Илм фазилатлари 01
Категориялар
Манба
Full Description
- 1. Биринчи фазилат:
- 2. Иккинчи фазилат:
- 3. Учинчи фазилат:
- 4. Тўртинчи фазилат:
- 5. Бешинчи фазилат:
- 6. Олтинчи фазилат:
- 7. Еттинчи фазилат:
- 8. Саккизинчи фазилат:
- 9. Тўққизинчи фазилат:
- 10. Ўнинчи фазилат:
Илм фазилатлари 01
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший
2014 - 1435
فضائل العلم 1
« باللغة الأوزبكية »
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2014 - 1435
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ислом дини илм олишга буюради, илм ва илм эгаларини улуғ мақомларга кўтаради.
Илм деганда Оллоҳ таолога ва жаннатга етаклайдиган Ислом илмлари кўзда тутилади.
Қуйидаги сатрларда илмнинг фазилатлари билан танишамиз:
1. Биринчи фазилат:
Илм эгаларини Оллоҳ Ўзининг ягона илоҳ эканига гувоҳлик берган буюк зотлар билан бирга зикр қилиши, илм энг буюк фазилат эканига далилдир.
Оллоҳ таоло айтади:
شَهِدَ ٱللَّهُ أَنَّهُۥ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ وَأُوْلُواْ ٱلۡعِلۡمِ قَآئِمَۢا بِٱلۡقِسۡطِۚ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلۡحَكِيمُ ١٨ [آل عمران: 18].
Маъноси:
“Оллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари – Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи Ҳақ Илоҳ эканига гувоҳлик бердилар. У Зот адолат билан тургувчи – Ҳукм қилгувчидир. (Сиғинилишга ҳақли) Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор (Оллоҳнинг Ўзи Ҳақ Илоҳдир)”. (Оли Имрон сураси, 18-оят).
2. Иккинчи фазилат:
Оллоҳ таоло илм эгалари билан илмсизлар асло баробар бўлмаслигини баён қилганлиги ҳам илмнинг фазли жуда буюк эканини кўрсатади.
Оллоҳ таоло марҳамат қилади:
أَمَّنۡ هُوَ قَٰنِتٌ ءَانَآءَ ٱلَّيۡلِ سَاجِدٗا وَقَآئِمٗا يَحۡذَرُ ٱلۡأٓخِرَةَ وَيَرۡجُواْ رَحۡمَةَ رَبِّهِۦۗ قُلۡ هَلۡ يَسۡتَوِي ٱلَّذِينَ يَعۡلَمُونَ وَٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَۗ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰبِ ٩ [الزمر: 9].
Маъноси:
“Кечалари сажда қилган ва қиёмда–тик турган ҳолда тоат-ибодат қилгувчи, Охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг марҳаматидан умидвор киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса) баробар бўлурми?! Айтинг: “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!” (Йўқ, асло). Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар”. (Зумар сураси, 9-оят).
Ояти карима яна далилки, ҳақиқий уламолар кечалари ҳам ибодатда, Оллоҳдан кўпроқ қўрқиб ва умидвор бўлиб, доимо Оллоҳга илтижо қилиб яшайдилар.
3. Учинчи фазилат:
Оллоҳ таоло аҳли илмларнинг мартабаларини баландга кўтариши ҳам илмнинг фазилати нақадар буюклигини кўрсатади.
Оллоҳ азза ва жалла марҳамат қиладики:
يَرۡفَعِ ٱللَّهُ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مِنكُمۡ وَٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡعِلۡمَ دَرَجَٰتٖۚ وَٱللَّهُ بِمَا تَعۡمَلُونَ خَبِيرٞ ١١ [المجادلة: 11].
Маъноси:
“Оллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даражаларга кўтарур. Оллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир”. (Мужодила сураси, 11-оят).
Имом Табарий айтадилар:
“Оллоҳ илмли мўминларни илм фазилати туфайли илмсиз мўминлардан кўра баланд мартабаларга кўтаради, агар (илмларига) амал қилсалар”.
Имом Ибн Ҳажар ҳам айтадилар:
“Уламо бўлган мўминнинг даражаси баландлиги бу дунёда маънавий – олий мартаба ва гўзал мақтовлар бўлади, Охиратда эса ҳиссий – Жаннатда олий мақомларга кўтарилади”.
4. Тўртинчи фазилат:
Уламолар Оллоҳдан ҳақиқатдан қўрқадиган зотлар экани ҳам илмнинг фазилати ва самараси буюклигига далилдир.
Оллоҳ таоло ҳақиқий уламоларни мақтаб марҳамат қилади:
إِنَّمَا يَخۡشَى ٱللَّهَ مِنۡ عِبَادِهِ ٱلۡعُلَمَٰٓؤُاْۗ [فاطر: 28].
Маъноси:
“Албатта Оллоҳдан бандалари орасидаги уламолар қўрқур”. (Фотир сураси, 28-оят).
Имом Абдурраҳмон ибн Саъдий раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида мана бундай ёзадилар:
“Оллоҳни кўпроқ ва яхшироқ таниган ҳар бир шахс У Зотдан кўпроқ қўрқадиган бўлади. Оллоҳдан қўрқишлик гуноҳлардан узоқ қилади ва У Зот билан бўладиган учрашувга тайёр туришга чорлайди. Мана шулар илмнинг фазилатига далилдир. Бас, илм Оллоҳдан қўрқишга чақиради, Оллоҳдан қўрқадиган зотлар У Зот ҳузурида улуғланадиган каромат аҳлидирлар”.
Шайх Алоуддин Мансур ҳам ояти кариманинг изоҳида айтадилар:
“Мазкур оятда Оллоҳдан фақат ҳақиқий илм-маърифат эгалари қўрқишлари уқтириб ўтилди”.
5. Бешинчи фазилат:
Илмнинг фазилати буюклиги учун ҳам Оллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни Оллоҳга дуо-илтижо қилишга буюриб, мол-мулкларини эмас, балки илмларини зиёда қилишини сўрашга буюрди.
Оллоҳ азза ва жалла айтади:
وَقُل رَّبِّ زِدۡنِي عِلۡمٗا ١١٤ [طه: 114].
Маъноси:
“Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин, деб айтинг” (Тоҳа сураси, 114-оят).
Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ёзадилар:
“Оллоҳ Ўз Пайғамбарини Ўз Зотига илтижо қилиб шу илм неъматидан янада кўпроқ беришини сўрашга буюрганининг Ўзи етарли шарафдир”.
6. Олтинчи фазилат:
Қиёмат куни аҳли илмларнинг сўзларини ҳужжат қилиниши ҳам илмнинг яна бир буюк фазилатини кўрсатади.
Оллоҳ таоло хабар бериб айтадики:
وَقَالَ ٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡعِلۡمَ وَٱلۡإِيمَٰنَ لَقَدۡ لَبِثۡتُمۡ فِي كِتَٰبِ ٱللَّهِ إِلَىٰ يَوۡمِ ٱلۡبَعۡثِۖ فَهَٰذَا يَوۡمُ ٱلۡبَعۡثِ وَلَٰكِنَّكُمۡ كُنتُمۡ لَا تَعۡلَمُونَ ٥٦ [الروم:56].
Маъноси:
“(Қиёмат) Соати қоим бўладиган Кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар (ҳаёти дунёда ҳам) мана шундай (ростдан ёлғонга) бурилгувчи эдилар. (Шунда) илм ва иймон ато этилган зотлар айтдилар: Аниқки, сизлар Оллоҳ Ўз Китобида ёзиб қўйганидек қайта тирилиш Кунигача турдинглар. Бас, мана шу қайта тирилиш Кунидир. Лекин сизлар (бу Куннинг ҳақ эканини) билмас эдинглар”. (Рум сураси, 55-56 оятлар).
Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ оятнинг тафсирида ёзадилар:
“Яъни, мўмин уламолар дунёда ҳам кофирлар устидан Оллоҳ ҳужжатларини қоим қилганларидек Охиратда ҳам кофирларга рад берадилар”.
7. Еттинчи фазилат:
Қуръони карим масалларини фақатгина илм аҳллари англай оладилар.
Оллоҳ марҳамат қилади:
وَتِلۡكَ ٱلۡأَمۡثَٰلُ نَضۡرِبُهَا لِلنَّاسِۖ وَمَا يَعۡقِلُهَآ إِلَّا ٱلۡعَٰلِمُونَ ٤٣ [العنكبوت: 43].
Маъноси:
“Ушбу масалларни Биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар” (Анкабут сураси, 43- оят).
Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар:
“Имом Амр бин Мурра Қуръони карим масалларидан бирини тўла англай олмасалар “Мен илм аҳлидан эмас эканман” деб йиғлардилар”.
8. Саккизинчи фазилат:
Оллоҳ таоло илмни “cултон – раҳбар” деб номлаган.
Оллоҳ таоло айтади:
قَالُواْ ٱتَّخَذَ ٱللَّهُ وَلَدٗاۗ سُبۡحَٰنَهُۥۖ هُوَ ٱلۡغَنِيُّۖ لَهُۥ مَا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَا فِي ٱلۡأَرۡضِۚ إِنۡ عِندَكُم مِّن سُلۡطَٰنِۢ بِهَٰذَآۚ أَتَقُولُونَ عَلَى ٱللَّهِ مَا لَا تَعۡلَمُونَ ٦٨ [يونس: 68].
Маъноси:
“«Оллоҳнинг боласи бор», дедилар. У зот (буларнинг бад гумонидан) мутлақо покдир. У беҳожатдир. Осмонлар ва Ердаги бор нарсалар Уникидир. Сизларнинг ҳузурингизда бу тўғрида (яъни, Оллоҳнинг боласи бор, деган) ҳеч қандай султон – ҳужжат йўқ-ку! Оллоҳ шаънига билмайдиган нарсангизни айтаверасизларми?”. (Юнус сураси, 68-оят).
Оллоҳ азза ва жалла яна марҳамат қилади:
مَا لَكُمۡ كَيۡفَ تَحۡكُمُونَ ١٥٤ أَفَلَا تَذَكَّرُونَ ١٥٥ أَمۡ لَكُمۡ سُلۡطَٰنٞ مُّبِينٞ ١٥٦ فَأۡتُواْ بِكِتَٰبِكُمۡ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ ١٥٧ [الصافات: 154-157].
Маъноси:
“(Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?! Ахир эс-ҳушингизни йиғмайсизларми?! Ёки сизлар учун (Оллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан султон – ҳужжат борми?! Бас агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтиринглар-чи?!”. (Вас-саффот сураси, 154-157-оятлар)
Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ёзадилар:
“Оллоҳ ҳужжат илмини султон деб номлади. Чунки ҳужжат илм соҳиби илмсиз жоҳиллар устидан раҳбар бўлишини тақозо қилади.
Илмнинг султонлиги қўл салтанатидан кўра буюкроқ, шунинг учун ҳам одамлар қўлга (моддий раҳбариятга) итоат қилишдан кўра ҳужжатга кўпроқ итоат қиладилар. Чунки ҳужжатга қалблар ўз-ўзидан тортилиб эргашади”.
9. Тўққизинчи фазилат:
Оллоҳ наздида амал қабул бўлиши учун илм шартдир.
Чунки Оллоҳ учун холис бўлмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига тўғри келмаган амални Оллоҳ таоло рад қилиб ташлайди ва бу ҳақиқатни билиш учун албатта илм олиш лозим бўлади.
Оллоҳ таоло айтади:
فَمَن كَانَ يَرۡجُواْ لِقَآءَ رَبِّهِۦ فَلۡيَعۡمَلۡ عَمَلٗا صَٰلِحٗا وَلَا يُشۡرِكۡ بِعِبَادَةِ رَبِّهِۦٓ أَحَدَۢا ١١٠ [الكهف: 110]
Маъноси:
“Ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига сиғинишда бирон кимсани шерик қилмасин”. (Каҳф сураси, 110-оят).
Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Амал қилувчида илм бўлмаса унинг амали қабул бўлмайди. Чунки илм Оллоҳга ихлос қилишга ва Суннатга эргашишга еткалайди”.
Ҳар бир амал солиҳ – яхши амал деб ҳисобланиши учун ушбу икки шартни бажо этишимиз лозим:
1. Оллоҳ учун холис бўлиш.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ қилиш.
Илмсиз одам бу икки шартни тўғри бажара олмайди ва натижада қилган амаллари бефойда, ўзига ўзи зиёнкор ва бахтсиз бўлиб қолади.
10. Ўнинчи фазилат:
Илмнинг энг буюк фазилатларидан яна бири: имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда башорат берилганидек жаннат сари етаклашидир.
“من سلك طريقا يلتمس فيه علما سهل الله له به طريقا إلى الجنة”. رواه مسلم.
“Кимки илм излаб, бирон йўлдан юрса Оллоҳ унга ушбу юрган йўли туфайли жаннат йўлини енгил қилади”. (Имом Муслим ривояти).
Имом Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Ҳадисда толиби илм учун илм олиш енгил қилинишига башорат бор. Чунки талаби илм жаннатга етказадиган йўллардан биридир. (Яъни, жаннат йўлида кетаётганини ҳис қилган одам учун юрган йўли лаззатли ва енгил бўлади”.