди:
«Пешонасига ёмон хотима битилган кимсаларнинг бирига ўлим тўшагида ётганда: «Ла илаҳа иллаллоҳ деб калима келтиргин!»- дейишса: «Айтолмаяпман!»- деб жавоб қилган. Яна бири ўлим тўшагида шаҳодат калимаси ўрнига алаҳлаб қўшиқ айта бошлаган. Тижорати Аллоҳ зикридан машғул қилиб қўйган бир савдогарга: «Ла илаҳа иллаллоҳ дегин!»- дейилса, унинг оғзидан фақат: «Бу яхши мол, жуда сизбоп, буни нархи арзон!»- деган гапдан бошқа нарса чиқмаган ва шу ҳолда жон берган».
«Тариқул ҳижратайн» номли китобларида зикр қилган ривоятларида атилишича: ал-Малик ан-Носир аскарларидан бирига ўлим етганда ўғли унга: «Ла илаҳа иллаллоҳ денг!»- деб айтса, отаси бунинг ўрнига: «Носир менинг эгам!»- деган гапни қайта-қайта айтиб жони узилган. Бошқа бир одамга ўлими олдидан тавҳид калимасини талқин этилса, у: «Фалон ҳовлининг у ерини тўғрилаб қўйинглар, фалон боғда бундай қилинглар!»- дея бошлаган. Бир судхўрга ўлими олдида: «Ла илаҳа иллаллоҳ дегин!»- деб айтилса, у: «ўнига ўн бир!»- дея такрорлаганча жон таслим қилган. Бундайларнинг баъзиларини ранги қорайиб кетгани ёки юзи қибладан бурилиб қолгани ҳақида ҳам ривоятлар келади.
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Унда жуда кўп яхшиликлар бор деб ўйлаб юрган одамнинг ўлаётган кечасида: «Ана Парвардигорим менга зулм қиляпти!»- деб айтаётганини эшитганман (Албатта Аллоҳ унинг гапларидан покдир). Ўзи ўлим тўшагида ётганига қарамасдан у Аллоҳ таъолога зулм билан туҳмат қиларди. Сўнгра Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ гапида давом этиб айтадики: «Мен ҳам безовта бўлганча шундай кунга йўлиқишга тайёргарлик кўра бошладим». «Сайдул хотир» 137.
Ажабо, одамлар бу каби воқеаларни кўриб қанча ибрат олганлар, ўлим талвасасида ётганларнинг аянчли аҳволларидан бизга махфийлари эса бунданда кўпроқ ва оғирроқдир. «Дард ва даво» 171-бет.
Ўлимни кўп эслаш
«Лаззатларни вайрон қилувчини яъни, ўлимни кўп эсланглар». Ибн Можа ва Термизий ривояти
Ҳа, дарҳақиқат, ўлимни эслаш кишини гуноҳдан тийиб туради, тош қотган қалбини юмшатади. Қайси бир инсон қийинчиликда, танг аҳволда қолганда ўлимни эслайдиган бўлса, унга ҳаёти кенгроқ кўрина бошлайди. Ким уни енгиллик-фаровонликда эсласа, ўлим унга ҳаётнинг тор ва қисқа эканлигини эслатади.
Ўлимни эслатадиган нарсаларнинг энг каттаси қабрларни зиёрат қилмоқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилиб туришга буюрдилар: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилинглар, чунки бу қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради, охиратни эслатади. Бекорчи сўзларни сўзламанглар». Ҳоким ривояти.
Мусулмон кишига ибратланиш, панд насиҳат олиш учун кофирларнинг қабрларини ҳам зиёрат қилишга рухсат берилган. Бунинг далили ушбу саҳиҳ ҳадисда келган:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қабрини зиёрат қилиб ўзлари ҳам йиғладилар, ёнидагиларни ҳам йиғлатдилар. Сўнгра: «Парвардигоримдан онамга истиғфор сўрашга рухсат сўраган эдим, изн бермади. Онамнинг қабрини зиёрат қилишга рухсат сўраган эдим, бунга изн берди. Сизлар ҳам қабрларни зиёрат қилинглар, чунки улар охиратни эслатади»- дедилар. Муслим ривояти.
Қабрларни зиёрат қилиш қалбни юмшатадиган энг яхши воситалардандир. Бунда зиёрат қилувчи ўлимни эслаш билан фойдаланса, ўликлар зиёрат қилувчининг дуоларидан фойдаланишади. Суннатда қабристонга борган киши қуйидагича дуо қилишга буюрилган:
«Ассаламу ала аҳлид-дияри минал-мўъминийна вал-муслимийн ва ярҳамуллоҳул-мустақдимийна минна вал-мустаъхирийн, ва иннаа ин ша Аллоҳу бикум лалахиқуун»
«Ассалому алайкум, эй бу ерда ётган мўъмин мусулмонлар! Аллоҳ таъоло биздан аввалгиларни ҳам, кейингиларни ҳам раҳм айласин! Биз ҳам Аллоҳ хоҳласа яқинда кетингиздан етиб боргучимиз!». Муслим ривояти.
Қабрларни зиёрат қилаётган киши зиёрат одобларига риоя қилиши, қалбини ҳозир қилиши, зиёрат қилишдан Аллоҳ розилигини ва қалбини ислоҳ қилишни қасд қилиши ҳамда тупроқ остига кириб, аҳли-биродарларидан узилиб қолган кишилардан ибрат олиши лозим бўлади. Зиёратчи орзу ҳавасларга берилиб, мол-дунё жамлаган сўнгра вафот этиб кетган ёру-биродарларининг қабр ичидаги ҳолатини фикр мулоҳаза қилиб кўрсин, уларнинг узун орзу-ҳаваслари қандай қилиб калта бўлиб узилиб қолгани, мол-дунёлари уларни беҳожат қила олмагани, тупроқ уларнинг чиройли юзларини чиритиб юборгани, таналари қабрда майда-майда бўлиб уваланиб кетгани, улардан сўнг аёллари тул қолиб, фарзандлари эса етим бўлгани ҳақида тафаккур қилсин. Ўзи ҳам бир кун албатта қабрга киражагини, ҳозир қабрда ётганлар каби унинг ҳам барча аъзолари парчаланиши, икки кўзи қандай оқиб тушиши, қурт унинг тилини кемиришини бир тасаввур қилсин. Дунё матоларига алданиб қолиш, соғлиги ва ёшлигига суяниш, ўйин-қулгига мойил бўлиш офатлари ҳақида ўйлаб кўрсин.
Эй, шайтон сўзига алданган ғофил!
Қариб, бир оёғинг гўрга ҳам кирмиш.
Насиҳат бефойда - тош қотган бу дил!
Кўзу қулоқ сенга нечун берилмиш?!
Кўру карлик асло инсонга ормас.
Ҳидоят топмаган кимсадан бўлак.
На замон на макон мангу қололмас.
На қуёш на ойу на олий фалак.
Кетар ҳар бир жонзот Аллоҳдан ўзга.
Кетмоқни истаса, ёмон кўрса-да.
Ким ўлимни кўп эсласа уч нарсага ноил бўлади:
- Тавбага шошилади
- Қалбида қаноат ҳосил бўлади
- Ибодатда фаол бўлади
Ким ўлимни унутса унга уч мусибат келади:
- Тавбани кейинга суради
- Борига қаноат қилмайди
- Ибодатда суст бўлади.
Ўлимнинг қалбга таъсир қиладиган кўринишларидан бири жон таслим қилаётганларни кўриш бўлса, яна бири уларни ўлганларидан кейинги ҳолатини кўришдир. Чунки ўлаётган кимсага назар қилиб, унинг алаҳлаши ва ўлим билан олишувларини ўз кўзи билан кўриш ҳамда унинг ўлганидан кейинги жонсиз кўринишини тааммул қилиш қалбдаги барча лаззатларни кесиб ташлайди, кўзлардан уйқуни, баданлардан роҳатни кетказади, кишини кўпроқ амал қилишга ундайди, унинг ҳимматини зиёда қилади.
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ бир касални кўргани борганида, унинг ўлим талвасаларида ётган ҳолда топди. Унинг қанчалик изтиробини ва қийналишини кўриб, уйига бошқача, ранги ўзгарган ҳолда қайтди. У кишидан: «Овқат еб оласизми?»- деб сўраганларида, у киши: «Эй аҳлим, емак-ичмак ўзларингизга буюрсин. Аллоҳга қасамки, мен бир ҳалокатли ҳолат гувоҳи бўлдим, энди ўзим ҳам ўша ҳолатга етиб боргунимга қадар тадоригимни кўриб, амал қиламан»,- деб жавоб қилдилар. Қуртубийнинг «Тазкира» китобидан.
Ўлим ибратини ҳис этишга ёрдам берадиган сабаблардан: ўликка жаноза намозини ўқиш ва уни елкада кўтариб, қабристонга олиб бориш, уни ерга дафн этиб, устига тупроқ тортиш. Албатта бу ҳолатлар охиратни эслатади.
«Касалларни зиёрат қилинглар, жанозаларга қатнашинглар, булар сизларга охиратни эслатади». Аҳмад ривояти.
Бундан ташқари, жанозага қатнашиш билан катта ажр-мукофот ҳам қўлга киритилади:
«Кимда-ким иймон билан ҳамда савоб талабида бир мусулмон жанозасига қатнашиб унга жаноза ўқиса, унинг учун бир қийрот ажр ёзилади. Кимки унинг жанозасига қатнашиб, кейин уни дафнида ҳам иштирок этса, у одам учун икки қийрот ажр бўлади.
- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қийрот нима?»- деб сўралди.
- Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғичадир (яна бир ривоятда икки улкан тоғчалик)- деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам». Бухорий ва Муслим ривояти
Салафлар — Аллоҳ уларни раҳмат қилсин — гуноҳ ишлар қиладиган кишиларга насиҳат қилсалар, уларга албатта ўлимни эслатар эдилар. Мана улардан бири бир йиғинда бошқа одамни ғийбат қилаётган кишига насиҳат қилиб шундай деди: «Сени оқ сурпга - яъни кафанга - ўрашаётган пайтдаги ҳолатингни бир тасаввур қилгин!».
Охират ҳолатларини эслаш
Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар инсоннинг фикри соғлом бўлса, унинг онги тўғри ишлайди. Бу эса қалбдаги бир нурдирки, инсон бу нур билан жаннат ҳақида берилган ваъдаларни, дўзахдан огоҳ этилган оят-ҳадисларни, Аллоҳ таъоло жаннатда дўстлари учун ҳозирлаб қўйган неъматларни, дўзахда эса душманлари учун ҳозирлаб қўйган азобу уқубатларни кўз олдига келтиради. Одамлар ҳақ Таъолонинг чақирувига жавобан қабрларидан шошилиб чиқадилар ва Қиёмат даҳшатларини ўз кўзлари билан кўрадилар. Шу пайт осмондан фаришталар тушиб уларни ўраб оладилар. Аллоҳ таъоло бандалар ўртасида ҳукм чиқариш учун келади ва ўз курсисини ўрнатади. Ер юзи Аллоҳ нури ила ёришади, китоблар, номаи аъмоллар ҳисоб-китоб учун ҳозир этилади. Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилади ва амаллар ўлчанадиган тарози қўйилади, номаи аъмоллар ёзилган саҳифалар учиб юради, дунёда ўзаро хусумат қилганларни бир ерга жамланади. Ҳар бир ҳақдор қарздор шеригига осилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳовузи ва ундан ичиш учун ҳозирланган пиёлалар яқиндан кўрсатилади, ўша кунда чанқаганлар кўп бўлса-да, сувга яқинлашишга озчилик одамларга рухсат берилади. Жаҳаннам устидан ўтиш учун кўприк қўйилади. Одамлар зўр бериб ундан ўтишга уринадилар. Кўприкдаги зулматни фақат унинг устидан ўтаётганлар учун қилган амалларига яраша берилган нургина ёритади. Унинг остида эса дўзах алангаси ловуллайди. Кўприкдан дўзах алангасига қулаётганлар нажот топувчиларга қараганда бир неча баробар кўп бўлади. Шуларнинг барчаси саломат қалб эгаси кўз ўнгида яққол намоён бўлади».
Қиёматнинг кўп аҳволлари Қуръони Карим сураларида акс эттирилган. Масалан «Қоф», «Воқеа», «Қиёмат», «Вал-мурсалат», «Набаъ», «Мутоффифийн», «Таквир» суралари шулар жумласидандир. Шунингдек ҳадис тўпламларидаги Қиёмат, Жаннат, Дўзах каби бобларда ҳам шу борадаги ҳадислар зикр этиб ўтилган. Шунингдек аҳли илмларнинг шу мавзуда ёзган китобларини, масалан ибн Қоййимнинг «Ходий ал-Арвоҳ», Ибн Касирнинг «Ан-ниҳояту фил фитани вал-малоҳим», Қуртубийнинг «Ўликлар аҳволлари ва Қиёматдаги ҳолатлар ҳақида эслатма», Умар ал-Ашкарнинг «Буюк Қиёмат. Жаннат ва Дўзах» номли китобларини мутолаа қилиш ҳам ниҳоятда фойдалидир. Бу китоблар номини келтиришдан мақсад шуки - китобхон уларни ўзи топиб ўқисин. Зеро улар қайта тирилиш, маҳшаргоҳда йиғилиш, шафоат, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот, тарозу, ҳавз, сирот, жаннат ва дўзах каби Қиёмат аҳволларини билишга ёрдам беради ва иймонни зиёда этади.
Коинотдаги оят-мўъжизалар ҳақида тафаккур қилиш
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар булут ёки шамолни кўрсалар, бу албатта у кишининг юзларида маълум бўларди. Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:
- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар агар булутни кўрсалар ёмғир ёғишини умид қилиб хурсанд бўлишади. Сизнинг эса уни кўрган пайтингизда юзингизда нохушлик пайдо бўлганини пайқайман?
- Эй Оиша, у булут ўзи билан жазо-азоб бўлиб қолишидан нима нарса мени хотиржам қилади? Бир қавм шамол билан азобланган. Яна бири эса азоб булутини кўрган чоғи: «Бу бизга ёмғир олиб келувчи булутдир!»- деб шодланган эди,- дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Бухорий ва Муслим ривояти.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар ой тутилганини кўрсалар қўрқиб турардилар.
Абу Мусо ал-Ашъарийдан ривоят қилинади: «Қуёш тутилган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат қойим бўлиб қолишидан қўрқиб титраб турдилар». Бухорий ривояти.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни қуёш ва ой тутилганда намозга шошилмоғимизга буюрганлар, ҳамда қуёш билан ой тутилишини бандаларни қўрқитиш учун Аллоҳ таъоло рўёбга чиқарадиган оятлар экани ҳақида хабар берганлар. Шубҳасизки, қалб Аллоҳнинг бундай оят-аломатлари билан ҳамдам бўлиши ва улардан қўрқиб-титраши ундаги иймонни янгилаб туради. Аллоҳнинг азоби, Унинг ғазаби, буюклиги, қудратини эслатади.
Оиша онамиз айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлимдан ушлаб ойга ишора қилдилар ва: «Эй Оиша, бунинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тиланг. Зеро бу зулматга чўмган кечадир!»- деб айтдилар. Аҳмад ривояти.
Ер ютиб юборганлар, Аллоҳ азобига гирифтор бўлган қавмлар яшаган жойлардан ва золимлар қабри олдидан ўтилганда таъсирланиш ҳам шулар жумласидандир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан Ҳижрга (Самуд қабиласи яшаган жой) етиб келганларида уларга: «Аллоҳ азобига гирифтор бўлган кимсаларнинг диёрларига фақат йиғлаган ҳолда киринглар. Агар йиғлай олмасангиз уларнинг ерига кирмай қўяқолинг! Тағин уларга етган нарса сизларга ҳам етиб қолмасин!»- дедилар». Бухорий ривояти.
Ажабо! Бугунги кунда одамлар ўша жойларга саёҳат учун ёки эсдалик учун суратга тушиш мақсадида бормоқдалар!! Бу ҳақда яхшилаб ўйланг.
Аллоҳни доим ёдда тутиш
Иймон заифлигини даволашда энг муҳим ишлардан бири Аллоҳни доимий равишда эслаш. Аллоҳ зикри бу - соғлом қалблар жилоси, касал қалблар шифоси ҳамда солиҳ амаллар руҳидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таъоло бизни шунга буюради: «Эй иймон келтирганлар Аллоҳни кўп зикр қилинглар!».
«Аллоҳни кўп эсланг - шояд зафарга эришсангиз!».
«Аллоҳни зикр қилмоқ барча нарсадан буюкдир».
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шариат амаллари менга кўплик қилаяпти. Шунинг учун менга фарзлардан ташқари маҳкам ушлашим фойдали бўлган бирон ишни айтинг!
- Тилинг доимо Аллоҳ зикри билан намланиб юрсин,- деб васият қилдилар унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Термизий ривояти.
Шубҳасиз, зикр - Аллоҳ ризосига олиб борувчи, шайтонни қувгувчи, ғам-ғуссани кетказувчи, ризқни жалб этувчи, маърифат эшикларини очувчи, жаннат кўчатлари, тил офатларини тарк этишга сабаб бўлувчи, садақа беришга бирор нарса топа олмаётган фақир-камбағаллар қайғуларига тасалли бергувчидир. Зеро, Аллоҳ таъоло уларга зикрни баданий ва молиявий ибодатлар ўрнини босадиган эваз қилиб берди. Дарҳақиқат, Аллоҳ зикридан узоқлашув - қалбни тош қотирувчи сабаблардан.
Аллоҳ зикрин унутган қалб - эрта ўлибди,
Жасад борку - аммо руҳи кирмиш қабрга.
Зеро руҳи жасадидан ажраб бўлибди,
То Қиёмат энди улар бўлолмас бирга.
Шунинг учун иймонининг заифлигини муолажа этишни истаган инсон Аллоҳни кўп зикр этиши лозим.
«Унутган пайтингизда Парвардигорингизни эсланг».
Аллоҳ таъоло зикрнинг қалбга бўладиган таъсирини баён қилиб шундай дейди:
«Огоҳ бўлингким, қалблар Аллоҳни зикр қилиш билан оромланади».
Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ зикр билан даволаш ҳақида шундай деган:
«Қалбда бир қаттиқлик бўладики, уни фақат Аллоҳнинг зикригина эритади. Бандага қалбининг қаттиқлигини Аллоҳни эслаш билан даволаш лойиқ бўлади. Бир одам Ҳасан Басрийга: «Эй Абу Саид, қалбимнинг қотиб кетаётганидан шикоят қиламан!»- деганида, у киши: «қалбингни зикр билан эритгин»- деб жавоб қилди». Бунинг сабаби шуки: қалбда ғафлат қанчалик кучайса, у шунчалик қотиб боради. Агар Аллоҳ таъолони зикр қилса, қўрғошин оловда эриганидек қалбдаги қаттиқлик ҳам эрийди. Қалб қаттиқлиги бирор нарса билан Аллоҳнинг зикри билан эриганчалик эримайди. Зикр қалбнинг шифосидир, ғафлат унинг касали. Ғафлатнинг давоси ва шифоси эса Аллоҳ таъолони зикр қилиб эслаб юришдадир.»
Макҳул роҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳни зикр қилиш - шифо, одамларни зикр қилиш эса касалликдир». Ибнул Қоййимнинг «ал-Вобил ассоййиб рофиъу ал-калимит тоййиб» номли китоби 142-бет.
Банда зикр билан шайтонни чалади, худди шайтон Аллоҳни эсдан чиқарувчи ва ғофилларни чалгани каби. Салафлардан бири шундай дейди:
«Қалбни Аллоҳнинг зикри бутунлай эгаллаб олган бир пайтда агар унга шайтон яқинлашадиган бўлса, ғофил инсонни шайтон чалгани каби, у ҳам шайтонни чалади. Шу пайт мўъмин қалбига яқинлаша олмай мағлуб бўлган шайтон атрофига бошқа шайтонлар жамланиб, бир-бирларидан: «Бунга нима бўлди?»- деб сўрашади. «Унга инс тегибди!»- деб айтилади. «Мадорижус соликийн» 2/424. Жин-шайтонлар тегиб дардга чалинадиган одамларнинг кўпчилиги дуо-зикрлар билан ўзларини ҳимоялаб юрмайдиган ғофил кимсалардир. Айни шу сабабдан шайтонлар уларни осонлик билан эгаллаб олишади».
Иймонининг заифлигидан шикоят қиладиган баъзи одамларга таҳажжуд намози ва бошқа нафл ибодатлар каби даволаш воситалари оғирлик қилади. Бундайларга қалб муолажасини зикрдан бошлаш ҳамда уни маҳкам ушлаш жуда муносибдир.
Бунинг учун улар қуйида келтирилган ва булардан бошқа зикрларни ёд олишлари ва доим шу зикрларни такрорлаб юришлари лозим.
سُبْحَانَ اللهِ وَ بِحَمْدِهِ سُبْحَانَ اللهِ الْعَظِيم
"Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳ ал-Азийм"
Аллоҳга ҳамд айтиш билан тасбеҳ айтаман. Буюк Аллоҳни поклайман
لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ, У ёлғиз, шериксиздир, бутун мулк ва ҳамд фақат Унга хосдир ва У барча нарсага қодир
لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللَّهِ
(Бирон бир ишни қилиш учун) қувват ва қудрат йўқ, магар Аллоҳ (мадади) биландир.
Шунингдек ҳадисларда фалон пайтда ёки фалон жойда айтилади деб ворид бўлган маъсур дуо-зикрларни ёд олиш ва уларни ҳадисларда қайд қилинган жой ва вақтларда такрорлаб юриш лозимдир. Масалан, эрталаб ва кечқурун айтиладиган зикрлар, уйқудан олдин ва уйқудан кейин, туш кўрганда, овқат ейишдан олдин ва кейин, сафарда, ёмғир ёққанда, азон эшитганда, масжидга кирганда, истиҳора намозида, мусибат етганда, қабристондан ўтганда, шамол эсганда, янги ойни кўрганда, аксирганда, маркабга минганда, хўроз қичқиргани, ит ҳургани ва эшак ҳанграганини эшитганда, мажлисдан тураётганда, бирон дардга мубтало кимсаларни кўрганда айтиладиган дуо ва зикрларни ҳам ёдлаб олиш ва ўз ўринларида шу дуоларни ўқиб юриш керак.
Шубҳасиз кимда-ким шу зикр ва дуоларни қилиб юрса, қалбида уларнинг бевосита таъсирини топади.
Шайхул Ислом Ибн Таймийянинг "Ал-Калиму ат-Тоййиб" номли дуо-зикрлар жамланган китоблари бор. Бу китоб ўз бобида жуда фойдали. Бу китобни шайх Носируддин ал-Албоний "Саҳиҳу ал-калиму ат-тоййиб" номи билан мухтасар қилганлар.
Аллоҳга хокисор бўлиб тавба-тазарру қилиш
Иймонни янгилаб турадиган муҳим ишлардан бири банданинг Аллоҳга хокисор бўлиб тавба-тазарру қилиши. Банда Аллоҳга қанча кўп хокисор ва тавозели бўлса, Унга шунча яқин бўлади. Шунинг учун ҳам расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Банда парвардигорига энг яқин бўлган ҳолати - унинг саждадаги ҳолати. Саждада кўп дуо қилинглар!». Имом Муслим ривояти. Чунки, саждада бошқа ҳолатларда бўлмаган хокисорлик ва тавозе бўлади. Банда ўзининг энг шарафли жойи бўлган пешонасини ерга теккизар экан парвардигорига энг яқин ҳолатда бўлади.
Ибн Қоййим тавба қилувчининг синиқлик ва хокисорлик билан айтган чиройли сўзи ҳақида шундай дейди:
«Мана шундай ҳолатда:
— Эй Парвардигор, Сенинг азиз менинг эса хору залил эканим сабабли Сендан мени раҳмат айлашингни сўрайман. Сенинг қувватли менинг эса заиф эканлигим ҳамда Сенинг мендан беҳожатлигинг менинг эса Сенга муҳтожлигим туфайли сўрайман. Менинг хатокор ва ёлғончи пешонам Сенинг қўлингдадир, Сенинг мендан бошқа ҳам қулларинг кўп, Сендан қочиб Ўзингдан бошқа кимга ҳам бораман. Сенга мискин-бечоралар каби тиланаман, синиқ-тавозели кишилар каби ёлвораман, Сен учун кўзларидан ёш оққан, Сен учун қалбида тавозе бўлган киши каби илтижо қиламан...- деб айтувчи кишининг сўзлари қандаям ширин!».
Парвардигорига шу каби сўзлар билан муножот қилган банда қалбидаги иймон, шубҳасиз бир неча баробар зиёда бўлади. Шунингдек банда ўзининг парвардигорига муҳтож эканлигини изхор қилмоғи ҳам иймонга қувват берувчи омиллардан ҳисобланади.
Дарҳақиқат Аллоҳ таъоло бизнинг Унинг ўзига муҳтожлигимиз ҳақида айтади:
«Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзигина (барча оламлардан) беҳожат ва барча мақтовга лойиқ зотдир». Фотир: 15.
Орзу ҳавасга берилмаслик
Бу ҳам иймонни янгилашда жуда муҳим омилдир. Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейди:
«Бунга энг катта далил ушбу ояти каримадир:
«Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), хабар берингчи, агар биз уларни (узоқ) йиллар (саломатлик, мол-давлат билан) фойдалантирсак-да, сўнгра уларга ваъда қилинган нарсалари (яъни азоб) келса, (ўша пайт) уларга (ҳаёти дунёда) фойдаланган нарсалари асқотурми?!». Шуаро: 205-207.
«...гўё (бу дунёда) фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар!». Ахқоф: 35.
Ҳа, модомики дунёнинг бор-йўғи шу экан, инсон «ҳали кўп яшайман!» деб, орзу-ҳавасларга берилиб юрмасин.
Салафлардан бири бир кишига:
«Бизга пешинни ўқиб беринг!»- деган эди, у: «Агар сизларга пешинни ўқиб берсам, сизларга асрни ўқиб бермайман»- деб айтди. Шунда ҳалиги салаф: «Бу гапингиз билан аср намозигача яшашни умид қиляпсизми? Аллоҳ таъолодан орзу-ҳавасларга берилишдан паноҳ тилаймиз!»- деди.
Дунёнинг ҳақирлиги тўғрисида фикр юритиш
Дунёнинг ҳақирлиги тўғрисида фикр юритиш лозим токи банда қалбидан дунёга берилиш йўқолсин. Аллоҳ таоло дейди:
«Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир». Ҳадид: 20.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Одам боласи ейдиган таом дунё учун чиройли мисол бўлади. У таомини қанчалик безаб, зираворлар қўшмасин, унинг (охир оқибатда) нима бўлиши ҳаммага маълумдир». Табароний ривояти, бу ҳадис Албонийнинг "ас-силсилатус саҳиҳа"сида 382- ракам билан зикр қилинган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деганларини эшитдим:
«Дунё малъундир, ундаги барча нарса ҳам малъун, магар Аллоҳнинг зикри ва Аллоҳнинг зикрига яқин бўлган солиҳ амаллар ҳамда олим ё эса мутааллим (таълим олувчи) бундан мустаснодир». Термизий ва Ибн Можа ривояти.
Аллоҳнинг ҳақларини улуғлаш
«Ким Аллоҳнинг ҳақларини ҳурмат қилса, бас бу Парвардигор наздида унинг ўзи учун яхшидир». Ҳаж: 30.
«Ким Аллоҳнинг қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур». Ҳаж: 32.
Аллоҳнинг ҳақлари бирон шахсга, жойга ёки бирон вақтга тааллукли бўлиши мумкин. Шахслардаги Аллоҳнинг ҳаққини улуғлашга мисол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаққини адо этмоқдир. Аллоҳнинг жойлардаги ҳаққини улуғлашга мисол – Макканинг ҳарамига риоя қилиш. Аллоҳнинг замонлардаги ҳаққини улуғлашга мисол рамазон ойини улуғлашдир.
Кичкина гуноҳларга беписанд бўлмаслик ҳам Аллоҳнинг ҳақларини улуғлашга киради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Кичик гуноҳлардан сақланинглар, чунки улар кимда йиғилиб қолса, албатта уни ҳалок қилади.» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга кимсасиз бир ерда дам олиш учун тўхтаган бир қавмни зарбулмасал қилиб келтирдилар. Уларга бирон егулик тайёрлаш вақти келганида, униси битта, буниси битта чўп олиб кела бошлади. Шу алфозда бир тўп ўтин йиғиб қўйишди ва йиққан ўтинларини ёқиб, унда ўз овқатларини пишириб олишди». Аҳмад ривояти.
Катта ҳамда кичик гуноҳларни тарк эт, шу - тақво!
Билиб-билмай тикан босма, бўлгин сен хазир!
Бўлмагин сен кичик гуноҳларга зинҳор бепарво!
Катта тоғ ҳам майда тошдан жамланган ахир!
Ибн Жавзий «Сойдул Хотир» номли китобида айтади:
«Кўпчилик одам ўзича арзимас деб ўйлаган ишларга енгил қарайди. Ҳолбуки айни шу «арзимас» ишлар билан ўз иймонига путур етказишини билмайди. Масалан, ҳаромдан кўзни тиймаслик, баъзи толиб илмлар китобнинг бирор жилдини фойдаланишга олиб, сўнгра қайтармаслиги каби».
Салафлардан бири айтади:
«Бир пайтлар биргина луқмани бепарво еб қўйгандим. Мана қирқ йилдан бери амалларимда ортга кетмоқдаман». Албатта бу сўз унинг камтарлигидандир.
Ал-Вало вал-баро.
Мўъминларни дўст ва кофирларни душман тутиш.
Мўъминларни дўст ва кофирларни душман тутиш ҳам қалбдаги иймонни янгилайдиган омиллардан биридир. Агар қалб Аллоҳнинг душманларига боғланиб қолса, жуда ҳам заифлашиб кетади ва ундаги эътиқод аста секин сўна боради. Агар дўтслашишни холис Аллоҳ учун қилса ва Аллоҳнинг мўъмин бандаларини дўст тутса, уларга ёрдам берса ва Аллоҳнинг душманларига душманлик қилиб, уларни ёмон кўрса албатта бу ҳолат киши иймонини жонлантиради.
Тавозели бўлиш
Иймонни янгилаб туришда ва қалбни кибр зангидан тозалашда тавозе фаол аҳамиятга эга. Зеро сўзда ва амалда, ташқи кўринишда тавозели бўлиш қалбнинг Аллоҳга тавозе қилишига далолат қилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тарки дунёлик иймондандир» деб айтганлар. Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти. Абу Довуднинг ривоятида "Кунларнинг бирида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида асҳоблар дунёни зикр қилдилар. Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эшитмайсизларми, эшитмайсизларми «Тарки дунёлик иймондандир», «Тарки дунёлик иймондандир», дедилар.
Бу ҳадисдаги «Тарки дунёлик»дан мурод кўринишда ва кийим-кечакда тавозели содда бўлмоқдир.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки (янги ва гўзал кийимлар билан) кийинишга қодир бўла туриб, Аллоҳга тавозе қилиб буни тарк этса, Аллоҳ таъоло уни Қиёмат кунида бутун халойиқ олдида чақиради ва унга иймон кийимларидан истаганини танлаб, кийиш ихтиёрини беради». Термизий ривояти.
Абдурроҳман ибн Авфни қуллари ичидан ажратиб бўлмас эди.
Ўзни ҳисоб-китоб қилиш
Ўзни ҳисоб-китоб қилиб туриш иймонни янгилашда муҳимдир. Аллоҳ таоло дейди: «Эй мўъминлар, Оллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин!» Ҳашр: 18.
Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: "Ҳисоб беришингиздан аввал ўзингларни ҳисоб-китоб қилинглар". Ҳасан Басрий айтадилар: "Сен мўъминни қачон бўлса ўз нафси билан ҳисоблашаётганини кўрасан". Маймун ибн Меҳрон: "Тақводор ўз нафси билан хасис ўзининг тижоратдаги шериги билан ҳисоблашганидан кўра қаттиқроқ ҳисоблашади".
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Нафснинг ҳалокати унинг ҳисоб-китобини бепарво ташлаб қўйишда, унга мувофиқ келиш ва унинг хоҳишига эргашишдадир".
Мусулмон киши учун ўз нафси билан ҳоли қолиб, уни тергайдиган ва ҳисоб-китоб қиладиган вақти бўлиши даркор, қарасинчи, у қайта тирилиш кунига нима нарса тайёрлади экан!
Ва ниҳоят, Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилиш мўъмин маҳкам ушлаши керак бўлган нарсалардандир. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта иймон сизлардан бирингизнинг ичида худди кийим эскиргани каби эскиради. Аллоҳдан қалбларингизда иймонни янгилашини сўранглар». Табароний "Ал-Кабир"да ривоят қилган.
Cўнгсўз
اللهم إنا نسألك بأسمائك الحسنى وصفاتك العلى أن تجدد الإيمان في قلوبنا ، اللهم حبب إلينا الإيمان وزينه في قلوبنا ، وكره إلينا الكفر والفسوق والعصيان واجعلنا من الراشدين ، سبحان ربك رب العزة عما يصفون وسلام على المرسلين والحمد لله رب العالمين .
Сўзимиз сўнгида оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар ва Расули Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салоту саломлар айтиб қоламиз! Омийн.
Илова
[1] «Бақара»- 17.
[2] «Бақара»- 171.
[3] «Бақара»- 261.
[4] «Аъроф»- 176.
[5] «Жумъа»- 5.
[6] «Ҳаж»- 73.
[7] «Анкабут»- 41.
[8] «Худ»- 24.
[9] «Иброҳим»- 18.
[10] «Иброҳим»- 24,26.
[11] «Юнус»- 24.
[12] «Нур»- 35.
[13] «Наҳл»- 75.
[14] «Зумар»- 29.