Ризқнинг зиёда бўлиши сабаблари
Категориялар
Full Description
- Ҳижрат
- Ҳаж ва умрани бир-бирига эргаштириш
- Силаи раҳм
- Оллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш ва толиби илмларга нафақа қилиш
- Оллоҳнинг ибодатига фориғбол бўлиш
- Оллоҳга таваккул қилиш
- Тақво
- Истиғфор ва тавба
- Иккинчи хутба
- Ризқ зиёда бўлишининг ношаръий сабаблари
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Барча ҳамду санолар Оллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Оллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Оллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз(билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Оллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Оллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Оллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Оллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Оллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд...
Эй Оллоҳнинг бандалари! Оллоҳ таоло биз бандаларини ер юзида тириклик ва ризқ талабида ҳаракатланишга буюрган. Ризқнинг Китоб ва Суннатда баён қилиб ўтилган шаръий йўллари борки, ушбу хутбамизда шу мавзуда сўз юритамиз. Шояд бу сўзларимиз иш тополмай қийналиб юрган, қарз юки остида эзилган кишиларга, шунингдек, ойлик маоши рўзғорига етмаётган, даромади сарф-харажатларини қопламаётган инсонларга фойдали бўлса. Умуман, пул ва иқтисод мавзуси ҳассос мавзулардан. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатда ушбу масалага тааллуқли сўзлар кўп учрайди. Зотан, инсонларнинг ҳаёт ва турмушлари шу билан тик ва бут бўлиб туради. Оллоҳ таоло айтади: «(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни ёш, нодон етимларга) Оллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни (яъни қўлларингиздаги уларнинг молларини)бериб қўймангиз» (Нисо: 5), зеро сизларнинг ҳаётингиз шу моллар билангина давом этиб туради. Шунинг учун ушбу мавзуга Қуръон ва Суннатда анча кенг ўрин берилган. Қуйида ризқнинг зиёда бўлишига сабаб бўлувчи баъзи ишларни айтиб ўтамиз:
Яшаб турган диёрида қийинчиликка дуч келган киши ҳижрат қилиши, яъни яшаб турган жойидан бошқа диёрларга кўчиши ва сафар қилиши ҳам ризқ сабабларидан биридир. Оллоҳ таоло айтади: «Ким Оллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўп паноҳ бўлгудек жойларни ва кенгчиликни топгай» (Нисо: 100). Шунинг учун муҳожирлар Оллоҳ йўлида ҳижрат қилиб, ватанларини Оллоҳ учун тарк этиб кетишгач, Оллоҳ уларга дунёни фатҳ қилиб берди, уларга ғаниматлар (ғазотларда қўлга келган ўлжалар) ёғилди, мушриклардан келган ғаниматлар ортидан Кисро ва Қайсарнинг ғаниматлари мусулмонлар қўлига келиб тушди, Оллоҳ уларга ризқларини кенг-мўл қилди. Исонлардаги муаммо шуки, улар натижаларни кўришга ошиқиб кетадилар, мана, бугун эрталаб тавба қилгандик, бироқ кечгача ҳам ризқимиз кенгаймади-ку, кеча ҳижрат қилиб келдик, бироқ ҳалигача ҳеч қандай ўзгариш кўрмадик, дейишади. Ундай эмас, бу масалада сабр-тоқат ва бардошли бўлиш талаб қилинади, жуда кўп амалларнинг натижаси дарҳол кўринмайди. Оллоҳ таолодан умрларимизни Унинг тоатида бардавом этишини, ризқларимизни кенг-мўл қилиб, уларни бизга Ўзининг тоати учун мадад қилишини сўрайман.
Ҳаж ва умрани бир-бирига эргаштириш, яъни, бирини бажаргандан кейин ортидан иккинчисини адо этиш, ҳаж қилган киши умрага ҳаракат қилиши, умра қилган киши ҳажга ҳаракат қилиши ҳам ризқ сабабларидан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари бунга далил бўлади: «Умра ва ҳажни бирин-кетин қилингиз! Чунки ҳаж билан умра фақирлик ва гуноҳларни худди босқон темир, олтин ва кумуш устидаги кирларни кетказганидек йўқотиб ташлайди. Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир» (Насоий, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Албоний «Саҳиҳ ибн Можа»да (2/553) саҳиҳ санаган). Эътибор беринг, ҳаж билан умрани бирин-кетин қилиш кишининг гуноҳлари билан бир қаторда унинг фақирлигини ҳам кетказиши айтилмоқда.
Силаи раҳм, яъни, қариндошлик алоқаларини боғлаш ҳам ризқнинг шаръий сабабларидандир. «Раҳм» деб кишининг отаси ва онаси томонидан бўлган яқинларига айтилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллама айтганлар: «Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин!» (Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошларингиз билан алоқа қиладиган даражада насабларингизни ўрганингиз! Зеро, силаи раҳм хонадон аҳлининг муҳаббатига, мол-дунёнинг кўпайишига ва умрнинг зиёда бўлишига сабабдир» (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2520).
Ризқ зиёда бўлиши борасида силаи раҳмнинг фазли каттадир. Инсон ҳатто фосиқ бўлган тақдирда ҳам, силаи раҳм сабабли ризқи кенгайиши мумкин экан.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Савоби энг тез бўлган тоат-ибодат силаи раҳмдир. Ҳатто бир хонадон аҳли фожир бўлганлари ҳолда бир-бирлари билан алоқа қилиб, моллари кўпаяди ва сонлари зиёда бўлади» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 5705).
Шундай экан, силаи раҳмга кўп эътибор беринг, қариндошлар билан борди-келдини узиб юборманг, ўзаро зиёратлашиб туринг, муҳтожларига ёрдам беринг, ҳадялар бериб туринг, касалларининг ҳолидан хабар олинг. Ўртада масофа узоқ бўлса ҳам, алоқанинг ҳар хил турлари мавжуд. Силаи раҳмнинг барча кўриниши ризқнинг мўл бўлишига сабабдир.
Оллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш ҳам ризқнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Оллоҳ таоло айтади: «Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас (Оллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқ берувчиларнинг яхшироғидир» (Сабаъ: 39).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Оллоҳ таоло айтади: Эй одамзот, инфоқ қил, Мен сенга инфоқ қиламан» (Муттафақун алайҳ).
«Бу Оллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. Оллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!» (Нисо: 122).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар тонг икки фаришта (осмондан) тушиб келади. Улардан бири: «Эй Оллоҳим, инфоқ-эҳсон қилувчига эваз бергин», дейди. Иккинчиси: «Эй Оллоҳим, мумсик-бахилга талафот бергин», дейди» (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол розияллоҳу анҳуга насиҳат қилиб: «Инфоқ қилинг эй Билол, Арш соҳиби тарафидан сизга камбағаллик келиб қолишидан қўрқманг!», деганлар (Мишкотул-масобийҳ: 1885, Албоний саҳиҳ деган).
Оллоҳ таоло айтади: «Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Оллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Оллоҳ (фазлу карами) кенг ва билувчидир» (Бақара: 268). Яъни, шайтон сизни, агар молингни инфоқ қилсанг, камайиб кетади, сен ўзинг ҳам унга муҳтожсан, аввал ўзингни ўйлашинг керак, бола-чақангни ўйлашинг керак, деб, камбағалликдан қўрқитади. Ваҳоланки, Оллоҳ таоло: «Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас (Оллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқ берувчиларнинг яхшироғидир» (Сабаъ: 39), дейди, «Эй одамзот, инфоқ қил, Мен сенга инфоқ қиламан» (Муттафақун алайҳ), дейди.
Толиби илмларга нафақа бериб туриш ҳам ризқ зиёда бўлишига сабаб бўларкан. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадис бунга далил бўлади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида икки ака-ука бор эди. Улардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келар, иккинчиси эса касб-кор қилар эди. (Яъни, бирлари ўзини илмга бағишлаган, иккинчилари тирикчилик билан банд бўларди). Тирикчилик билан шуғулланувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга биродари устидан шикоят қилиб: «Ё Расулуллоҳ, у (рўзғорга) ҳеч нарса сарфламайди», деди. Шунда у зот: «Балки, сенга у сабабли ризқ берилаётгандир», дедилар». (Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ деган). Яъни, эҳтимол, сен унга инфоқ қилиб турганинг сабабли ризққа етишаётгандирсан, дедилар.
Оллоҳнинг ибодатига фориғбол бўлиш дегани ибодат пайтида қалб ғофил бўлмаслиги маъносидадир. Оллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади:
«Эй Одам боласи, Менинг ибодатимга фориғбол бўл, қалбингни бойликка тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман. Акс ҳолда, қўлингни иш билан машғул қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман» (Саҳиҳ ҳадис. Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Ҳоким ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Баъзи одамлар доим иш билан банд бўлсалар ҳам, фақирликдан қутула олмайдилар, Оллоҳ уларнинг қўлларини иш билан машғул қилиб қўйган, бироқ меҳнат қилиб, барака ва фойда кўрмайдилар, зиёндан бошлари чиқмай, қийналиб юрадилар.
Худди шу маънодаги бошқа бир ҳадиси қудсийда бироз бошқача лафзлар билан ривоят қилинади: «Эй Одам боласи, Менинг ибодатимга фориғ бўл, дилингни бойликка, қўлингни ризққа тўлдираман. Эй Одам боласи, Мендан узоқлашма, (акс ҳолда) қалбингни фақирлик билан, қўлингни эса иш билан тўлдираман».
Оллоҳга таваккул қилиш, яъни, Оллоҳгагина суяниш ва ишни Оллоҳнинг ўзига топшириш, қалбни бандаларга боғламаслик ҳам ризқ зиёда бўлиши сабабларидан саналади. Чунки, Оллоҳ таоло: «Сизлар ризқни (ёлғиз) Оллоҳ даргоҳидан истанглар» (Анкабут: 17) деб буюрди. Оллоҳга таваккул – қалбнинг халқларга боғланишдан фориғ бўлиши, ишни Оллоҳнинг Ўзига топшириш, мўл-кўлчиликни Оллоҳ ҳузуридан умид қилиш, ризқ сабабларини ўрнига келтирган ҳолда уни Оллоҳ даргоҳидан кутиш, демакдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизлар Оллоҳга ҳақиқий таваккул қилувчи бўлганларингизда эди, эрталаб оч ҳолда чиқиб, кечқурун тўйиб қайтадиган қушлар ризқланганидек ризқланган бўлур эдингиз», деганлар (Термизий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Оллоҳ таоло айтади: «Ким Оллоҳга таваккул қилса, бас, (Оллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 3). Яъни, Оллоҳнинг Ўзи унга кифоя қилади, қарзини ўтайди, очлигини кетказади.
Шубҳасиз, ризқ сабабларини ушлаш Оллоҳга таваккул қилишга зид келмайди, аксинча, у таваккул зимнига дохилдир. Акс ҳолда, таваккулнинг маъноси қолмас эди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳдан уйида ё масжидда ўтирган ва ҳеч бир иш қилмай, ризқим келишини кутаман, деган одам ҳақида сўралганда айтдиларки: "У ҳақиқий жоҳил экан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ризқим найзам соясида қилинди», деганлар". Яъни, жиҳод қилиш учун аввал қанча-қанча тайёргарликлар қилинади, куч йиғилади, сабаблари қилинади, муносиб вақти кутилади, душманга рўбарў бўлинади, жонни хатарга қўйиб, жанг қилинади ва ҳоказо, ўлжалар қўлга кириб, ризққа эга бўлинади. Ризқ найза остида деган иборанинг маъноси шудир. Демак, ризқ келиши учун унинг сабабларини қилиш зарур экан. Имом Аҳмад сўзларида давом этиб, дедилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизлар Оллоҳга ҳақиқий таваккул қилувчи бўлганларингизда эди, эрталаб оч ҳолда чиқиб, кечқурун тўйиб қайтадиган қушлар ризқланганидек ризқланган бўлур эдингиз», деганлар».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туясини боғламасдан, Оллоҳга топшириш ҳақида сўраган кишига: «Туянгни боғлагин ва кейин таваккул қилгин», деганлар (Термизий ривояти).
Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Таваккулнинг ҳақиқати – қалб ягона Оллоҳнинг Ўзига суянишлигидир. Сабабларни қилиш – модомики қалб уларга суяниб қолмаса – таваккулга зарар етказмайди. Шунингдек, тил билан «Оллоҳга таваккул қилдим» деб, қалб эса Ундан бошқага суянса, бу таваккулнинг фойдаси бўлмайди. Тил билан айтилган таваккул бошқа, қалбнинг таваккули бутунлай бошқа нарсадир. Киши қалби Оллоҳдан бошқага боғланиб туриб: «Оллоҳга таваккул қилдим», дейиши гўё бир гуноҳни қилишда давом эта туриб, тили билан «Оллоҳга тавба қилдим» дейишига ўхшайди» (Ал-фаваид: 94-б).
Яна айтадилар: «Саҳиҳ ҳадисларда касалликни туширган Зот унинг давосини ҳам туширган экани айтилиб, даволанишга буюрилади. Очлик, ташналик, иссиқ ва совуқни уларнинг зидди билан даф қилиш таваккулга зид келмагани каби даволаниш ҳам унга зид келмайди. Аксинча, тавҳид ҳақиқати Оллоҳ ишлар учун белгилаб қўйган сабабларни бевосита қилиш билан барпо бўлади. Сабаблардан юз ўгириш таваккулга ва шу билан бирга ҳикматга ҳам зиддир» (Зодул-маъад: 4-15-с).
Ризқ зиёда бўлиши сабабларидан яна бири тавқодир. Тақвога уламолар Оллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига тўла бўйсуниш, Унинг ғазаби ва азобидан сақланиш, деб таъриф берганлар. Бинобарин, ўз нафсини гуноҳлардан сақловчи ва шаръий вожибларни адо этувчи киши Оллоҳга тавқо қилувчи саналади. Тақвонинг ризқ зиёда бўлишига алоқаси борлигига қуйидаги оятлар далил бўлади: «Ким Оллоҳдан тақво қилса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни(пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2, 3). Яъни, ким Оллоҳ буюрган ишларни қилса ва У қайтарган ишлардан тийилса, Оллоҳ унинг муаммоларига ечим пайдо қилади ва унга ўзи кутмаган томонидан ризқ ато этади. Бунга далил бўлувчи воқеа ва ҳодисалар ҳаётда жуда кўп. Бироқ, ибрат олиб, тақво қилувчи кишилар кам. Гуноҳларга қўл урадиган, қайтариқлардан ўзини тиймайдиган кишилар кўп. Оллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қарашади, Оллоҳ ҳаром қилган нарсаларни эшитишади, Оллоҳ ҳаром қилган ишларга қадам қўйишади, кейин яна ризқлари танглигидан нолишади, иш тополмасликдан шикоят қилишади. Биз уларга айтамизки, Оллоҳдан тақво қилинглар, Оллоҳ сизларга ризқ йўлини очиб қўяди. Оллоҳ таоло айтади: «Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли ушладик» (Аъроф: 96).
Эй Оллоҳнинг бандалари! Оллоҳнинг шариатини татбиқ қилиш одамларга ризқ ҳосил бўлишига энг катта сабаблардан биридир. Оллоҳ таолонинг қуйидаги ояти бунга далил бўлади: «Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (ердан) ҳам ризқланган бўлур эдилар» (Моида: 66). Яъни, улар ўзларига самодан нозил қилинган нарсага – Оллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига амал қилганларида, Оллоҳнинг шариатини ҳаётларига татбиқ қилганларида ва уни ўзларига ҳакам қилганларида эди, осмондан ҳам, ердан ҳам ризқланган бўлар эдилар. Демак, шариатни ҳаётга татбиқ қилиш фаровонлик ва мўл-кўлчилик омилларидан бири экан.
Ҳалол ризқ зиёда бўлишининг энг катта сабабларидан бири истиғфор ва тавбадир. Истиғфор айтиш (Оллоҳга истиғфор айтаман – гуноҳларимни кечиришини сўрайман деб айтиш) ва гуноҳларга тавба қилиш Қуръон ва Суннатда кўп зикр қилинган улуғ ишлардан саналади. Оллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом тилларидан зикр қилади: «Мен дедимки: «Парвардигорингиз(Оллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12).
Уламолар ушбу оят тафсирида айтадиларки, агар Оллоҳга рост тавба қилсангиз ва чин дилдан истиғфор айтсангиз, Унинг тоатида давомли бўлсангиз, Оллоҳ таоло сизларнинг ризқингизни зиёда этади, самодан баракотлар ёғдиради, ердан баракотлар ундиради, экин-тикинларингиз ҳосили мўл бўлиб, чорваларингиз кўпаяди, мол-мулк ва бола-чақалар ато этади.
Тавба ва истиғфор масаласи жуда катта масаладир. Бир киши Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳузурларига қурғоқчиликдан шикоят қилиб келди. У зот уни истиғфор айтишга буюрдилар. Бошқа биров фақирликдан шикоят қилиб келган эди, унга ҳам истиғфор айт, дедилар. Яна бир киши келиб, дуо қилинг, Оллоҳ менга фарзанд ато этсин, деган эди, уни ҳам истиғфорга буюрдилар. Яна бир киши боғининг камҳосил бўлиб қолганидан шикоят қилганида уни ҳам истиғфор айтишга буюрдилар. Шунда у кишига айтилдики, одамлар сизнинг ҳузурингизга ҳар хил шикоятлар билан келди, сиз эса ҳаммасини бирдек, истиғфор айтишга буюрдингиз. Ҳасан Басрий жавоб бердиларки, мен ўзимдан бирон нарса айтмадим, Оллоҳ таоло «Нуҳ» сурасида айтган сўзларни эслатдим: «Парвардигорин- гиз (Оллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12).
Эй Оллоҳнинг бандалари! Ким кўп истиғфор айтса, Оллоҳ таоло албатта унинг ғамларига кушойиш беради, қийинчиликларини аритади, ўзи кутмаган томондан ризқлар ато этади.
Кўпчилик одамлар тилда истиғфор айтишади, бироқ, диллари истиғфордан ғофил қолаверади. Айримлар тавба қилдим деб айтганлари ҳолда, ўша гуноҳда яна давом этаверади, гуноҳдан тийилганлари эса ўтган ишларига надомат қилмайди, аксинча, ўша гуноҳ ишларини ширин энтикиш билан эслаб, қанийди ўша кунларга яна қайтиб қолсам, деб орзу қилади. Бундай одамларнинг истиғфори тил учида, тавбаси ёлғондир. Баъзи одамлар гуноҳларга кўмилиб юрса ҳам ризқлари кенг-мўл бўлишига сабаб – Оллоҳ таоло уларни гуноҳлари яна-да зиёда бўлиб, жазоси ҳам шунга яраша бўлиши учун қўйиб берган бўлади.
Оллоҳ таолодан умрларимизни Унинг тоати узра узайттиришини, ризқларимизни кенг-мўл қилиб, уларни бизга Ўзининг тоати учун мадад қилишини сўрайман.
Ушбу сўзларни айтар эканман, ўзим учун ва сизлар учун Оллоҳга истиғфор айтаман, сизлар ҳам У Зотга истиғфор айтингиз, У тавбаларни қабул қилувчи, раҳмли Зотдир.
Бизларга ато этган инъом-эҳсонлари учун Оллоҳга ҳамду санолар, берган тавфиқ-у марҳаматлари учун шукрлар бўлсин.
Гувоҳлик бераманки, бир ягона Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, ризқ фақат Унинг тарафидан келур.«Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Оллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур» (Ҳуд: 6). Осмонлар-у ерни яратишдан олдин ризқларни ёзиб қўйгандир, ҳар бир одам фарзандининг ризқини ҳали туғилмасидан битиб қўйгандир.
Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли асҳобига ҳамда то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга Оллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
Оллоҳнинг бандалари! Юқорида айтганларимиз ризқ талаб қилишнинг баъзи шаръий сабаблари эди.
Ризқ талаб қилишнинг ношаръий сабаблари ҳам борми?
Ҳа, бор. Бўлганда ҳам жуда кўп. Тирикчиликнинг ҳаром йўллари кўпайиб кетгани замонамиз инсонлари бошига битган бало бўлди, десак адашмаган бўламиз. Қаёққа қараманг, ҳаром йўлларга дуч келасиз, ҳалол-пок йўлларни топишга қийналасиз. Лекин, «Ким Оллоҳдан тақво қилса, У зот унинг учун чиқар йўлни қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2, 3).
Ҳаром йўл билан ризқ топиш йўллари кўп; ўғирлик, судхўрлик, босқинчилик, порахўрлик, пул эвазига бировларнинг ўртасига тушиб, ишини битириб бериш каби. Яъни, масалан, беш минг берсанг, мансабингни кўтартириб бераман, ёки яхши иш топиб бераман, ёки ўғлингни (қизингни, келинингни ва ҳоказо) олийгоҳга киритиб қўяман, олийгоҳни битирган бўлса, яхшироқ ишга жойлашишга ёрдам бераман ва ҳоказо.. Бундай қилиш шаръан мумкин бўлмаган ишдир. Чунки, бунинг ортидан жуда кўп қобилиятли ва лаёқатли кишилар эгаллашлари керак бўлган иш ўринларига ноқобил кимсалар эга чиқишади ва ҳақдор кишиларга зулм қилган бўлишади.
Баъзилар судхўрликка аралашишади, фойиз эвазига қарз олиб, айрим лойиҳаларни амалга оширишади, кейин бу ҳаром ва ботил ишларини оқлаш учун «Биз ҳам фойда кўрдик, мамлакат ҳам фойда кўрди» дейишади. Биз айтамизки, йўқ, бу ишинг фойда эмас, аксинча, бараканинг кетишига, хароб ва вайроналик келишига сабабдир. Гарчи пул-молнинг сони ва миқдори кўпайган бўлса ҳам, аслида саҳиҳ ҳадисда келганидек: «Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати албатта озайишга қайтади» (Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Ризқ талаб қилишнинг ҳаром ва ношаръий йўлларидан бири кейинги пайтларда янги пайдо бўлган ва ҳозирда анча кенг ривожланиб бораётган «тармоқли маркетинг» ёки «молиявий пирамида» деб аталган иш бўлиб, у асосан алдов ва фириб асосига қурилгани учун кўп уламолар томонидан ҳаром деб эълон қилинган.
Бу каби ишлар одамларнинг молларини ботил йўл билан ейиш ва ўзгалар мулкига нисбатан зулм бўлгани учун уламолар уни одамлар ўтасини бузадиган шайтоний амаллардан санаб, Оллоҳ таолонинг мана бу сўзлари остига киради дейдилар: «Эй мўминлар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!» (Моида: 90).
Эй Оллоҳнинг бандалари, ризқнинг ҳаром ва ношаръий йўлларидан узоқ бўлингиз, шубҳалардан ўзингизни тоза-пок тутингиз. Оллоҳдан тақво қилингиз, молларингизни ҳаромдан сақлангиз.
Оллоҳ таолодан ҳар биримизни ҳалолдан касб-кор қилишга ва ризқимизни ҳалолдан топишга муваффақ қилишини сўраймиз.
Эй Оллоҳим, фақир-мискинларга ризқ йўлларини очгин.
Эй Оллоҳим, бизларни бировлар қўлига қарам бўлиб қолишдан ва бандаларингга муҳтож бўлиб қолишдан Ўзинг сақлагин.
Эй Оллоҳим, бизларни Ўзингга таваккул қилувчилардан ва Сенга қайтувчилардан қилгин, барчамизнинг гуноҳларимизни кечиргин.
Барча ҳамду санолар оламлар Парвардигори Оллоҳга хосдир.