×
«Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг шаҳид қилиниши» китобидан иқтибос қилинган бу мақолада Ошуро кунидаги бидъатларга тааллуқли ҳамда Расулуллоҳнинг суннатлари ва мусибатларда ислом одоблари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.

ОШУРО КУНИ ВА МУСИБАТЛАРДА ИСЛОМ ОДОБЛАРИ

«Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг шаҳид қилиниши» китобидан иқтибос

[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

Доктор Али Муҳаммад ас-Саллабий

—™


Мутаржим: Абу Абдуллоҳ Шоший

Муҳаррир: Абу Муҳаммад Али Бухорий

يوم عاشورا
وآداب الإسلام في المصائب

مقالة مقتبسة من كتاب " استشهاد الحسين رضي الله عنه بين الحقائق والأوهام "

[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

الدكتور علي محمد الصلابي

—™

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

مراجعة: أبو محمد علي البخاري

Ошуро куни

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Ошуро куни Муҳаррам ойининг ўнинчи куни бўлиб, бу кунда ўта хунук бидъатлар ўйлаб топилган ва ушбу кун масаласида чуқур кетган ва бепарволик қилган икки тоифа инсонлар ҳалокатга гирифтор бўлдилар. Бу тоифалардан бири бу кунни хурсандчилик ва шодлик куни қилиб олган бўлса, наригилари қайғу ва мотам кунига айлантириб олдилар[1].

Шиъа тоифаси Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши воқеаси борасида ҳаддан ташқари ғулув кетдилар ва унинг шаҳид қилиниш куни бўлган Муҳаррам ойининг ўнинчи кунини то бугунги кунимизга қадар ҳар йили такрорланиб турадиган мотам, қайғу ва фарёд солиб йиғлаш куни қилиб олдилар ҳамда бу амаллари учун ажру савоб ҳам тайин қилиб олдилар. Уларнинг даъволарича, бу амал раҳмат ва мағфиратга сабаб бўлувчи ҳамда гуноҳ ва хатоларни каффорат қилувчидир[2].

Тусий ўзининг “Амолий” номли китобида ўзнинг санади билан Ризо алайҳиссаломдан ривоят қилди, у шундай деди: “Ким Ашуро кунини деб ўз эҳтиёжлари учун югуриб-елишни тарк этса, Оллоҳ унинг дунё-ю охират эҳтиёжларини бароридан келтиради. Ким Ошуро кунини мусибат, қайғу ва дод-фарёд солиб йиғлаш куни қилса, Оллоҳ азза ва жалла унга қиёмат кунини шоду хуррамлик куни қилади ва жаннатларда биз билан кўзлари қувнайди”[3].

Яна Тусий ўзининг санади билан Абу Аммора Куфийдан ривоят қилди, у деди: Жаъфар ибн Муҳаммад алайҳиссаломдан шундай деганини эшитдим: “Ким бизнинг тўкилган қонимиз учун, ёки бизнинг ҳаққимиз тортиб олингани учун, ёки бизнинг ё тарафдорларимизнинг ор-номуси тўкилгани учун кўз ёш тўкса, Оллоҳ таоло бу сабабли унга жаннатда улкан неъматлар ҳозирлайди”[4].

Барфий ўзининг санади билан Жаъфар ас-Содиқдан ривоят қилди, у деди: “Унинг ёнида Ҳусайн гапирилганда кўзларидан чивиннинг қанотичалик кўз ёш чиққан кишини гуноҳлари денгизнинг кўпикларичалик бўлса ҳам мағфират қилинади”[5].

Мажлисий ўзининг китобида бир бўлим ажратиб, уни Ҳусайннинг ва қолган имомларнинг мусибатлари учун йиғлашнинг савоби деб номлади. Бу бўлимда Ошуро кунида йиғлаш ва мотам тутиш одоби ҳақида сўз юритиб, унга доир ўттиз учдан ортиқ ривоят келтирди. Жумладан, ўзининг санади билан Абу Абдуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилди, у деди: (Ўликлар учун) ҳасрат-надомат қилиб йиғлашнинг ҳаммаси макруҳдир. Фақат Ҳусайн алайҳиссалом учун ҳасрат-надомат қилиб йиғлаш бундан мустасно”[6].

Улар ҳатто осмону Ер ҳам фаришталар, жинлар ва қолган махлуқотлар йиғлагани каби Ҳусайннинг ўлдири-лиши сабабли йиғлади, осмондан қон ёғди ва тупроқ қонга беланди, деб даъво қилдилар[7].

Улар бу билан ҳам кифояланмадилар, айтдиларки: Ошуро куни рўза тутиш ҳаром бўлган кундир. Ким бу кунда рўза тутса, Ҳусайн ва Аҳли Байт разияллоҳу анҳумга душмандир[8].

Кулайний ўзининг санади билан Жаъфар ибн Ийсодан ривоят қилди, у деди: Ризо алайҳиссаломдан Ошуро куни рўза тутиш ва одамларнинг бу кун тўғрисида айтаётган гаплари ҳақида сўрадим, шунда айтди: “Мендан Ибн Маржонанинг рўзаси ҳақида сўрадинг. У кун Зиёд оиласи Ҳусайн алайҳиссаломнинг ўлдирилиши муносабати билан одамларни рўза тутишга чақирган кундир. Ва у кун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам оиласининг ҳамда бутун Ислом аҳлининг бахтсизлик куни деб эътибор қилган кунидир. Шу сабаб у кун улуғланмайди ва рўза ҳам тутилмайди. Душанба куни ҳам машъум кун бўлиб, Оллоҳ азза ва жалла бу кунда Пайғамбарининг жонини олди ва Муҳаммад оиласига фақат душунба куни мусибатлар келди. Шу сабабли биз бу кунни бахтсизлик куни деб эътибор қиламиз, Ибн Маржона эса, бу кунни улуғлайди. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам оиласи шумланган бу икки кунда (Ошуро ва душанба кунида) рўза тутса, ёки уни улуғласа, Оллоҳ табарока ва таолога қалби бузилган ҳолда йўлиқади ва бу икки кунда рўза тутишни суннат қилиб олган ва бу кунларни улуғлаган кимсалар билан маҳшарда бирга бўлади”[9].

Юқоридагилар каби бу мавзудаги ёлғон-яшиқ, тўқима ривоятлар тўлиб тошиб ётибди.

Бу кунда мотам тутиш шиъалар кучга кирганда, ёки салтанат бошига келганда яққол намоён бўлди. Мана 352 ҳижрий (963 милодий)да шиъалардан бўлган Бани Бувайҳ давлатида подшоҳ Муиззуддавла бин Бабавайҳ Бағдод халқига Ошуро куни Ҳусайн разияллоҳу анҳу учун фарёд солиб йиғлашни мажбурий қилди ва бозорларни ёпишга буюрди ва ошхоналарда овқат пишириш таъқиқланди. Шиъадан бўлган хотинлар кўчаларга чиқиб, юзларини тимдалаб, шапатилаб, сочларини юлиб дод-фарёдлар солдилар, марсиялар айтдилар ва одамларни ҳам шундай қилишга мажбурладилар. Бу дастлабки очиқчасига қилин-ган расмий мотам бўлганди[10].

Шунингдек, Фотимий Убайдийя давлати ҳам бир қанча байрам ва маросимлар қатори Ошуро кунини ғам-қайғу ва дод-фарёд қилиш куни қилиб олишди. Бу кунда бозорларни ёпдилар, марсия айтувчилар кўчаларга чиқиб марсиялар айтдилар. Бу кунда халифа юзини ёпиб, маҳзунлигини кўрсатиб ўтирарди. Худди шунингдек, қозилар, даъватчи-лар, аёнлар-у амирлар ҳам бош яланг ва оёқ яланг бўлиб, юзларини ёпиб қайғуларини изҳор қилиб ўтиришарди. Шоирлар эса аҳли байт ҳақида шеърлар, нашидлар ва марсиялар айтишар, Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши тўғрисида қисса ва ривоятлар айтиб ўтиришар эдилар[11].

Бу кунлардаги уларнинг намойишларидан, мотамчилар кўча-кўйларда юзлари ва кўксларига уриб намойиш қилишар ва то қон оққунича елкаларига занжир ва темирлар билан уришарди[12].

Ибн Касир 400 ҳижрий (1009 милодий) йил атрофларида Бани Бувайҳ давлатида шиъаларнинг Қуръон ва Суннат ҳудудларини поймол қилиб, қилган ишларини айтаркан, шундай дейди: Ошуро куни Бағдод ва бошқа шаҳарларда дўмбиралар чалиниб кутиб олинарди. Кўча-кўйлар ва бозорларга кул ва қум сепилар, дўконларга қанорлар осилар ва одамлар дод-фарёд қилиб қайғуларини изҳор қилишарди. Кўпчилик одамлар Ҳусайн чанқоқ ҳолда қатл қилинган дея, у чеккан азобни татиш учун бу кунни сув ичмасдан ўтказишарди. Аёллар юзлари очиқ, оёқ яланг ҳолда юзлари-ю кўксларига уриб, дод-фарёд қилиб кўчаларда юришарди. Хуллас ақл бовар қилмайдиган хунук бидъатлар ва ярамас қилиқлар-у ахлоқсизликларни қилишар ва бу билан Бани Умайя давлатига эътирозларини намоён қилишарди. Чунки Ҳусайн разияллоҳу анҳу Бани Умайя даврида қатл қилинган эди[13].

Шиъа олимлари Муҳаррамнинг ўнинчи куни, яъни Ошуро кунида мотам маросимларини қилишни жоиз деб билдилар. Шиъа олими Муҳаммад Ҳусайн Ғаровий Ноиний бу ҳақида сўралган саволга қуйидагича жавоб берган:

1. Ошуро куни мотам маросимларига чиқиш, кўча-кўйларда намойишлар қилишнинг жоизлиги ва қувватли-лиги ҳақида ҳеч шубҳа йўқ. Чунки мазлумнинг таъзияси фақат мана шунга ўхшаган маросимлар билан кўрсатилади. Шунингдек, бу Ҳусайнийя даъватини узоқ ва яқиндаги барча одамларга етказишнинг энг осон ва қулай йўллари-дандир.

2. Шу билан бирга ёқа йиртиб, юзга ва кўксга қизаргунича ва кўкаргунича уришнинг жоизлигида бирон муаммо йўқ. Ҳатто елка ва сиртга мазкур тарзда зинжирлар билан уришнинг жоизлиги қувватлироқдир. Озроқ қонагу-нича занжир билан уриш ва қўл билан шапатилаш янада қувватлироқдир. Қилич ва ханжар каби кесувчи жисмлар билан қон чиқаришга келсак, агар таҳликали зарари бўлмаса, жоизлиги ўта қувватлидир.

3. Таъзияни, йиғлаш ва йиғлатишни сақлаб қолиш мақсадида асрлар бўйи Имомийя шиъаларининг одатларига айланган қиёфаларини ўзгартириб томоша кўрсатишлари, гарчи бунда эркаклар аёлларнинг кийимларини кийишни ўз ичига олса ҳам кучли қавлга кўра жоиздир. Бу фатво шиъалар назарида бугунги кунда ҳам маълум ва уларда бунга ижмоъ бордир. Ҳатто уларнинг ўн иккидан ортиқ олимлари буни тасдиқлагандир[14].

Носируддин Шоҳ бу намойишлар ҳақида шундай дейди: “Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Ироқда мотам кийимлари кийилади. Эркаклар кўчаларга ялонғоч ҳолда чиқиб, бир тахтиравон ортидан юришади. Тахтиравонни ҳатто бир неча метрга етадиган қилиб жуда баландга кўтарадилар ва қўлларида учида ўткир кичик тиғи бор темир занжирлар билан кўкракларига ва сиртларига қон оққунича уришади. Кўпинча улардан баъзилари ўлади ҳам. Аёллар эса ҳовлиларида ўтириб олиб, дод-фарёд солиб, кўкракларига қўллари билан уриб йиғлайдилар. Буларнинг бари уларнинг тушунчаларига кўра мазлум ҳолда ўлдирил-ган Ҳусайнни улуғлаш учун қилинади”[15].

Саййид Муҳсин Ҳусайний Омилий бу мотам ҳақида шундай дейди: “Биз Ҳусайннинг ўлдирилгани учун овоз чиқариб ёки чиқармай кўз ёш қилиб йиғлаб, бунга сабаб бўлган нарсаларни жонли тутиб, қайғу-аламни, афсус-надоматни кўрсатиб мотам тутишни истаймиз. Одамларни ҳаёжонлантириб, маҳзун қилиш ва йиғлатиш учун мусибатни эслатадиган марсиялар, шеърлар ўқишни хоҳлаймиз”[16].

Улар бу билан ҳам кифояланмадилар, Хумайний айтади: “Шаҳидлар саййиди алайҳиссалом учун йиғлаш ва Ҳусайнийя мажлисларини қилиш, Исломнинг 14 аср давом эттирган удумидир”[17].

Йиғлаш қачондан бери даъват услуби бўлди?! Қачонда бери оҳ-воҳ жиҳод бўлди?! Буларнинг бари Имомийя шиъаларининг эътиқодидир.

Хўш, бу ишлар Ислом динида борми ўзи?

Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг ўша мазкур ишларга умуман алоқаси йўқ, покдир. Чунки унинг бобоси — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган Ислом дини бу ишларни жоиз кўрмайди. Мана Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

“Яноқларига шапатилаб, ёқасини йиртиб, жоҳилият ишларига чорлаганлар биздан эмас”[18].

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Дод-вой солиб йиғловчи аёл агар ўлмасидан олдин тавба қилмаса, қиёмат кунида қатрон[19]дан кўйлак ва қора қўтирдан совут кийган ҳолда турғазилади”[20].

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Мен мусибат чоғида дод-вой солиб бақирадиган, сочларини қирдириб олдирадиган ва ёқаларини йиртадиган аёллардан покман”[21].

Шиъалар мотам тутиш, юзга уриб, дод-вой солиб фарёд қилиш, қора либос кийиш, занжирлар билан ўзларини уриш ва бошқа ишларни Ҳусайнийя маросимлари номи остида қиладилар ва уларнинг уламолари ва улуғлари буни жоиз деб фатво беришади, ҳолбуки бу ишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилларида ва аҳли байт имомларининг сўзларида ҳаромлиги айтилган ва булар шиъаларнинг қадимги ва ҳозирги кундаги манбаларида мавжуддир. Шунингдек, шиъаларнинг ўн икки имомлик имомийя мазҳабининг таниқли олимлари ва шайхлари бу ишларнинг ҳаромлигини эътироф қиладилар[22].

Мана шиъалар ас-Содуқ (ўта ишончли) деб лақаб қўйган Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Алий ибн Бобавайҳ Қаммий айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг ундан олдинга ўтиб кетилмайдиган сўзларидан бири: “Дод-вой солиб йиғлаш жоҳилият амалидандир”, деган сўзидир[23].

Муҳаммад Боқир Мажлисий шу лафз билан ривоят қилди: “Дод-вой солиб йиғлаш жоҳилият амалидир”[24]. Демак, шиъалар авлоддан авлодга давом эттириб келаётган дод-вой солиб йиғлаш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бериганлари каби жоҳилият амалларидан экан[25].

Шиъаларни Ҳусайнийя маросимларидан қайтарувчи ривоятлардан, мўминлар амири Алий разияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларидир: “Бир ўлкага султон бўлсанг, ўликлар учун дод-вой солиб йиғлашдан ҳазир бўл!”[26]

Яна унинг сўзларидан: “Жоҳилият ишларидан уч нарса борки, то қиёмат одамлар уларни қилишда давом этадилар: юлдузлардан ёмғир сўраш, насабларга таъна қилиш ва ўликлар учун дод-вой солиб йиғлаш”[27].

Имом Боқирнинг сўзларида келган далиллардан: “Сабрсизликнинг энг ашаддий кўриниши — ўзига ўлим тилаб бақир-чақир қилиш, оҳ-вой қилиш, юзга ва кўкракка уриб, сочини юлишдир. Ким дод-вой солиб йиғласа, сабр қилмаган ва сабр қилишдан бошқа йўлни тутган киши-дир”[28].

Бошларига ханжар ва қилич билан уриб, қон оқизишни инкор қилиб шайх Ҳасан Муғнийя шундай дейди: “Бошларга ханжар ва қилич билан уриб, қон оқизишнинг Исломда бирон насибаси йўқ ва бу ҳақда бирорта очиқ далил келмаган. Лекин у, Карбало фожеасини эслатиб бегуноҳ қонларни оқизиш билан мўминларни жумбишга келтирадиган бир туйғудир”[29].

Бу ишлар мункар ва хунук бидъатлардан эканида ҳеч шак-шубҳа йўқдир[30].

 Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг ўлдирилиши катта мусибат, албатта. Лекин Ислом дини бизга мусибатлар-даги одобларини ўргатди.

Мусибатлардаги ислом одоблари:

 1. Мусибатга сабр қилиш:

Мўмин киши бошига тушган мусибатга сабр қилади, бу мусибат келгандаги энг катта одоблардан биридир. Ичдан ёмон кўриб, дарғазаб бўлишдан қалбни, шикоят қилишдан тилни ва ёноқларга уриб, ёқа йиртиб, соч юлиб, жоҳилият даъволарига чорлашдан аъзоларини тийиш мана шу сабр жумласидандир. Сабр қилиш мусибат хабарини биринчи марта эшитган маҳал бўлиши лозимки, Пайғамбар соллал-лоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Албатта сабр, илк зарба маҳали кўрсатилган сабрдир”[31].

 2. Бошга тушган мусибат сабабли савоб умид қилиш:

Мусибатга сабр қилишда Оллоҳ таолодан ажру мукофот кутиш лозим. Оллоҳ ваъда қилган ажр ва савобларни истаб ва Оллоҳ сабрга буюрган деб сабр қилинади. Оллоҳ азза ва жалла шундай деди: “Ва ўзингга етган балоларга сабр қил! Албатта, мана шу ишларнинг мақсадга мувофиғидир” (Луқмон, 17).

Ўзига энг қадрли нарсани ёки кишини йўқотганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари-ни хотирлайди: “Оллоҳ таоло айтади: Мўмин бандамнинг дунё аҳлидан (жонидан ортиқ кўрган фарзанди ёки отаси ёки бошқа) энг қадрли яқинининг жонини олсам, у савоб умидида сабр қилса, унинг ҳузуримдаги мукофоти фақат жаннатдир”[32].

Оллоҳ таоло бошига тушган мусибатларга сабр қилганларга мана шундай улкан ажрлар ваъда қилган, лекин битта шарт билан, у ҳам бўлса, Оллоҳ таолонинг розилиги учун сабр қилса, бу ажрларга эришади. Оллоҳ таоло айтадики: “Улар Раббиларининг Юзини кўзлаб (мусибатларга) сабр-тоқат қиладиган зотлардир” (Рум, 22).

Шундай экан, Оллоҳ таоло учунгина сабр қилиш керак, ноиложликдан эмас. Ҳатто Оллоҳнинг ҳукмига рози бўлиб, бўйсуниб сабр қилиш даркор[33].

3. Истиржо ва мусибат дуосини айтиш:

Мусибат келганда мўмин киши: “Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун. Аллоҳумаъжурний фи мусибати, ва ахлифлий хойрон минҳо”, дейди. Маъноси: “Албатта, биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтувчилармиз. Эй Оллоҳ, мана шу мусибатимда менга ажру мукофот бер ва мен учун ундан яхшироқ бўлган нарсани эваз қил.

Оллоҳ азза ва жалла деди: “Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз», дейдиган собирларга хушха-бар беринг. Ана ўшаларга Раббилари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир” (Бақара, 155-157).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қайси бир мусулмонга мусибат келганда Оллоҳ буюрган нарсани айтса: “Албатта, биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтувчилармиз. Эй Оллоҳ, мана шу мусибатимда менга ажру мукофот бер ва мен учун ундан яхшироқ бўлган нарсани эваз қил, деса, муҳаққақ Оллоҳ унга ундан яхшироқ бўлган нарсани эваз қилади”[34]. Умму Салама айтади: (Эрим) Абу Салама ўлганда, ким ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнига биринчи ҳижрат қилган Абу Саламадан кўра яхшироқ бўларди? — дедим. Сўнгра шу дуони айтдим. Шунда Оллоҳ менга Расулуллоҳни эваз қилди[35].

Шунингдек, “Аллоҳу робби, лаа шарийка лаҳ”, дейди. Маъноси: “Оллоҳ Раббим, Унинг шериги йўқдир”. Ана шунда Оллоҳнинг изни билан ундан мусибат ва балолар кушойиш бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимга бир ўй, ғам, касаллик ёки қийинчилик етса ва у: Оллоҳ Раббим, Унинг шериги йўқдир, деса, Оллоҳ унинг мусибатини кўтаради”[36].

Яна қайғу, ғамгинликда ўқиладиган дуони айтади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қайғуга тушган кишининг дуолари: Аллоҳумма роҳматика аржу, фалаа такилний ила нафсий торфата айн, ва аслиҳ лий шаъний куллаҳу, лаа илаҳа иллаа анта”, маъноси: “Эй Аллоҳим, раҳматингдан умидворман. Мени бирон лаҳза ҳам ўзимга топшириб қўйма. Менинг бутун шаънимни-ишларимни ўнгла. Сендан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ”[37].

Яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган қуйидаги дуони айтади. Агар бир иш Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ташвишга солса, “Я ҳайю, я қойюму, бироҳматика астағису”, дер эдилар. Маъноси: “Эй Ҳай-Барҳаёт, эй Қойюм Зот, Сенинг раҳматинг билан ёрдам-мадад сўрайман”[38].

4. Оллоҳни ғазаблантирадиган ҳамма нарсадан узоқ бўлиш:

Оллоҳни ғазаблантирадиган нарсалар сўзда ёмонликни жаҳрий айтиш жинсидан ҳисобланади. Юзга уриш, ёқа йиртиш, сочни қириб олдириш, дод-вой солиб йиғлаш, одамларга шикоят қилиш, ўлимини ва ҳалокатини сўраш каби ишларнинг бари Оллоҳ таолони ғазаблантирадиган нарсалар бўлиб, мусибатларга сабр қилишга ва Оллоҳнинг қадарига рози бўлишга зид ишлардир[39].

5. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотини эслаб, ўзидаги мусибатни енгиллатмоқ:

У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этишлари ва осмондан ваҳий келишининг узилиб қолиши ҳам умматга, ҳам ҳар бир мусулмонга келган энг катта мусибатдир. Мусибатланган киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этишлари сабабли дучор бўлган энг катта мусибатни эсласа, бошига тушган мусибат енгиллашади. Зеро катта мусибат фақат ундан ҳам каттароқ мусибатни кўриш билангина енгиллашади. Набий соллал-лоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлардан бирортангизга мусибат етса, мен сабабли кўрган мусибатини эсласин, чунки у мусибатларнинг энг каттасидир”[40].

6. Мусибатдаги неъматни кўрмоқ:

Мусибат келганда мусулмоннинг одобидан бири ундаги Оллоҳ таолонинг неъмати кўра олишидир. Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши мудҳиш, ўта манфур иш бўлган бўлса ҳам, унинг (Ҳусайннинг) ўзига нисбатан бу нарса яхшилик ва сийловдир. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: Ҳусайн ибн Алий разияллоҳу анҳумо Ошуро кунида золим, тажовузкор тоифа тарафидан ўлдирилганда Оллоҳ таоло Аҳли Байтдан шаҳодат билан икром қилганлари каби Ҳусайнга ҳам шаҳодатни насиб қилди. Оллоҳ Аҳли Байтдан Ҳамза, Жаъфар, унинг (Ҳусайннинг) отаси Алий ва бошқаларга шаҳодат неъматини берган эди. Ҳусайннинг шаҳид бўлиши сабабли Оллоҳ унинг марта-басини кўтарди ва даражасини юксалтирди. У ва акаси Ҳасан жаннат аҳли йигитларининг саййидлари ва ҳеч ким етолмайдиган олий манзиллардадирлар. Бу манзилларга фақат ўшандай балоларга дучор бўлиб шаҳид бўлганлар-гина эришиши мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Одамларнинг қайсилари энг қаттиқ балоларга гирифтор бўладилар?” — деб сўрашди. Шунда дедилар: “Пайғамбарлар, сўнгра солиҳ инсонлар, сўнгра уларга яқин бўлганлар, сўнгра уларга яқин бўлганлар. Киши динига яраша балога гирифтор бўлади. Агар динида мустаҳкам бўлса, (бериладиган) бало-мусибат зиёда қилинади. Агар динида бўш бўлса, (бериладиган) бало-мусибат енгилла-тилади. Мўмин кишига бало-мусибатлар келаверади, ҳатто у ер юзида хатолардан холи бўлган ҳолда юради(ган даражада гуноҳлардан покланади)[41].

Ҳасан ва Ҳусайнларга Оллоҳ таоло тарафидан олий мартабалар берилди. Ҳолбуки, ўзларидан олдин ўтган покиза аждодига (ота ва боболарига) етган мусибат уларга етмаганди. Чунки бу иккиси Ислом азизлигида дунёга келди ва иззат ва икромда тарбия кўрдилар, улғайдилар. Мусулмонлар уларни улуғлаб, иззат-икром қилдилар. (Боболари) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида улар ҳали тамйиз ёши (7 ёш)га ҳам етмаганди. Оллоҳнинг уларга берган неъмати уларни Аҳли Байтдан бўлган улардан кўра афзал кишиларни балолантиргани каби мусибатлантирганидир. Мана Алий ибн Абу Толиб у иккисидан (яъни, ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайндан) афзал эди, у ҳам шаҳид қилинди[42].

7. Қазои-қадарни эсламоқ:

Мусулмон киши қачон бу мусибатлар азалдан ёзилган, тақдир қилинган эканига қатъий ишонса, қачон Оллоҳ тақдир қилган барча нарса албатта содир бўлишини ва Оллоҳ таоло бу мусибатларни тақдирига битганлигини ақлига келтирса, бу мусибатлар унга енгиллашади.

Оллоҳ таоло деди: “На ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Оллоҳга осондир. Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагай-сизлар ва (Оллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсизлар. Оллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Ҳадид, 22-23).

8. Шиъаларнинг Ошуро кунида қиладиган ишлари ҳақида Ибн Таймия ва Ибн Касирнинг фикрлари:

Ибн Таймия айтади: Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши сабаб шайтон инсонларга иккита бидъатни ўргатди. Бири, Ошуро куни юзга шапатилаш, оҳ-вой солиб фарёд қилиш, сув ичмаслик, марсиялар ўқиш каби ишларни қилиб, маҳзун бўлиш ва дод-вой солиб йиғлаш бидъатидир. Камига бу тоифа салафи солиҳни сўкиб, уларга лаънатлар айтишгача, бегуноҳ кишиларни гуноҳкор қилиб, ҳатто илк мусулмон бўлган саҳобаларни сўкишгача бордилар. Улар айтаётган қиссалар ва хабарларнинг аксарияти ёлғондир. Уларнинг бундан кўзлаган мақсадлари умматни парчалаш ва фитна эшигини очишдир.

Бу каби мотам тутишлар мусулмонларнинг иттифоқига биноан вожиб ҳам, мустаҳаб ҳам эмас, балки ўтмишдаги мусибат учун дод-вой солиб йиғлаш, бетоқатлик қилиш Оллоҳ ва Расули ҳаром қилган ишларнинг энг каттасидир[43].

Оллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган нарса, мусибат янги бўлса, сабр қилиш, савоб умид қилиш ва истиржо айтишдир. Оллоҳ таоло мусибат янги бўлса сабр ва савоб умид қилишга буюрган экан, энди узун замон ўтгандан кейин қандай бўлиши мумкин?!

Шайтоннинг гумроҳ ва залолат аҳлига зийнатли қилиб кўрсатган нарсаларидан бири, Ошуро кунини мотам куни қилиб олишлари ва унда надомат қилиб, оҳ-вой солиб йиғлашларидир. Улар ўша кунда ғам-ғуссали қасидаларни куйлайдилар, ростидан кўра ёлғони кўп бўлган турли фасод хабарларни ривоят қиладилар. Бу хабарларнинг ичида рости бўлса, у ҳам фақат қайғу ва мутаассибликни янгилаш учун, адоват ва низони пайдо қилиш учун ва Ислом аҳли ўртасига фитна уруғларни сочиш учунгина хизмат қилади. Ва улар бундай хабарларни ўтмишда ўтган кишиларни — илк мусулмон бўлган саҳобаларни сўкиш ва ҳақоратлаш учун ва ер юзида фитна ва ёлғоннинг урчиши учун восита қиладилар[44].

Ибн Касир айтади: Ҳар бир мусулмон киши Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг қатл қилиниш вақеасидан хафа бўлиши керак. Чунки у мусулмонларнинг саййидларидан ва саҳобаларнинг олимларидан ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларининг ўғли эди. Ва бу қизлари (Фотима) қизларининг ичида энг фазилатлисидир. Ҳусайн разияллоҳу анҳу обид, довюрак, серсаховат киши эди. Шундай бўлса-да шиъалар қайғуга тушиб, бетоқатликла-рини изҳор қилишлари билан яхши иш қилмадилар, буларнинг аксарияти риё бўлса керак, чунки унинг отаси (Алий разияллоҳу анҳу) Ҳусайндан афзал эди, лекин улар унинг ўлдирилиш кунини Ҳусайннинг ўлдирилиш кунини мотам қилиб олганларидек мотам куни қилиб олмадилар-ку! Отаси Алий 40 ҳижрийда Рамазон ойининг ўн еттинчиси жума куни бомдод намозга чиқаркан қатл қилинганди.

Шунингдек, аҳли суннат ва жамоат назарида Алийдан афзал ҳисобланган Усмон разияллоҳу анҳу ҳам 36 ҳижрийда Зул-ҳижжа ойининг ташриқ кунларида уйида қуршовга олиниб, қатл қилинди. У шоҳ томирлари кесилиб, бўғизланиб шаҳид қилинди. Лекин шунга қарамай, унинг ўлдирилиши мотам куни қилиб олинмади!

Шунингдек, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу. У Усмон ва Алий разияллоҳу анҳумодан афзалдир. Меҳробда бомдод намозида Қуръон ўқиб турган ҳолида шаҳид қилинди. Лекин одамлар унинг ўлдирилишини мотам куни қилиб олмадилар!

Шунингдек, Абу Бакр Сиддиқ Умардан афзал эди, лекин одамлар унинг вафот этган кунни мотам куни қилиб олмадилар!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё-ю Охиратда одам фарзандининг саййидидирлар. Ундан олдинги пайғамбарлар вафот этгандай, у зот ҳам вафот этдилар, лекин бирон киши у зотнинг ўлган кунларини анави Рофизадан бўлган жоҳиллар Ҳусайннинг қатл қилинган кунини мотам куни қилиб олганларидек мотам қилиб олмади!

Ҳусайннинг ўлдирилиши муносабати билан қуёш тутилди ва осмон қип-қизил бўлиб кетди ва шунга ўхшаш гапларни на унинг ўлим куни ва на ундан олдин содир бўлганини бирон кимса айтмаган. Булар шиъаларнинг даъволаридир. Бу мусибатлар ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида айтилган нарсаларнинг энг яхшиси, Ҳусайн ибн Алийнинг, бобоси соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадисидир[45]: “Қайси бир мусулмонга бирор мусибат етган бўлса-ю, ўша мусибат эсига тушганда, гарчи узун замон ўтган бўлса ҳам, эслаганида истиржо айтар экан, муҳаққақ Оллоҳ унга мусибат етган кундаги янглиғ ажр-савоб беради”[46].

Бу ҳадиснинг изоҳида Ибн Таймия шундай дейди: Бу ҳадисни отаси шаҳид қилинган пайтда ёнида бўлган қизи Фотима, отаси Ҳусайндан ривоят қилгандир. Маълум бўлишича, Фотима отаси Ҳусайннинг қатл қилинган кунини доимо эслар экан. Исломнинг гўзалликларидан бири, бу суннатнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан унга етиб келганидир. Шу сабабли у ҳар сафар бу мусибатни эсалаганида (иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун дея) истиржо айтарди. Киши ўша мудҳиш кунни эслаганда истиржо айтиши билан мусулмонларнинг бошига келган ўша мусибат кунидаги ажр-савобни олади. Лекин орадан узун замон ўтишига қарамай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибат замонида ман қилган ёноқларга шапитилаш, ёқа йиртиб, жоҳилият даъволарига чорлаш каби ишларни қилишнинг уқубати ўта қаттиқдир[47].

9. Ошуро кунини байрам қилиб олганлар:

Ошуро кунини Носибийлар байрам қилиб олдилар. Улар бидъатчи тоифалардан бири бўлиб, саҳобаи киромлар ҳақида бузуқ эътиқодга соҳибдирлар. Шайтон уларга мўминлар амири Алий разияллоҳу анҳуни ёмон кўриш-ликни зийнатли қилиб кўрсатди ва улар уни ёмон кўриш, унга буғзу адоват қилиш ва унга умуман алоқаси бўлмаган нарсаларни у кишига тўнкашни дин қилиб олдилар. Шунингдек, уларнинг буғзу адоватлари Алий қолиб, Аҳли Байтдан унинг ўғли Ҳусайн ибн Алий каби бошқаларга ҳам ўтди.

Насб дегани, Алий разияллоҳу анҳуга буғзу адоват қилмоқ, уни ҳақоратламоқ ва ундан узоқлашмоқ демакдир. Кимда бу сифатлар бўлса, уни носибий деб номланган. Насб ҳам рафз кабидир. Рафз — саҳобалар разияллоҳу анҳумни ёмон кўриш, уларга адоват қилиш, уларга тил узатиш демакдир. Ҳар иккала тоифа ҳам саҳобалар разияллоҳу анҳумни яхши кўришнинг вожиблиги, уларнинг Исломда пешқадам эканликларини ва моллари-ю жонлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида жиҳод қилганликларини билишдаги Оллоҳнинг манҳажидан узоқ ва адашгандир[48].

Шиъалар Ошуро кунини мотам ва қайғу куни қилиб олган бўлсалар, бошқа бир тоифа эса уни байрам, хурсандчилик ва шодлик маросими қилиб олдилар. Ё Ҳусайн ва Аҳли Байтга қарши мутаасиб носибийлар, ёки бузуқликни бузуқлик, ёлғонни ёлғон, ёмонликни ёмонлик, бидъатни бидъат билан қарши олган жоҳил кимсалар бу кунни байрам қилиб олдилар.

Улар Ошуро кунида сурма қўядилар, соч-соқолларини бўйайдилар, камбағал бечораларга инфоқ-эҳсон қиладилар, одатдан ташқари тансиқ таомлар пиширадилар ва шунга ўхшаш байрам ва шодиёна кунлари қилинадиган хурсанд-чилик ва шодликларини қиладилар. Булар анавиларга (рофизаларга) муқобил равишда Ошуро кунини байрам ва шодиёна куни қилиб олдилар. Бу иккинчи тур бидъатдир.

Уларнинг ўз амалларини оқлайдиган бу ҳақдаги ёлғон ва тўқима ҳадислари бор, улар қуйидагилар:

— Кимки Ошуро кунида аҳли оиласига кенгчилик туғдирса, Оллоҳ у кишига йил бўйи кенгчилик қилади[49].

— Ошуро куни ва кечаси учун махсус намоз қилиб олдилар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Ошуро куни пешин билан аср орасида 40 ракаат намоз ўқиса ва ҳар бир ракаатида Фотиҳатул-китобни бир марта, Оятал-курсини 10 марта, қул ҳуваллоҳу аҳадни 11 марта, муаввизатайнни 5 марта ўқиса ва саломдан кейин 70 марта истиғфор айтса, Оллоҳ унга Фирдавс жаннатида оқ гумбаз ато қилади”[50].

Бу кун ҳақида бундан бошқа Ислом динида асли бўлмаган, ўйлаб топилган бидъатлар талайгина[51].

Ибн Таймиядан Ошуро кунида одамлар қилаётган ишлар: сурма қўйиш, чўмилиш, хина қўйиш, (бу кун билан табриклаш мақсадида) қўл бериб кўришиш, дон-дунлар пишириш ва хурсандчиликларини кўча-кўйларда кўрсатиш ҳақида сўраб, булар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадис ворид бўлганми ёки йўқми? Агар саҳиҳ ҳадис келмаган бўлса, бу ишларни қилиш бидъат бўладими, ёки йўқми? — дедилар. У киши шундай жавоб қилдилар: Оламлар Рабби бўлган Оллоҳга ҳамд бўлсинки, бу борада на Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва на саҳобалардан саҳиҳ ҳадис келмаган ва на мусулмон-ларнинг имомлари ва на тўрт имом ва на бошқалар бу ишларни мустаҳаб санамаганлар. Ҳамда мўътабар китоб-ларнинг биронтасида бу ҳақида на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва на саҳобалардан ва на тобеинлар-дан на саҳиҳ ва на заиф бир ривоят келмаган. На “Саҳиҳ”-ларда, на “Сунан”ларда ва на “Муснад”ларда саҳиҳ ёки заиф бирор ривоят ворид бўлмаган. Бу ҳақдаги ҳадислардан бирортаси саодат асрида бўлмаган.

Ошуро куни ҳақидаги бу бидъатлар Куфадаги икки тоифа сабабли юзага чиқди. Куфада икки тоифа бор эди, бири рофиза тоифаси бўлиб, улар Аҳли Байтга дўстлик-ларини кўрсатишди, бироқ ичларида ё худосиз зиндиқ, ё жоҳил ва нафси ҳавосига эргашган кишилар эди. Иккинчи тоифа эса носибалар бўлиб, улар фитна сабабли содир бўлган урушни баҳона қилиб Алий разияллоҳу анҳу ва ҳамроҳларига буғзу адоват қилган кишилар эди[52].

Носиба ва рофиза ўртасидаги қасдма-қасдига кетиш туфайли Ошуро кунида байрам қилишлик ўртага чиқди. Рофизалар Ошуро кунини мотам қилсалар, носибалар кенгчилик куни қиламиз дея уни байрам қилиб олдилар. Бироқ иккаласи ҳам ботилдир. Буларда ҳам бидъат ва залолат етарлича, анавиларда ҳам бидъат ва залолат етарлича[53].

Ким Ошуро кунини мотам, ғам-андуҳ, дод-вой солиб йиғлаш куни қилган бўлса, ёки уни байрам, хурсандчилик ва шодлик куни қилган бўлса, динда бидъат қилган ва пайғамбарлар саййидининг суннатига мухолиф йўл тутган-дир.

10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг Ошуро кунидаги тутган йўллари:

Ошуро куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутишга буюрган фазилатли кунлар жумласидандир. Абу Қатода разияллоҳу анҳу ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Рамазондан Рамазонгача ҳар ойдан уч кун рўза тутиш, йил бўйи рўза тутиш демакдир. Арафа куни рўзаси ўтган ва келажак йилги гуноҳларга каффорат бўлади, деб умид қиламан. Ошуро куни рўзаси эса ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлади, деб умид қиламан”[54].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилиб деди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўза тутиш бошқа пайтлардан афзал қилинган кунларнинг ҳеч бирини Ошуро кунидагидек ва мана шу ой, яъни Рамазон ойидагидек астойдил излаганларини кўрмадим”[55].

Демак, Ошуро кунида рўза тутиш суннатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кун рўза тутдилар ва юқорида зикр қилингани каби бу кунда рўза тутишнинг фазилатини хабар бердилар. Бундан ташқари бу кунда рўза тутишга буюрдилар. Бу ҳақда бир қанча саҳиҳ ҳадис ворид бўлган:

— Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: “Жоҳилият аҳли Ошуро куни рўза тутар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, мусулмонлар ҳам Рамазон рўзаси фарз бўлишидан олдин ушбу кунда рўза тутардилар. Рамазон рўзаси фарз бўлганидан сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: Ошуро Оллоҳнинг кунларидан бир кундир, шундай эан, ким хоҳласа тутади, хоҳламаганлар тутмайди”[56].

— Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага борган-ларида яҳудийлар Ошуро куни рўза тутаётганларини кўриб, “Бу нима?”, деб сўрадилар. Шунда: “Бу хайрли кун бўлиб, унда Оллоҳ таоло Бани Исроилни душманларидан қутқар-ган. Шу сабаб Мусо ушбу кунда рўза тутган”, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Мусога (эргашишга) сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва бу кунда рўза тутиб, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар”.

Яна Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилиб деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнинчи — Ошуро куни рўза тутишга буюрдилар”[57].

— Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро куни рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейишди. Расулуллоҳ соллалло-ҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил, иншаоллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Бироқ келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар”. Бошқа бир ривоятда: “Агар келаси йил ҳаёт бўлсам, тўққизинчи кунни ҳам албатта тутаман[58].

Яна Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қили-нади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ошуро куни рўза тутинглар. Аммо яҳудларга хилоф ўлароқ, у кунга қўшиб ундан бир кун аввал ёки бир кун кейин ҳам рўза тутинглар”[59].

Шунга кўра уламолар Ошуро куни рўзасини учта кўринишини айтадилар:

1) Муҳаррамнинг 9-, 10- ва 11- кунлари рўза тутилади. “У кунга қўшиб ундан бир кун аввал ёки бир кун кейин ҳам рўза тутинглар” ҳадисига биноан.

2) Муҳаррамнинг 9- ва 10- кунлари рўза тутилади. “Келаси йил, иншаоллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз” ҳадисига биноан.

3) Фақат 10- кун, яъни Ошуро кунигина рўза тутилади. У кунда рўза тутиш таъкидланган эканига далолат қилган ҳадисларга биноан[60].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ошуро кунида тутган йўллари, суннатлари мана шундай эди. Хулоса шуки, аҳли суннат ва жамоат ўрта йўлни ушлаган умматдир. Улар чуқур ҳам кетмайдилар, масалага бепар-волик, беписандлик билан ҳам қарамайдилар, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини маҳкам ушлайдилар ва Оллоҳ таолодан савоб умидида бу кунда рўза тутиш каби Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишларнигина қиладилар.

[1] Сулаймон Ас-Суҳаймий “Байрамлар ва уларнинг мусулмонларга таъсири” (261-бет).

[2] “Ал-ақийдату фи аҳлил-байт байнал-ифрот ват-тафрит” (490-с.).

[3] Тусий “Амолий” (194-с.); “Ал-биҳорул анвор” (44/284).

[4] “Амолий ал-Муфид” (112-с.); “Ал-биҳор” (44/279).

[5] “Маҳосин” (36-с.); “Ал-биҳор” (44/289).

[6] “Ал-биҳор” (44/280).

[7] “Ал-биҳор” (44/285-286).

[8] “Ал-ақийдату фи аҳлил-байт байнал-ифрот ват-тафрит” (492-с.).

[9] “Ал-Кофий” (4/146); “Ал-Истибсор” (2/35); “Ал-биҳор” (45/59).

[10] Заҳабий “Ал-Ибар” (2/89); “Ал-Бидоя ван-ниҳоя” (11/577).

[11] Мақризий “Ал-Хутот” (1/431).

[12] “Ал-ақийдату фи аҳлил-байт байнал-ифрот ват-тафрит” (494-с.).

[13] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (11/577).

[14] Шайх Муртазо Иёд “Мақталул-Ҳусайн ва фатавал-уламаил аълам фи ташжиъиш-шаоир” (12-40 с.); “Ал-ақидату фи аҳлил-байт” (495 с.).

[15] “Шиъа ақидаси” (135 с.).

[16] “Иқнаъил-лаим ала иқоматил-маотим” (2-с.).

[17] “Ақидату аҳлис-суннати фи аҳлил-байт” (496-с.).

[18] Бухорий (1294).

[19] Эритилган қайноқ мис.

[20] Муслим (934).

[21] Муслим (167).

[22] “Ман қотала ҳусайн” (73-с.).

[23] “Ман ла аҳдуруҳул фақиҳ” (4/271-272).

[24] “Биҳорул анвор” (82/103).

[25] “Ман қотала ҳусайн” (73-с.).

[26] Нурий “Мустадрак ал-васаил” (1/44).

[27] “Биҳорул анвор” (82/101).

[28] Кулайний “ал-Кофий” (3/22-223).

[29] “Одобул манабир” (182 с.).

[30] “Ман қотала ҳусайн” (83-с.).

[31] Бухорий (1283).

[32] Бухорий (4624).

[33] Абдулазиз Фатҳий “Мавсуътул-одобил-исламийя” (2/786).

[34] Муслим (918).

[35] Муслим (918).

[36] Саҳиҳ ал-жомиъ (6040).

[37] Абу Довуд (5090), Саҳиҳ ал-домиъ (3388).

[38] Термизий (3524).

[39] “Мавсуътул-одобил-исламийя” (2/788).

[40] Байҳақий “Шуабул-иймон” (10152), Саҳиҳул-жомиъ (347).

[41] Термизий (2398), ҳасан саҳиҳ.

[42] Фатаво (25/162).

[43] Минҳожус-сунна (4/554).

[44] Фатаво (25/165-166).

[45] Ал-бидоя ван-ниҳоя (11/579).

[46] Сунан Ибн Можа (1600), заиф ҳадис.

[47] Фатаво (4/312).

[48] “Ақидату аҳлис-суннати вал-жамаати фис-соҳабатил-киром” (3/1193-1194).

[49] Ибнул Жавзий “ал-Мавзуот” (2/203).

[50] Ибнул Жавзий “ал-Мавзуот” (2/122-123).

[51] Ибнул Ҳаж “Ал-мадхол” (1/290-291), “ал-Аъйад” (274-с.).

[52] Фатаво (25/161).

[53] “Иқтизоус-сиротил-мустақим” (2/622-623).

[54] Муслим (1162).

[55] Бухорий (2006) ва Муслим (1132).

[56] Муслим (1126).

[57] Муслим (1134).

[58] Муслим (1134).

[59] Байҳақий “ас-Суннан ал-кубро” (4/287).

[60] Зодул маод (2/76), Фатҳул борий (4/246).