×
Ушбу мақолада шу вақтга қадар бўяб кўрсатилиб келинаётган исломий тарих воқеини ўзгартиришга, уни босиб олган ғуборларни кетказиб, буюкларнинг унутилган қиссаларини, кўрсатган қаҳрамонликларини намойиш этишга ҳаракат қилинади. Улар нафақат Ислом тарихидаги, балки бутун инсоният тарихидаги ҳақиқий буюк шахслардир.

    Тарихсиз келажак илдизсиз дарахтдир

    [ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]

    Таржимон: Муқим Маҳмуд

    Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший

    2015 - 1436

    ماذا تعرف عن تاريخك؟

    « باللغة الأوزبكية »

    مترجم: مقيم محمود

    أعده للنشر: أبو عبد الله الشاشي

    2015 - 1436

    ТАРИХСИЗ КEЛАЖАК ИЛДИЗСИЗ ДАРАХТДИР
    (Арабчадан таржима)

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

    Француз ёзувчиси Александр Дюма 1844 йилда "Уч мушкетёр" номли бир роман ёзади. Романда подшоҳнинг уч ароқхўр қўриқчилари яна бир тўртинчи шериклари билан бирга Франция қироличасининг бир топшириғини бажарадилар. Хуллас, французлар бу тўқима саргузаштларни дунёга тарқатиб, уч ароқхўр француз чавандозларидан афсонавий қаҳрамонлар ясайдилар. Ҳолбуки, улар ўша қиссанинг ўзида ҳам мақташга арзигулик ҳеч иш қилмайдилар...

    Энди эътиборингизни шу ҳодисадан 1200 йил олдин юз берган бошқа бир воқеага қаратсам. Буниси тўқима эмас, тарих зарварақларига битилган ҳақиқатдир. 3000 сонли исломий мужоҳидлардан тузилган қўшин билан уч асл чавандоз 200 000 қўшинли Рим империясига қарши жанг қилиш учун араб саҳросидан Шом диёрлари сари йўл олади. Мана шу оз сонли қўшин тарихда мисли кўрилмаган ғалабага эришди ва бу афсонавий зафар жанг майдонидаги шу уч асл чавандознинг ўз жонларини фидо қилишлари эвазига қучилганди. Улар қандайдир бир подшоҳ йўлида эмас, Франция қироличаси учун эмас, мана шу Диннинг сиз билан бизга етиб келиши йўлида жон фидо қилгандилар. Бу уч чавандоз Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳалардир. Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни рози қилсин. Хўш, сиз уларни танийсизми? Улар ҳақида ҳеч ўқиганмисиз, эшитганмисиз?

    Мен ўзларининг сохта, тўқима қиссалaрини жар солиб, дунёга тарқатаётган французларни эмас, ўзларининг ҳақиқий, тарихий қаҳрамонларини унутаётган, йўқламаётган, ёдга олмаётган мусулмонларни айблайман. Французлар ўзларининг тўқима уч чавандозини мактабларда таълим бериб, мультфильмлар ишлаётган бир пайтда мусулмон болалари ва ҳатто ўсмирлари ўзларининг шонли тарихларидан мутлақо бехабар қолмоқдалар.

    Мана шу кўргулик туфайли болаларимиз аллақандай ўргимчак одам (спайдерман) ёки афсонавий шахс (суперман) бўлишни орзу қиладилар. Қодисия жангида ёлғиз ўзи оқ филни ўлдириб, жасорат кўрсатган Қаъқаъ ибн Амр Тамимий эса бировнинг хаёлига ҳам келмайди. Ўргимчак одам (спайдерман) ўзи кимлигини биласизларми? У Нью-Йoрк шаҳарларини ҳимоя қиладиган тўқима яҳудийдир. Ҳатто шу ролни ижро этадиган актёр ҳам яҳудий бўлиши керак. Бу иш албатта, яҳудийларнинг зарарига эмас, фойдасига хизмат қилади. Зеро, унда яҳудий маданиятига, яҳудий вужудига нисбатан эҳтиром мужассамдир. Нима учун болаларимиз спонге бооб (спонж боб) каби мультфильмларни кўрадилар? Ахир бу мультфильмни кўришни болаларига Американинг ўзидаги айрим оилалар ҳам тақиқлайдилар-ку! Негаки, унда бир хил жинслилар никоҳи тарғиб этилади. Украина каби бир давлат болаларини эҳтиёт қилиш учун уни ТВ орқали эфирга узатишни қонунан тақиқлаган. Шуни биласизларми?! Мусулмон болаларичи? Наҳотки уларга намойиш қилиш мумкин бўлган мусулмон қаҳрамонлар бўлмаса?! Ё алҳазар!

    Хўш, ҳозирги болаларимиз танийдиган, биладиган тарихий араб шахслар кимлар? Синдбодми, Аловуддинми ёки Алибобоми? Бу шахслар аввало тўқима образлар, қолаверса, улар араб ҳам эмас. Уларни ёзган одам "Минг бир кеча"нинг муаллифидир. Унинг-да арабларга ҳам, мусулмонларга ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқ. Болаларимиз Аловуддиндан нимани ҳам ўрганарди? Унинг бор қиладиган иши сеҳрли чироқни сийпалаб, унинг ичидаги жинга истагини айтишдан ўзга нарса эмас. Халқи учун, миллати учун, ҳатто ўзи учун нима қилдики, болаларимиз ундан бирор ибрат олсалар. Алибободан нимани ўрганадилар. Қирқ қароқчининг одамлардан ўғирлаб олган бойликларини ўмаришними? Ва шу билан қирқ биринчи қароқчига айланишними?

    Биз бу кўрсатувимизда шу вақтга қадар бўяб кўрсатилиб келинаётган исломий тарих воқеини ўзгартиришга, уни босиб олган ғуборларни кетказиб, буюкларнинг унутилган қиссаларини, кўрсатган қаҳрамонликларини намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Улар нафақат Ислом тарихидаги, балки бутун инсоният тарихидаги ҳақиқий буюк шахслардир.

    Тарихий ҳужум (тарихга қаратилган ҳужум) нафақат ҳозиримиз, балки ўтмишимизга — илдизимизга болта уришга уринмоқда. У тарих саҳнидаги вужудимизнинг устунларини йиқитиш мақсадида умматнинг ўз пешволарига бўлган ишончини заифлaштириш, унинг қалбига турли хил шак-шубҳалар солиш назарияси асосида иш олиб бормоқда. Аблаҳлар қаҳрамонларимизни жиноятчи қотилларга, олимларимизни эса савдойиларга айлантирмоқчи ёки энг камида уларни тарих саҳифасидан ўчириб юбориб, ўрнига хаёлий, тўқима қаҳрамонларни олиб келмоқчи бўлмоқдалар. Чунончи, Амр ибн Оcдек (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) буюк қўмондонни ҳарбий жиноятчи (уруш очиш жиноятини содир этган шахс)га чиқариб, Наполеондек ҳарбий жиноятчидан эса миллий қаҳрамон ясаб, у ҳақда мактабларда, бизнинг мактабларимизда дарс бермоқдалар. Учишга ҳаракат қилган Аббос ибн Фарнос савдойига чиқарилиб, худди шу ишни қилган Райддаги ака-укалар улуғланмоқда. Ҳолбуки, Аббос ибн Фарнос ўз мақсадига эришиб, учишга муваффақ бўлганди. Улар талқин қилаётганларидек, ўша пайтдаёқ ўлиб кетмаганди.

    Ёшларимиз орасида Рембони танимайдигани бўлмаса керак. Аслида у Вьетнам мағлубиятидан кейин руҳиятни тетиклаштириш мақсадида ўйлаб топилган уйдирмадан бошқа нарса эмас. Бу билан мен уларни айбламоқчи эмасман. Зеро, ўзини ўзи ҳурмат қиладиган ҳар қандай давлатнинг шундай йўл тутиши табиий.

    Во ажаб! Нима бўляпти ўзи! Наҳотки мусулмон ёшларимиз қаердаги асли йўқ, тўқима Рембони қаҳрамон деб билсалару, Рембодан кўра неча баробар каттароқ қаҳрамонликлар кўрсатган ҳақиқий тарихий қаҳрамонларни танимасалар?! Масалан, улуғ саҳоба Муҳаммад ибн Маслама каби довюраклар кўрсатган қаҳрамонликлар ақлларни лол қолдириб келган. Кўрсатувимизда ҳали бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтамиз, иншооллоҳ.

    Че Геварага қойил қоладиган, фантастик ва танк остида қолса ҳам ўлмайдиган қаҳрамонлар ҳақидаги киноларга муккасидан кетган ёшларимизга бир саволим бор. Геваранинг ўзи эътироф этган бир ҳақиқатни биласизми? Исломий мағриб афсонаси ва амир Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий ҳақида ўқиганмисиз, эшитганмисиз? Геваранинг шахсан ўзи партизанлар урушини мана шу исломий қўмондондан ўрганганини эътироф этган. Ўша пайтда саҳобаларнинг фидойи гуруҳлари форсларнинг Тастур шаҳрини ишғол қилишда ер остидан, анҳорлару шалолалар остидан шаҳарга кириб борган эдилар.

    Шуни эсдан чиқармайликки, тарихимиздан бегоналашаётганимизнинг асосий сабабларидан бири тарихимизга қаратилган ҳужумдир. Улар буюк Ислом тарихини бўяб кўрсатишга уриняптилар. Масалан, Аҳмад ибн Фазлон каби ноёб паҳлавонлар хотираси йўқ қилиниб, ўрнига Алибобо каби тўқима, сохта паҳлавонлар жойлаштириляпти. Шу билан тарихимизда жиноятчи қўмондонлару савдойи олимлар қоляпти, холос. Қаҳрамонларимиз эса сеҳрли чироқлару учар гиламларсиз ҳеч иш қила олмайдиган нотавонлар бўлиб қоляпти. Мусулмонмисан, тамом, қаҳрамон бўлишинг учун ё саҳрога чиқиб кетишинг ёки қоп-қоронғу ғорга кириб кетишинг лозим.

    Ғанимлар қалбингизга шу ҳис-туйғуни экканларидан кейин ўзингиз сезмаган ҳолингизда намуна-ўрнак бўлиш неъматидан мосуво бўла бошлайсиз. Шу билан ёшларимизда руҳий синиш, жароҳатланиш пайдо бўлиб, алалоқибат, анави ғанимларга тобе бўлишдан ўзга чора қолмагандек туюла бошлайди. Ана шу пайтда сиз билан биз осонгина ачиган мевадек чиқиндига чиқамиз-қоламиз...

    Лекин энди уларнинг бу номери ўтмайди. Энди замон ўзгарди. Энди ўз тарихимизни ўз қўлларимиз билан ёзурмиз. Энди Ислом умматининг асл ўғлонлари, тарих йўналишини ўзгартира олган буюк қаҳрамонлари ҳақидаги уйдирмалар йўқ қилинур, ғуборлар кетказилур...